Олий суд: Уч ойда 147 нафар шахс оқланди
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 1 804 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2019 йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйида судларда кўриб чиқилган ишлар бўйича мухтасар ҳисобот тайёрлади. Олий суд матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, шу даврда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 9 946 нафар шахсга нисбатан 7 750 та иш кўриб чиқилди.
Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 31,5 фоизга, ишлар бўйича эса 29,9 фоизга камайган.
Жумладан, 147 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинган. Судланган шахсларнинг умумий сони 7 649 нафарни ташкил этиб, шундан 1 954 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 5 309 нафарига эса бошқа турдаги жазолар тайинланди. 386 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 708 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан очиққа чиқарилган. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганлар сони 6 218 нафарни ташкил этган бўлса, 1 928 нафар шахсга тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган. Бундан ташқари, 1 814 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, безорилик, транспорт воситасини олиб қочиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 1 804 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 115,4 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 953 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Алоҳида қайд этиш жоизки, барча ишларнинг қарийб 45,7 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш