Адвокат мижозини ИИБ биносидан қидириб юрибди. Масъуллар жим! Ажаб...
Ҳали Фарғонадаги можаронинг ҳовури пасаймай, Намангандан хабар келди. У ерда ҳам адвокат ўз ҳимоясидаги шахсни ИИБдан қидириб юрибди...
Наманган шаҳридаги «SOLIDAITY» адвокатлик ҳайъати адвокати Лазиза Тўхтамуродованинг айтишича, у беш кундан бери номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган ҳимоясидаги шахс билан учрашиш мақсадида кеча — 27 февраль куни Поп туман ИИБга бориб, адвокатлик ордери ва тегишли ҳужжатларни тақдим этган. Аммо қўриқлаш бўлимининг 1-постида унга бунақа фуқаро рўйхатда йўқлигини айтишади. Навбатчилик қисмида ҳам шу жавобни олади.
Шундан сўнг адвокат ўзини «Сардор» деб таништирган ходим қидирилаётган фуқаронинг онасига қўнғироқ қилиб, ўғли шу ердалигини (яъни, Поп тумани ИИБ биносида) айтгани ҳақида гапириб, раҳбарият билан учраштиришларини талаб қилади. Бунга жавобан унга ИИБ бошлиғи ҳам, ўринбосари ҳам йўқлигини таъкид этишиб, кутиб турса «Умиджон» деган яна бир ўринбосар қабул қилишини билдиришади.
— Бир соат ташқарида — ёмғирда турдим, ҳаво совуқ, — дейди адвокат. — Қарасам ҳеч нима ўзгармайдигандек. Кейин мен уларга: «Тушунмадим, нега мен бу ерда турибман? Фуқаролар-ку, майли, мен адвокатманку, нега қабул қилмаяпти?» десам, менга: «Ана, ўтиб кетдику?» дейишди (сал олдинроқ формадаги одам ўтиб кетганди олдимдан)...
Ўша шахс машинасига ўтираётган эди, чопиб бориб, автоуловининг ойнасини тақиллатдим: «Мен Тухтамуродова Лазизаман, адвокатман. Сизнинг олдингизга келгандим, битта шахс керак эди. Менга йўқ дейишяпти, шу ердан телефон бўлганди», дедим. У эса менга селекторга бориши кераклигини иддао оҳангида айтди-ю ке-етди...
Яна ИИБ биноси остонасига қайтиб, раҳбариятдан ким бор-йўқлиги ва қайси мансабдор билан учрашишим лозимлигини такрор сўрадим.
Яна кутиб туришим айтилди. Яна бир соат вақтим ҳавога совурилди (камералар ҳаммасини ёзгандир?).
Ниҳоят, «Ички ишлар вазирлигига шикоят қиламан», деганимдан сўнг мени тергов бўлими бошлиғи қабул қилишини айтишди. Равшанжон деган одам экан (фамилияси Абдураҳимов менимча).
Тегишли хона йўлакчасида яна 15 дақиқа кутишимга тўғри келди. Ниҳоят, масъул ходим билан кўришиб, беш кундан бери ҳимоямдаги шахс қайси қонуний асосга кўра ушлаб турилгани ҳақида ёзма мурожаат топшириб, унга ордер нусхасини илова қилдим. Ва мурожаатнинг бир нусхасига қабул қилгани ҳақида имзо қўйиб беришини сўрадим. У бўлса: «Йўқ, мен қилолмайман, бошлиқлардан сўрашим керак!» деса бўладими?!
Шу тариқа кеч тушди, пешиндан бери уринишларим натижа берса, қани?!
Хонага ИИБ ходимларининг бири кириб, бири чиқади. Аниқ гап йўқ...
Бирдан қўл телефоним жиринглади. Қўнғироқ қилаётган Наманган вилояти ИИБдан экан. Ўзини тергов бўлими бошлиғи ўринбосари эканини айтган шахс: «Лазиза... бизнинг ишимиз (жиноятимиз) очилай деб турибди, бизга халақит бермай туринг» деди. Тушунмадим, мен нима қилиб халақит беряпман?
Телефондаги масъул «ишни сурди-сурди қилмай туришим»ни сўради. Мен унга: «Мен мижозимни кўрай, аҳволи билай, уни нима асосида ушлаб турганингларни айтинглар», дедим.
Яна аниқ гап йўқ. Суҳбат узилди.
Тергов бўлими бошлиғининг хонасида ўтира-ўтира (мени хонада ёлғиз қолдириб чиқиб кетишганди) ташқарига чақсам, ҳеч ким йўқ: ҳаммаси беркиниб олгандай гўё....
Ноилож, учинчи қаватга чиқдим. Чиқсам, ҳаммаси питир-питир қилди денг. Назаримда, мен қидираётган шахс шу ерда-ю, уни қайсидир хонага яширишаётгандек... Шу пайт бир ходим менга қараб «бу киши адашиб қолибди-ку», деди одамнинг устидан кулгандек қилиб.
Ҳеч ким чурқ этмади.
Туман ИИБ биносидан чиқиб, прокуратурага бордим. «Ҳаммаси ИИБ биносидаги камерага ёзилган бўлиши керак, тасвирларни кўтариб, масалани қонуний ҳал қилиб беришингизни сўрайман», деб аҳволни баён қилганча шикоят ёздим. Лекин прокурор ҳам, ўринбосари ҳам йўқ экан. Шикоятимни ёрдамчи прокурор олиб, «кўриб чиқамиз» деди қуруққина. Мен унга «Бу тезда кўриладиган масала, чунки, бир фуқаро беш кундан бери ушлаб турилибди!» дедим. «Прокурор йўқ, келса маслаҳатлашамиз», деди у...».
Адвокатнинг қўшимча қилишича, туман ИИБ биноси ёнида фуқаронинг онаси билан кўришган. Онаизор бир неча кундан бери шу ерда ўтирганини айтиб, жумладан шундай деган: «Битта гап айтишмайди, йиғлайверганимдан ниҳоят, бугун — соат 10 да ўғлимнинг олдига олиб киришди (унинг ичкарига киргани тегишли журналга қайд этилган бўлса керак, қолаверса, камера ҳам ишлаб турибди, тасвирга тушган бўлиши лозим — адвокат изоҳи). Олтинчи қаватга кўтарилганда чап томонда зал бор экан. Ўғлимни кўрдим: кийимлари йиртилиб кетган, ўзи бир аҳволда, калтаклангани эҳтимоли юқори... Болам ерга қараб, қалтираб турибди! «Бўпти онажон!» деб йиғлади, холос. Бошқа гап айтмади. Ходимлар эса «Мана, ўғлингиз тирик, ўлгани йўқ. Айби йўқ бўлса, қўйиб юборамиз» деди».
Манбамизнинг маълум қилишича, Ўзбекистон адвокатлар Палатаси ва унинг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси айни ҳолатни назоратига олиб, тегишли чоралар кўришга киришган.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз...
P.S. Дарвоқе, адвокат ички ишлар бўлимидаги камераларнинг 27 февралдаги ёзувлари қасддан ўчириб юборилишидан хавотирда бўлиб, шу масалани ҳам эслатиб ўтишимизни илтимос қилди. Мана, биз эслатдик, қолгани мутасаддиларга тан. Агар тасвирларни хоҳлаган пайтда ўчириб юборавериш мумкин бўлса, видеокамералар ўрнатилишидан мантиқ ҳам йўқ, аслида...
(«Advokat» журнали ва «Xabar.uz» портали қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланди).
5 изоҳлар
1.Абдурахмон
Адвокатлар хам доим камера билан ишлаши керак
2.Абдурахмон
Тугри адвокатлар доим камере билан ишлаши керак
3.Адам
Кузайнакли камера олиб тасвирга тушириб халкга курсатиш лозим. Шунда халк рахбарлар ни айбини ошкор килиб бартараф килади. Минбарда бошка суз амалда бошка буляпти.
4.Yusuf
Advokatlarga xam bodi kameralar berish kerak Shunday qonun buzarlik xolatlarini isbotlash uchun zarur kerakli tasvirlarni kerak vawtda topa olmay qolasiz Diktafon yashirin kameralar bilan taminlanadigan vaqt kelmadimikin balkim
5.Yusuf
Bunday xolatlar xali xamon davom etishi Bu o'ta achinarli xolat Yangi O'zbekistonning imijiga dog' tushirmoqda Bunday xolatlar minglab milyonlab sodir bo'ladi IIB Xodimlari Ichku Ishlari Xodimlari tog'risidagi qonunni yaxshilab o'wib mazmunini anglab yetishlari lozim IIBga wonunlarni chetlab o'tishga ruxsat berilganmi deb o'ylab wolasan bazan IIB ish faoliyatlarini qonuniy olib borishyotgan bo'lsa nimadan qo'rqishadi Nega qonun posponlari bo'laturib Qonunlarni ko'r ko'rona qo'llashadi
Изоҳ қолдириш