Ўзгаларнинг 4,5 млн сўмлик трафигини ўғирлаган хакер 2,5 йил ахлоқ тузатади
Андижонлик 20 ёшли йигит 24 нафар маҳалладошининг логин-пароллари билан тармоққа кириб, 7 ой давомида уларнинг 4 млн 471 минг сўмлик мегабайтларини сарфлаб юборган
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида ўзига тегишли компьютер ёрдамида 24 нафар фуқаронинг логин ва паролини бузиб, интернет трафикларидан фойдаланган 20 ёшли А.Д.га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Улуғбек Жўраевнинг маълум қилишича, 1998 йилда туғилган фуқаро А.Д. 2016 йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар ўзининг компьютери ёрдамида Андижон шаҳри, Ёрбоши маҳалласида яшовчи 24 нафар фуқаронинг логин ва паролини бузиб, уларнинг интернет трафигидан фойдаланган ва жами 4 миллион 471 минг сўмлик мегабайтларни яширин равишда талон-тарож қилган.
– Коллежни битириш арафасида олий таълим муассасасига кириш учун тайёрланиш мақсадида интернетдан фойдаланиш зарурати туғилди, – дейди судланувчи А.Д. – Аввалига ўзим трафик олиб ишлатдим, бироқ у ҳеч қанчага етмади. Кейин турли паролларни териб, бировларнинг интернет тизимига уланишга ҳаракат қилиб кўрдим. Натижа берди. Кейин ҳеч ким билмаяпти деб, уланишда давом этавердим Бу ишни ёмон ниятда қилмаганман. Қилмишимдан пушаймонман, барчадан узр сўрайман.
Суд А.Д.ни Жиноят Кодексининг 169-моддаси, 3-қисми «а» ва «б» (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; компьютер тизимига рухсатсиз кириб содир этилган ўғрилик) бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга ҳар ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 6 ой 18 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш