Суд мажлисларини ёзиб олишга доир ҳуқуққа аниқлик киритилади



 
  Расм манбаси : uzlidep.uz

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига аниқлик киритишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда, деб ёзади “Халқ сўзи”. Хабарда айнан қандай ўзгартишлар бўлиши маълум қилинмаган.

Шу ўринда айтиш керакки, Процессуал қонунчиликдаги бу борадаги ноаниқликлар кўплаб эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, аввал хабар берганимиздек, фуқаролардан бири маъмурий судларда аудио ёзувни амалга ошириш билан боғлиқ қонун меъёрларидаги ноаниқликлар юзасидан шарҳ беришини сўраб Ўзбекистон Республикаси Конституцион судига мурожаат қилган ва шунга кўра Конституцион суд Фуқаролик, Иқтисодий ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритган эди. Аммо бу борада ўз сайтида хабар берган Конституцон суд ушбу лойиҳа мазмунини ошкор қилмаганди.

Умуман, процессуал қонунчилигимиздаги бу борада савол туғдирадиган энг асосий муаммо шуки, бир моддада судда ҳозир бўлганларнинг овоз ва видео ёзувни амалга ошириш мумкинлиги қайд этилгани ҳолда бошқа моддада бунга фақат судда раислик қилувчининг ва томонларнинг розилиги билангина амалга оширилиши қайд этилган. Айни пайтда, судда раислик этувчи ёки томонлар қандай ҳолатларда бунга розилик бермасликлари мумкинлигига ойдинлик киритилмаган. Умид қиламизки, янги ўзгартиришлар ушбу муаммони бартараф этишни кўзда тутади...

Янги киритилаётган нормалар “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжат сенаторлар томонидан маъқулланган.

Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги қонун ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қонунларни шарҳлаш ва (ёки) муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги тақдимномани Олий суд раиси томонидан Олий суд Пленуми кўриб чиқиши учун киритиши ҳақидаги янги норма билан тўлдирилмоқда.

2019-02-28 22:00:39  |  2898 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация