Тиббиёт ходимлари ҳимоясига: Жиноят кодекси 277-моддасига янги банд қўшилади



 
  Расм манбаси : ТВ Миг

Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган безорилик ҳам оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) учинчи қисми янги “з” бандни қўшиш таклиф қилинмоқда. Унда жиноий хатти-ҳаракат “ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса” деб таърифланади.

Тегишли қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш порталида эълон қилинган бўлиб, 28 февралга қадар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ЖК 277-моддасининг учинчи қисмида оғирлаштирувчи ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, санкция қисмида уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан тиббиёт ходимларини, улар хизмат вазифасини бажараётган пайтда фуқароларнинг агрессив хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. – Оқибатда хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига ҳаттоки, тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам айрим ҳолларда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан содир этилган тажовузлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кузатувлар бундай ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан фақат биттасигина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат этишаётганлигини кўрсатмоқда».

2019-02-05 12:25:01  |  4840 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация