Адвокат интервью бераётиб эҳтиёткорлик қилдими?



 
  Расм манбаси : Kun.uz

“Ички ишлар вазирининг берган маълумотига кўра, терговда ғайриинсоний қийноқларга солиш буткул йўқотилган дея айтилмоқда. Бу сизнинг тажрибангизда қанчалик даражада ўз исботини топмоқда?” деган саволга Адвокат Амирилло Аҳмедов “Бу жараён олдин бўлмаган деб айта олмаймиз. Шахсан ўзимнинг тажрибамда бу бўлган”, дея бу каби воқеалар гўё тарихда қолгандек жавоб берибди. Эҳтимол, қўлида аниқ факти бўлмаган адвокат сифатида унинг бу жавоби ўринлидир. Аммо, синчков ўқувчининг наздида бу “эҳтиёткорлик” бўлиб туюлган бўлса ҳам ажаб эмас. Зеро, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиевнинг Сенатга берган ҳисоботидан ҳам кўриниб турибдики, биргина 2018 йилнинг ўзида Омбудсманга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётганларга ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чораларини қўллашлари билан боғлиқ 101 та шикоят келиб тушган ва бу кўрсаткич 2​017 йилга солиштирганда 4,2 бараварга кўпдир. Албатта бундай ўсишни қийноқларнинг кўпайиши сифатида баҳолаш тўғри бўлмаслиги мумкин. Балки Омбудсманга ва мамлакатда адолат қарор топишига бўлган ишончнинг ошиши туфайли қийноқлар ҳақида шикоят ёзиб ўз ҳуқуқларини тикламочи бўлганлар кўпайгандир. Аммо, нима бўлганда ҳам, бу факт ҳали “терговда ғайриинсоний қийноқларга солиш буткул йўқотилган” деган хулосага келиш учун эрта эканлигини кўрсатади. Зеро, шу боис ҳам унга қарши курашиш механизмларини яхшилаш мақсадида Омбудсманга янги ҳуқуқлар берилиши масаласи кун тартибига чиқди.

Албатта бу билан биз адвокатга қандайдир иддао қилмоқчи эмасмиз. Ҳар ким ўзи тўғри деб билгандек жавоб беришга ҳақли. Қолаверса, у Kun.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб бераётиб ўта жиддий муаммоларни ҳам эътироф этган. Мана улардан айримлари:

Мухбир: Бизга мурожаатларнинг орасида адвокатлар томонидан юбориладиганлари ҳам бор. Бу мурожаатлар асосан процессуал камчиликлар, муддатлар бузилиши ҳақида. Вақтида бунга одатий ҳол сифатида қаралган. Ҳозирги кунда бу масалада давлат органлари қандай ишламоқда?

Адвокат: Бундай камчиликларга йўл қўйилмайди, деб айта олмайман. Процессуал муддатларни бузилишида нафақат қонунларнинг яхши ишлаши, балки ўша процессуал масалалар иштирокчиси, айтайлик, терговчи ўз ишида, ўз устида яхши ишлаши керак. Судда раислик қилувчи ишни яхшилаб ўрганиб чиқиш керак. Ҳар битта судланувчининг ҳаракатларига қонунан баҳо бериш керак. Бу уларнинг бевосита вазифаси. Шу ўринда, дастлабки терговнинг муддати ҳозирда 7 ой қилиб белгиланган. Бунга баъзи терговчиларнинг амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Мана шу механизмни соддалаштиришни ўйлаб кўришимиз керак. Тўғри, қонунчилигимизда белгилаб ўтилган. Лекин, сунъий равишда тўхтаб турилишини бартараф этиш учун механизмларни ўйлаб чиқиш керак, назаримда.

Мухбир: Қонунда шундай ҳолатлар мавжудки, бу коррупцияга йўл очади. Халқ тилида айтганда «қонундаги лазейкалар»га мисоллар келтира оласизми?

Адвокат: Халқ тилида «лазейкалар» дейилувчи мавжуд. Масалан, оғир жиноят туркумидаги жиноятларда санкция, яъни жазо муддатларини мисол қилишимиз мумкин. Уларда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Судьяга бу кенг ҳуқуқлар тақдим этади. Судья хоҳласа 5 йилдан 10 йилгача хоҳлаган муддатини (5,6,7,8,9,10) тайинлаши мумкин. Бу коррупцияга сабаб бўлиши мумкин. Тўғри, суд кўриб чиқиб хулоса қилиши мумкин. Бу аниқлаштирилиши лозим.

Ўйлаймизки, бу каби асосланган мулоҳазаларнинг ўзи адвокатнинг салоҳиятидан дарак беради. Демак, у қийноқлар масаласида ички ишлар вазири баёнотига қарши гапиришга шунчаки истиҳола қилган бўлса ҳам ажаб эмас.

2019-03-04 00:49:14  |  2005 |   0  | 

1 изоҳлар

Тахлиллар шуни курсатмокдаки, суриштирув ва терговда гумонланувчиларни гайриинсоний кийнокларга солиш (хам жисмоний, хам рухий азоблар назарда тутилмокда) хали-хануз давом этмокда. Буни куплаб сабаблари бор. Шулардан бири ва энг асосийси суриштирувчи ва терговчининг хукукий маданияти пастлиги, шунингдек профессионал ходим сифатида сабр-токатнинг етишмаслигидир. Шундай булмаганда эди, улар гумонланувчи еки айбланувчининг курсатмалар беришдан бош тортиш еки елгон курсатмалар бериш хукуки борлигини билмайдиларми??? Ахир, уларнинг профессионал ходим сифатидаги асосий вазифаси, керак булса шарафли бурчи- етарли исбот-далилларни туплашдан иборат эмасми??? Шундай экан бу егини узингиз тушуниб олган булсангиз керак. Еки шундай эмасми?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация