Суд қарорлари нега бекор қилинди?



 
  Расм манбаси : cz.sputniknews.com

Прокуратура органлари халқимизга хизмат қилмоқда. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мунтазам иш юритилмоқда. Фуқаролик судларида низоларни ҳал этишда қонун талабларига қатъий амал қилиниши таъминланмоқда. Таҳлилларда, шунингдек бевосита фуқароларнинг мурожаатлари асосида суд қарорлари ўрганилиб, аниқланган қонунга зид суд қарорларига нисбатан протест келтирилмоқда. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи «Барака ҳикмати» МЧЖ раҳбари Сардор Зоҳидов Риштон туманининг Ёйилма қишлоғидаги бўш турган собиқ мактаб бино-иншоотлари сотувга қўйилганидан хабар топади. Ушбу бино-иншоотларни сотиб олиб мева-сабзавот музлатгичи, лимонарий ҳамда қурилиш моллари дўкони барпо қилишга жазм этади. Собиқ мактаб бино-иншоотлари 97 млн. сўмга баҳоланган бўлиб, шартнома имзолангунига қадар сотиб олувчи 15 фоиз, яъни 14 млн. 508 минг сўм тўловни амалга ошириши, шартнома тузилганидан кейин қолган 82 млн. 492 минг сўмни 23 ой мобайнида, ҳар ойнинг 25 санасигача 3 млн. 586 минг сўмдан тўлаб қоплаши лозим эди.

Аввал бошида иш қонун доирасида силлиқ кечади. Тадбиркор белгиланган тартибда аввалдан тўловни амалга оширади. 2016 йилнинг 22 июль куни Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Риштон туман ҳокимлиги ваколатли вакили иштирокида фуқаро С.Зоҳидов билан собиқ 43-сонли умумтаълим мактаби бино-иншоотларининг олди-сотди шартномаси тузилади. Сотиб олувчи шартнома шартларига мувофиқ равишда икки йил мобайнида 40 млн. сўм инвестиция киритиб, қўшимча тўртта иш ўрни яратишни зиммасига олади.

Шартномага асосан шартнома рўйхатга олинганидан кейин бир ой мобайнида иштирокчи – туман ҳокимлиги томонидан қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилиши ва собиқ мактаб бинолари ҳудудий бошқарманинг вакили иштирокида тадбиркорга топширилиши лозим эди. Бироқ ҳудудий бошқарма ва туман ҳокимлигининг масъул ходимлари ушбу мажбуриятларига хилоф равишда мулкни тадбиркорга далолатнома асосида топширишни пайсалга солишаверади. С.Зоҳидовнинг ҳудудий бошқармага, ҳокимликка оғзаки ва ёзма мурожаатларига «Отангга бор, онангга бор» тарзида жавоб қайтарилаверади. Собиқ мактабни қабул қилмагани, иш бошлай олмагани туфайли тадбиркор шартномада кўзда тутилган ойма-ой тўловларни тўлолмайди.

Қўрққан олдин мушт кўтарибди, деганларидай, далолатнома билан сотилган мулкни тадбиркорга топширишдан иборат мажбуриятини бажармагани ҳолда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда шартнома иштирокчиси – Риштон туман ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига шартнома шартини бажармаган, ойма-ой тўлов қилмаган фуқаро С.Зоҳидов билан олди-сотди шартномасини бекор қилиш, ундан жарима ва пеня ундириш ҳақида даъво аризаси киритилади. Ишни жавобгар С.Зоҳидов иштирокисиз кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2017 йил 7 ноябрь кунги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилади.

Унга кўра, шартномани бекор қилиш, жавобгардан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси фойдасига 28 млн. 750 минг сўм пеня ва 14 млн. 550 минг сўм жарима, жами 43 млн. 300 минг сўм ундириш белгиланади.

Фуқаро С.Зоҳидовнинг ушбу суд қароридан норози бўлиб берган аризасига асосан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ишдаги ҳолатлар атрофлича ўрганилди. Ҳудудий бошқарма судга асоссиз ва ноқонуний талаб билан даъво аризаси киритган. Чунки, шартномада белгиланган тартибда, бир ой мобайнида далолатнома асосида мактаб бино ва иншоотлари фуқаро С.Зоҳидовга топширилиши лозим эди. Унинг ҳудудий бошқармага, туман ҳокимлигига мурожаатлари бесамар қолаверган. Ҳудудий бошқарма ва туман ҳокимлиги томонидан объектни тадбиркорга топшириш пайсалга солинаверган. Бир йилу бир ой мобайнида ҳам собиқ мактаб бино ва иншоотлари қонунда белгиланган тартибда топширилмай келинган. Топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилмагани, иш бошлай олмагани натижасида С.Зоҳидов зиммасига олган мажбуриятини бажара олмаган, ойма-ой тўлов қилмаган.

Бундан ташқари даъвогар – Ҳудудий бошқарма судга тақдим этган даъво аризасида ундирилиши лозим бўлган пеня миқдорини шартнома шартларида кўзда тутилганидан ўн баробар кўп миқдорда ҳисоблаган. Биринчи босқич суди қонунда белгиланган тартибда жавобгарнинг судга келмагани сабабларини аниқламасдан туриб ишни унинг иштирокисиз кўриб чиққан. Ҳолбуки, С.Зоҳидовнинг тақдим этган ҳужжатларида аён бўлганидек, чақирув қоғози жавобгарга алоқа идораси томонидан суд мажлиси ўтказиладиган кундан бир кун кечикиб етказиб берилган. Бундай ҳолатда суд мажлиси қолдирилиши лозим эди.

Ишни кўришда йўл қўйилган юқоридаги қонунга зид ҳолатларга нисбатан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан келтирилган протест қаноатлантирилди. Даъвогар Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг шартномани бекор қилиш, жавобгар С.Зоҳидовдан бошқарма фойдасига жарима, пеня ва суд харажатларини ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Яна бир ҳолат, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан фуқаро Галина Васильевна Солдатованинг даъво аризаси кўриб чиқилишида ишдаги муҳим аҳамиятга эга ҳолатлар аниқланмасдан, даъвогарнинг Фар­ғона шаҳар, А.Навоий кўчаси, 52 «б» уй, 15-хонадонга жавобгар О.Ибрагимовни рўйхатга қўйиш тўғрисидаги аризани ҳақиқий эмас деб топиш ва уйдан кўчириш талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Низоли хонадон даъвогарга тегишли бўлиб, аёл вафот этган ўғлининг А.Навоий кўчаси, 56-уй, 10-хонадонига кўчиб ўтган. 2015 йилнинг июль ойида Г.Солдатованинг розилиги билан жавобгар О.Ибрагимов ва Ў.Ибрагимовалар низоли А.Навоий кўчасидаги 52 «б» уйнинг 15-хонадонига доимий рўйхатга қўйилган.

Биринчи босқич суди томонлар ўртасида низоли хонадоннинг олди-сотдиси бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмаган ва иш ҳужжатларида бундай шартнома тузилганлигини тасдиқловчи бирор-бир далил бўлмаса-да, ҳал қилув қарорида томонлар ўртасида низоли хонадон олди-сотдиси амалга оширилганлиги ҳақида асоссиз хулосага келган.

Вилоят прокуратураси томонидан келтирган протест асосида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими билан Фарғона туманлар­аро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди. Янги ҳал қилув қарори билан даъвогар Г.Солдатованинг талаби қаноатлантирилиб, жавобгарлар О.Ибрагимов ва Ў.Ибрагимовалар хонадондан мажбурий тартибда кўчирилиши лозим, деб топилди.

Вилоят прокуратураси томонидан суд қарорлари ўрганилиб, қонунга зид ҳолатларга нисбатан протест келтирилмоқда, қонунга мувофиқлаштирилмоқда.

 

Акбарали Юсупов,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим прокурори

("Ҳуқуқ" газетасидан олинди).

2018-10-08 16:47:51  |  2443 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Сентябрь 22, 2023  14:33

1.Икромжон

Фукоролик иши буйича



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация