Фермернинг ўзини ўлдиришига МИБ айбдорми?..



 
  Расм манбаси : Sof.uz

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги «С.Б.» фермер хўжалиги раҳбари С.Б. 6 ноябрь куни ўз жонига қасд қилган эди. Хабарларда бунга МИБ томонидан фермернинг мол-мулки, банкдан олинган кредитлар юзасидан 280 млн сўмлик қарздорлик ҳисобига мусодара қилингани сабаб қилиб кўрсатилган

Ўтган ҳафталарда ижтимоий тармоқларда жиззахлик 33 ёшли фермер банкдан катта миқдорда қарздор бўлиб қолгани ва белгиланган муддатда қарзни қайтара олмагач, ўз дўконида ўзини осиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалган, бунга МИБ томонидан фермернинг мол-мулки мусодара қилингани сабаб қилиб кўрсатилганди.

Kun.uz нашри Ўзбекистон Бош прокуратурасимаълумотларига таяниб, ушбу воқеа тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, фермер 6 ноябрь куни соат 11:00 атрофида ўз хонадонига қўшимча қурилган омборхонада ўзини осган. Унинг жасади 8 ноябрь куни топилган.

Суд-тиббий эспертизанинг 19 ноябрдаги хулосасига кўра, унинг ўлимига «бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида механик асфикция» сабаб қилиб кўрсатилган.

Бош прокуратура ахборотида маълум қилинишича, фермер 2017 йил ҳосилдорлиги учун «Агробанк» туман филиалидан 104,6 миллион сўм имтиёзли кредит олган ва бу кредит бўйича 58,1 миллион сўм қарздорлиги бўлган.

Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2017 йилнинг декабридаги ҳал қилув қарорига кўра, фермерлик ҳисобидан банк фойдасига 58,1 миллион сўмни ундириш белгиланган.

2018 йилнинг январь ва февраль ойларида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ушбу қарздорликни тўлаш бўйича дастлабки огоҳлантиришлар берилган, қарзни тўлаш учун 5 кунлик муҳлат берилган, бироқ қарздорлик ёпилмаган.

МИБ вилоят бошқармаси бошлиғининг 2018 йилнинг 20 октябрдаги буйруғига асосан 27 октябрь куни бюронинг Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Ш.М. ва О.К. Баратовнинг уйига холислар Д.Я. ва Д.Н. билан бирга борган ва қарздорнинг уйидан онаси Г.Б. иштирокида ўлчами 3х4 метр бўлган бир дона гиламни далолатномага асосан расмийлаштириб, олиб кетган (бироқ бу гилам банкдан қарздор фермер хўжалиги балансида бўлмагани аниқланиб, 8 ноябрь куни, С.Б.нинг жасади топилган куни қайтариб берилган).

Бундан ташқари, С.Б. 2018 йил ҳосилдорлиги учун «Агробанк» туман филиалидан 271,6 миллион сўм кредит олган ва бу кредит бўйича 220,1 миллион сўм қарздор бўлган.

Ушбу қарздорлик юзасидан суд 24 октябрь куни фермерлик ҳисобидан «Агробанк» туман филиали фойдасига 220,1 миллион сўмни ундириш бўйича қарор чиқарган.

Мазкур қарорга асосан МИБнинг Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Т.Н. ва Х.М. 5 ноябрь куни С.Б.нинг уйига келган, фермернинг ўзи уйда йўқлиги боис, унинг онаси Г.Б.га қарздорликни тўлаш бўйича тушунтириш берилган. Бу сафар унинг уйидан ҳеч нарса олиб кетилмаган.

Интернетда тарқалган хабарларда фермер ўз жонига қасд қилишига МИБ томонидан мол-мулки мусодара қилингани сабаб қилиб кўрсатилгани боис, МИБ ходимларининг марҳум фермернинг уйида ўтказган ижро ҳаракатлари қонунийлиги прокуратура томонидан алоҳида ўрганилган ва ҳозирча, қонун нормалари бузилгани аниқланмаган. Шу билан биргаликда, бу борадаги текширувлар ҳали ҳам давом этмоқда.

«Бундан ташқари, терговга қадар текширишда, «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 28.02.2018 йилдаги 3574-сонли Президент Қарорининг 3-бандида белгиланган пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг 2018 йил 1 январь ҳолатига қарздорликларини тўлаш муддати 3 йилга узайтирилиши ҳақидаги талаблари ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя қилинганини ўрганиш мақсадида МИБ Жиззах вилояти бошқармасига хизмат текшируви тайинланган.

Ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, 3574-сонли Президент Қарорида 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг ҳосил бўлган қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилгани кўрсатилгани, қарор билан фермер хўжаликларининг банк олдидаги қарздорлигини тўлаш муддати кечиктирилмагани, ҳар иккала ижро иши юзасидан давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қонун нормалари бузилгани аниқланмаган», дейилади хабарда.

С.Б.нинг онаси Г.Б.нинг маълум қилишича, МИБ ходимлари уларнинг хонадонига икки марта келган, ҳар икки ҳолатда ҳам марҳум ўғли уйда бўлмаган. Онанинг қўшимча қилишича, МИБ ходимлари томонидан руҳий ё жисмоний тазйиқ ўтказилмаган, фақат бир марта – 27 октябрь куни бир дона гилам олиб кетилиб, у ҳам 8 ноябрь куни қайтариб берилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу ҳолатни марҳум фермернинг отаси, укаси ва турмуш ўртоғи ҳам тасдиқлаган.

«Ҳозирда терговга қадар текширув Дўстлик туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Терговга қадар текшириш ҳаракатларининг бориши 1 ойга узайтирилган.

2018-11-26 12:49:16  |  2355 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация