Давлат мулки фақат электрон аукцион орқали сотилади ва ижарага берилади



 
  Расм манбаси : Norma

Тошкент вилоятида ўтказилган эксперимент айрим ўзгартишлар билан бутун республикада татбиқ этилади

Президентнинг 2019 йил 19 февралдаги фармони билан давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор янгиликлар жорий этилди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.

2018 йилда Тошкент вилоятида эксперимент ўтказилиб, унинг доирасида давлат кўчмас мулки фақат «E-IJRO AUKSION» орқали сотиш (10 майдан) ва ижарага бериш (1 июлдан) йўлга қўйилган эди.

Norma’нинг ёзишича, Фармон билан энди ушбу тартиб бутун мамлакатда, бироқ муайян ўзгартиришлар билан қўлланилади.

Биринчидан, ваколатли давлат органлари қарорлари бўйича сотилган давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.

Иккинчидан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади. Бунда ижара тўловининг энг кам ставкаси объектни балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш мақсадида кўрсатилган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади.

Минтақавий ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг мурожаатидан сўнг 2 ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларнинг тасарруфидаги ҳудудда жойлашган, республика давлат бошқаруви органларига бириктирилган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) ижарага бериш таъминланмаган тақдирда, ушбу объектларни тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 1 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қонунчиликда назарда тутилган балансда сақловчилар учун ажратмалар тегишли маҳаллий бюджетга йўналтирилади.

Учинчидан, Давлат тендер комиссиясига (таркиби Фармон билан тасдиқланган), истисно тариқасида, хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари (улушлари) пакетларини сотишга рухсат берилди. Бунинг учун олди-сотди шартномаларини қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказган ҳолда танлов ўтказилади ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилади.

Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади.

Эркин айирбошланадиган валютада сотиш учун савдога чиқарилган ва савдода турган давлат акциялари пакетлари савдолардан олинади, уларнинг миллий валютадаги қиймати аниқланган ҳолда қайта баҳоланади ва миллий валютада такрорий савдоларга чиқарилади.

«Ноль» харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди.

2019-02-22 16:25:43  |  2363 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация