“Хавфсиз шаҳар” иловасида профилактика инспекторининг ишини баҳолаш мумкин



 
  Расм манбаси : Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкентда синов тариқасида “Хавфсиз шаҳар” иловаси ишга туширилди. У мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда жиноятчилик даражасини камайтиришга қаратилган

ЎзА хабарига кўра, янги илова Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, БМТ Тараққиёт дастури, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бўлиб, “Google рlay” дўконларида учта – ўзбек, рус ва инглиз тилларида сотилмоқда.

“Хавфсиз шаҳар” иловаси қатор муҳим функция ва имкониятларни ўз ичига олган. SOS тугмачаси орқали шошилинч хизматларни тезкор чақириш шулар жумласидандир. Ушбу виртуал тугмача босилганда, илова фойдаланувчи турган жойни аниқлайди ва унга энг яқин ички ишлар органи пунктига оид маълумотларни тақдим этади.

Бундан ташқари, иловада гаджет соҳибининг яшаш манзилига қараб профилактика инспекторининг маълумотларини топиш, унинг ишига баҳо бериш ва унга топширилган участкадаги фаолияти бўйича изоҳлар қолдириш ҳам мумкин. Бунинг учун гаджет соҳибида мобиль илова ўрнатилган бўлиши лозим. Ушбу маълумотларнинг барчаси зарур чоралар кўриш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига юборилади. Чора кўриш учун изоҳлардаги ҳолатлар алоҳида кўриб чиқилади.

Иловада ахборот бериш функцияси ҳам мавжуд. Масалан, унда яқин орадаги ички ишлар бўлимини топиш, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг расмий сайтидаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин.

Илова ишлаши жараёнида профилактика инспекторлари тўғрисидаги маълумот тўлдириб борилади. Келгусида лойиҳа яратувчилари уни бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштиришни режалаштиришмоқда. Хусусан, яқин орада иловага энг яқин патруль машинани қидириш функцияси қўшилади ҳамда илова 102 тизимига татбиқ этилади. Бу ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаронинг турган жойини янада аниқроқ аниқлаш имконини беради.

2019-03-29 21:52:39  |  1706 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация