Маблағ ажратилсаю йўлсоз «еб» кетаверса...



 
  Расм манбаси : huquq.uz

Равон йўлда машинада кетаётиб, уловингиз аллақандай чуқурликка тушиб сакраганида, асабингиз бузилиши шубҳасиз. «Ахир яқиндагина бу йўлни таъмирлашганди-ку, – деган ўй ўтади хаёлингиздан. – Бир неча ой ҳам ўтмасдан «гармошка»лари шудгордай бўлиб қолибди». Хўш, бундай ҳолатга асосий айбдор ким? Таъмирлаш ишларини сифатсиз бажарган йўлсозлар эмасми?!

Туман прокуратурасининг ҳужжатли тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарори ҳамда туман давлат солиқ инспекциясининг тегишли буйруғига асосан Миришкор тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида текшириш ўтказилди. Унда вилоят назорат-тафтиш бошқармаси, туман давлат солиқ инспекцияси ва «Қаҳҳор Малик» МЧЖ вакиллари иштирок этишди.

Текшириш натижасида туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Ҳамза Маҳмараҳимовнинг қинғир йўлни танлаганлиги оқибатида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.

Келинг, тафсилотларни бир бошидан бошлаймиз. 2016 йил 27 январда вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида мазкур корхона ҳисобидаги вилоят ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ишларини бажариш тўғрисида 7-сонли шартнома ҳамда 2016 йил 26 сентябрда қўшимча келишув ҳужжати расмийлаштирилган. Йиллик смета харажатлари асосида тузилган смета 100 миллион сўмга камайтирилиб, шартноманинг умумий қиймати 372 миллион 500 минг сўм тарзида белгиланган.

Шартнома асосида бажарилган ишлар юзасидан 2016 йил 30 декабрда вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига 352 миллион 500 минг сўмлик «Бажарилган ишлар далолатномаси» ҳисоб-фактура ҳисоботи топширилган. Бажарилган ишлар 2017 йил 11 декабрда қайта назорат ўлчовидан ўтказилганида сохта рақамлар аён бўлди. Далолатномада қайд қилинган 2016 йил сентябрь-декабрь ойларида автомобиль йўлларидаги жорий таъмирлашда бажарилган ишларга Ҳ.Маҳмараҳимов томонидан тасдиқланган калькуляцияда 6,3 фоиз миқдорда боғловчи битум сарфланиши қайд этилган. Бироқ амалда 4,2 фоиз боғловчи битум ишлатилган, холос (яъни 50,41 тонна ўрнига 33,60 тонна). Натижада сохта ҳисоботлар орқали бюджетнинг 37 миллион 352 минг сўмлик маблағлари ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.

2017 йил 20 апрелда бош бошқарма ва унитар корхона ўртасида корхона ҳисобидаги вилоят ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ишларини бажариш тўғрисида 450 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган. 7-сонли шартнома ва унга 2017 йил 18 июлда киритилган қўшимча келишув ҳужжати бўйича смета харажатлари 50 миллион сўмга камайтирилиб, шартноманинг йиллик қиймати 400 миллион сўм деб белгиланган. Мазкур шартномага асосан бажарилган ишлар тўғрисида 2017 йил 24 июнда 262 миллион 750 минг сўмлик «Бажарилган ишлар далолатномаси» ҳисоб-фактура ҳисоботлари топширилган. Бироқ 2017 йил 24 июнда бажарилган ишлар қайта назорат ўлчовидан ўтказилганида бу йўлларда ҳам 2,31 фоиз миқдоридаги боғловчи битум кам ишлатилганлиги, оқибатда 22 миллион 902 минг сўмлик бюджет маблағи талон-торож қилингани маълум бўлди.

Юқорида қайд қилинган икки ҳолатда Ҳ.Маҳмараҳимов томонидан жами 60 миллион 254 минг сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида Ҳ.Маҳмараҳимовнинг мазкур жиноятига қонуний баҳо берилди. У 2006 йилда ҳам содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазодан амнистия шарофати билан озод қилинган. 2009 йилда эса суд ҳукми билан Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Ке­йинроқ у жазонинг ўтал­май қолган қисмидан шарт­ли равишда озод қилинган. Суд ажрими билан судланганлиги олиб ташланган экан.

Ҳамза Маҳмараҳимов суд мажлисида айбларига қисман иқрор бўлиб, бу ишни қасддан қилмаганлигини, боғловчи битум кам ишлатилганлигига сабаб республика бўйича ушбу ҳолатни аниқлайдиган лаборатория фақат Наманган вилоятидагина бор экани, шунингдек, етказилган барча зарарларни бартараф қилганини билдирди.

Судда унинг жинояти етарли далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Ҳамза Маҳмараҳимов тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида 1 йил муддатга моддий жавобгар ва мансабдор шахс вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг саксон баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Жасур ТУРСУНОВ,

Миришкор тумани прокурори

("Huquq" газетасидан олинди).

2018-12-23 19:26:55  |  1825 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация