2018 йилда жиноий ишларнинг судда кўрилиши 35,5 фоизга камайди
Йил давомида 35,7 минг киши судланган, 867 киши оқланган ва реабилитация қилинган
2018 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 48 581 нафар шахсга нисбатан 38 133 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2017 йилга нисбатан шахслар бўйича 37,2 фоизга, ишлар бўйича эса 35,5 фоизга камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидовга таяниб, “Газета.uz” маълум қилди.
Жумладан, 867 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 35 706 нафарни ташкил этиб, шундан 8 730 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 24 902 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 2 074 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 3 290 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 30 171 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 9 785 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 8 144 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш