Фарғонада ҚВП шифокорини калтаклашди. “Статистикани бузмаслик учун” жиноят хаспўшланди



 
  Расм манбаси : Халқ сўзи Online

Туман ҳокими билан имом-хатиб томонларни яраштириш билан ишни “ёпди-ёпди” қилган

Жорий йилнинг 24 январь куни Бувайда туманидаги Найман қишлоқ врачлик пунктида ўз вазифасини бажараётган умумий амалиёт шифокори Мўйдинжон Жўраевни «Жов» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.У. калтаклаган.

«Халқ сўзи Online» хабарига кўра, ўша куни Мўйдинжон Жўраев қабулига «Жов» маҳалласидан бир аёл боласини эмлатгани олиб келган. Врач бола қичима касаллиги билан оғриганини айтиб, дерматологга кўрсатишни тавсия қилган. Зеро, қоидага кўра, эмлатиш салбий таъсир қилмаслиги учун бола соғлом ҳолатда бўлиши талаб қилинади.

М.Жўраев аёлни жўнатиб юборганидан сўнг бир соатлар ўтиб хонасига икки эркак кириб келади. Улардан ёш йигит бўлган бири “кеннойимни ҳақорат қилган сизми” дея тўполон кўтаради.

– У йигит менга дўқ-пўписа қилиб, мушт туширишга шайланаётган пайтда ҚВПнинг катта фельдшери Рўзали Ваҳобов келиб қолди. У киши йигитнинг қўлидан маҳкам ушлаб, «Эй, бола, нима қиляпсан, тинчликми?» деб турган жойида йигит пешонамга боши билан бир солди. Пешонамдан тирқираб қон чиқиб кетди. ҚВПнинг ўзида ҳамширалар менга биринчи ёрдамни кўрсатди ва мени ҳамкасбим Аҳмаджон Умаровнинг ўғли машинасида туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келишди. Пешонам йиртилган экан, у ерда тикишди, – дейди М.Жўраев.

33 йиллик меҳнат стажига эга бўлган, шу йиллар давомида минглаб беморларни даволаган шифокор ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб Бувайда тумани Халқ қабулхонасига келди. Унинг арз-додини эшитиш, жавобгарга муносиб жазо бериш ўрнига туман ҳокими, туман бош имом-хатиби калтак еган дўхтирни кечиришга даъват қилди. Уларнинг бу иши туманда жиноятчилик яна биттага ортмаслиги учун қилинган ҳаракат экан.

– Менга туман ҳокими ва имом-хатиби «У йигитни кечиринг, даъво-достоним йўқ деб ёзиб беринг. Туманимизда жиноятчилик сони ошиб кетмасин», дейишди. Шундан кейин даъво аризамни қайтариб олдим, – деган Мўйдинжон Жўраев «Халқ сўзи Online» мухбирига.

Аммо бу ҳақда кенг жамоатчиликка билдириш кераклигини, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун қандайдир амалий ишлар қилиниши зарурлигини айтиб ўтди.

«Муштумзўр»ни қидириб, мухбир унинг устахонасига борган, аммо ўзи билан юзма-юз учрашолмаган. Телефон орқали боғланганида, у йигит ҳам “келишиб олишганини” айтган.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан, тиббиёт ходимларини фуқароларнинг агрессив хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш мақсадида Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) учинчи қисмига янги “з” бандни қўшиш таклиф қилинмоқда. Унда жиноий хатти-ҳаракат “ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса” деб таърифланади. Мазкур қилмиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2019-02-15 21:18:37  |  2196 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация