Самарқандда бир неча шахсдан қарийб 26 кг гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди



 
  Расм манбаси : zamin.uz

23,4 килограммдан ортиқ афъюн ва 2,4 килограммдан зиёд героин

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддалари билан савдо қилиш тармоғи фош этилди. Ушбу жиноят тўри Самарқанд вилоятининг Тожикистон билан чегара яқинидаги туманларида аниқланган. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб “Халқ сўзи” хабар берди.

Ургут тумани “Жартепа” халқаро ўтказиш пункти яқинидаги Муғол қишлоғида ўтказилган тезкор тадбир чоғида 1,5 килограмм афъюнни сотаётган пайтида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент тумани Бостондех қишлоғида яшовчи Умид Ҳасанов ва харидор — ургутлик Қобил Ахатов ушланган.

Терговолди тадбирлари давомида Умид Ҳасановнинг таниши бўлган Тайлоқ туманилик Сайфулло Шодиевнинг уйида тинтув ўтказилган. У ердан 12,4 килограмм афъюн топилиб, мусодара қилинган.

Қўзғатилган жиноят иши доирасида Сайфулло Шодиевнинг таниши Шуҳрат Мустафоқулов ҳам қўлга олинган. Унинг отасининг уйига 8,3 килограмм афъюн ва 2,3 килограмм героин яширилган экан. Тезкор ходимлар наркодилер мижозларидан бири Акмал Исломовнинг уйидан ҳам 1,2 килограмм афъюн ва 70 грамм героин топишди. У мазкур гиёҳвандлик моддаларини олдинроқ Шуҳрат Мустафоқулов ва Сайфулло Шодиевдан сотиб олгани айтилмоқда.

Олиб борилган тадбир давомида жами 23,4 килограммдан ортиқ афъюн ва 2,4 килограммдан зиёд героин мусодара этилган.

2019-03-14 21:28:08  |  2446 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация