Республика мулки объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулки (муниципал мулк) объектларини оқилона ва самарали бошқариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 213-215-моддаларига мувофиқ:
оммавий мулк республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат;
республика мулки ва муниципал мулк қандай мол-мулклардан иборат бўлиши бўйича устувор қоидалар ўрнатилган;
республика мулкини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тасарруф қилади;
муниципал мулкни, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этиши белгиланган.
Ҳужжат билан республика мулки объектлари рўйхати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар муниципал мулк объектлари рўйхати ҳамда туман (шаҳар) муниципал мулк объектлари рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси республика мулкини хатловдан ўтказиш ва ҳисобини юритиш ҳамда уларни оқилона ва самарали бошқаришни (хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва бошқариш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан юритиладиган мол-мулк бундан мустасно) таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Ҳудудларда эса ушбу ваколат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига берилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 апрелга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика мулки объектларини тўлиқ хатловдан ўтказади ва уларнинг ягона электрон базасини шакллантиради ҳамда доимий янгилаб борилишини таъминлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишинча муниципал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказади ва уларнинг ягона электрон базасини шакллантиради ҳамда доимий янгилаб борилиши.ни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси:
2019 йил 15 февралга қадар кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотлар базасида мавжуд бўлган давлат объектлари бўйича маълумотларни умумлаштириб, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказилишини таъминлайди;
2019 йил 1 мартдан бошлаб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига оммавий мулк билан боғлиқ битимлар тузилганда мазкур мулкларнинг айнан республика ёки муниципал мулкка тегишлилиги тўғрисидаги маълумот киритилишини таъминлайди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш