“Суд процессуал қонунбузилишларга баҳо бермади!”



 
  Расм манбаси : ЖИБ Фарғона вилоят суди

Аввал хабар қилганимиздек, Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи томонидан касбий ҳуқуқларига дахл қилинган андижонлик адвокат Д.Мадрагимов ўз ҳимоясидаги шахс А.га нисбатан Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Фарғона шаҳар судининг 25.02.2020 йилдаги “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримига нисбатан апелляция шикояти келтирган эди. Кеча, 2 март куни ЖИБ Фарғона вилоят суди апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Санкция билан боғлиқ бўлгани сабабли ёпиқ тарзда ўтказиладиган мазкур суд мажлисига кира олмаслигимизни билсак-да, ҳеч бўлмаса судьялардан интервью олишга умид қилиб биз ҳам у ерда ҳозир бўлдик. Аммо бинога кириш жойига тушиб кетган суд мажлиси котиби Ҳакимжон Тошматов бизнинг бу илтимосимизга рози бўлмасдан, судьялар интервью беришлари мумкин эмаслигини (у ҳам бир мавзу экан, назаримизда), суд чиқарган қарор биз учун етарли маълумот бўлишини айтгач, ортга қайтдик...

“Судлов ҳайъати шикоятни қаноатлантиришни рад этиш ва эҳтиёт чорасини ўз кучида (қамоқда) қолдириш ҳақида ажрим қабул қилди, – дейди адвокат Д.Мадрагимов. – Гап шундаки, судлов ҳайъати шикоятни ўрганиш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш жараёнида ҳимоям остидаги А.нинг ҳимоячи ҳизматидан воз кечиш ҳақида аризаси иш ҳужжатларида мавжудлигини ва “ҳимоячидан воз кечиш” процессуал ҳаракатини амалга ошириш вақтида дастлабки тергов органи томонидан ордерли ҳимоячи иштирок этиши таъминланганлигигагина таянди, холос.

Ваҳоланки, ҳимоям остидаги А. судда берган кўрсатувида ўзининг 23.02.2020 йил соат 16-00 ларда ички ишлар ходимлари томонидан ушланганлигини, терговчи унга ҳимоячиси Д.Мадрагимовни Андижондан чақиртиришга имконият бермаганлигини, Андижондан адвокати етиб кела олмаслигини билдириб, қандайдир ҳужжатларга шошилинч имзо қўйдириб олганлигини (ҳимоям остидаги шахс биронта қўлёзма ариза қилмаган бўлиб, жумладан, ҳимоячидан воз кечиш аризасини ҳам терговчи ўзи компьютерда ёзиб, имзолатиб олган), судга бораётганида эса “судга шунчаки борсак бўлди, ўша ердан уйга кетаверасиз” деганликлари сабабли терговчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларга имзо қўйиб берганлигини маълум қилган бўлса-да, суд бу кўрсатувларга ҳеч қандай ҳуқуқий баҳо бермади.

Бундан ташқари, суд мен томонимдан мазкур ишда ҳимоячи сифатида қатнашиш ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни 24.02.2020 йилда Фарғона шаҳар прокурорига тақдим этганимга ва судланувчининг менинг ҳимоямдан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар мавжуд эмаслигига эътибор қаратмади. Қабул қилинган ажримда ҳам бу масалани муҳокама қилиб ўтишдан қочилган. Тўғриси, суд ҳозирги хулосага келиш учун бу ҳолатни муҳокама қила олмасди ҳам...

Хуллас, суд процессуал қонунбузилишларга баҳо бермади ва ўзи ҳам шу хатони такрорлади. Шунга кўра мен ЖИБ Фарғона вилоят суди томонидан фуқаронинг конституцион ҳуқуқи қўпол равишда бузилишига йўл қўйилди ва инсон тақдирига бефарқ қаралди, деб ҳисоблайман.

Энг ёмони эса бундай вазиятларнинг юзага келаётгани сабаблари ҳақида одамлар орасида жуда ёмон гумон бор экан. Яъни вилоятдаги криминоген вазиятни тартибга солиш учун Тошкентдан келган ишчи гуруҳ томонидан судларга қандайдир оғзаки топшириқлар берилган бўлиб, шу топшириқни бажариш учун айрим ҳолатларда судьялар қонунларни айланиб ўтишга мажбур бўлаётган эмиш... Албатта, бу соғлом ақлга сиғадиган гап эмас. Аммо... эл оғзига элак тутиб ҳам бўлмайди...”

Суд мажлиси ўз вақтида ўтмаслиги ҳам бир масала...

– Ўрни келганда яна бир гапни айтиб ўтмоқчиман – 2 март куни соат 10-00 га тайинланган суд мажлиси ҳеч қандай изоҳсиз ва огоҳлантиришсиз соат 12-00 да кўриб чиқилди, – дейди адвокат. – Энг асосийси, икки соатга кечикиш сабаби биронта судья томонидан тушунтирилмади ҳам. Назаримизда, инсон ҳуқуқларига беписандлик судларнинг ана шунай тартибсиз “тартиб”ларидан бошланади...

“Омбудсманга мурожаат қиламиз...”

Судлар томонидан бу каби хатоларга (қасддан бўлса ҳам, билмасдан бўлса ҳам) йўл қўйилаётган экан, хўш, фуқаро ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида адвокат бу ишларга жавобан энди нима ҳаракат қилмоқчи? Зеро, бу масалада кейинги инстанцияга мурожаат қилишдан мантиқ бўлмаса ҳам керак?

Бизнинг бу ҳақдаги саволимизга адвокат қуйидагича жавоб берди:

– Албатта бундай ҳолатга бефарқ қола олмаймиз. Шу боис мен кейинги тергов ва суд жараёнида ҳимоям остидаги шахс манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилишда давом этиш баробарида унинг қўлга олиниши, унга нисбатан тергов ҳаракатларининг юритилиши ва унга эҳтиёт чораси қўллашга доир суд қарори чиқарилиши жараёнларидаги процессуал қонун талабларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилишга тайёргарлик кўряпман. Билмадим, агар шунда ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан тегишли чора кўрилмаса, БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачисига чиқишимизга тўғри келар. Чунки шу йўл билан бўлса ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги юқоридаги каби ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни Президентимизга билдириб, барҳам берилишига эришмасак, юртбошимиз бошлаб берган ислоҳотларга тўғаноқ бўлиб қолаверади...

Судьялар очиқ қолган саволларга изоҳ берса бўлмайдими?

Шу ўринда бир мулоҳаза. Суд қарорларидаги юқоридаги каби эътирозлар ва очиқ қолган саволлар юзасидан судьялар суд мажлисидан кейин тушунтириш беришса, бунинг нимаси ёмон? Аксинча, бу жамоатчилик ўртасида судларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишининг олдини олишга, судлар шаффофлигига хизмат қилмайдими? Зеро, судьяларнинг ҳам суд қарорида акс этмай қолган ўз асослари бўлиши мумкин-ку? Шу маънода суд мажлисларидан кейин адвокатлар интервью берганлари каби судьяларнинг ҳам изоҳ беришларини дунё тажрибасидаги тартибда йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлаймиз.

Аслида судьяларнинг ўз қарорлари юзасидан жамоатчиликка изоҳ ёки ОАВга интервью беришлари мумкин эмаслиги ҳақида ҳозир ҳам чеклов йўқ қонунчилигимизда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг яқиндагина (2020 йил 20 февраль) қабул қилинган ва шаффофлик сари яна бир қадам сифатида умид уйғотган “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида эса “Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас” деб кўрсатилган, холос. Демак, юқоридаги ҳолатда судьялар томонидан суд ҳайъатининг ажрими юзасидан интервью берилиши қонунга зид эмас. Қонун изн берган ҳолатда интервью беришдан бош тортишни эса шаффофлик тамойилига зид ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин деб ўйлаймиз.

Хизмат текширувини вилоят ИИБ олиб боряпти

Мазкур суд мажлиси бўлиб ўтгунга қадар, фурсатдан фойдаланиб, адвокат Д.Мадрагимовнинг Фарғона шаҳар прокурурасига қолдирган шикояти (Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи томонидан касбий ҳуқуқларига дахл қилинганлиги юзасидан чора кўришни сўраб ёзилган) натижаси билан қизиқдик. Шаҳар прокуратурасидагилар бу бўйича хизмат текшируви ўтказилиши учун ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят ички ишлар бошқармасига юборилганлигини айтишди. Вилоят ИИБ инспектори Акромжон Маҳмудовнинг айтишича эса бошқарма томонидан ростдан ҳам хизмат текширувчи бошланган. Гарчи қонун доирасида хизмат текширувлари ўтказиш муддати бир ой бўлса-да, мазкур ҳолатда бунча узоққа чўзилмаслиги мумкин экан. Зеро, прокуратура ИИБга жорий йилнинг 6  март кунига қадар бу борада ҳисобот тақдим этилишини сўраган. Демак, биз ҳам шу сана билан хизмат текшируви натижалари ҳақида маълумот ололамиз, дея умид қилсак бўлади...

(“Advokat” журнали ва Effect.uz веб-сайти ҳамкорлигида тайёрланди).

2020-03-05 14:24:02  |  2525 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

8 изоҳлар

консультация керак

Хар Бир адвокатни фикри уринли лекин судялар конун яьни жпк ни тулик кайтадан укиб чикиб амалда кулламас экан биз адвокатлани дардимизни арз ва илтимосномаларимизни хеч кандай фойдаси булмайди

Республика АП томонидан адвокатура институтини тубдан ислох килишга каратилган Концепция ишлаб чикилиши ва уни Президентга расман такдим этиш лозим. Ушбу Концепцияда мавжуд муаммоларни хал этиш юзасидан ечимлар таклиф этилиши лозим.

Хурматли Хамкасблар!.... Битта таклифим бор. Оҳирги 2-йилда Ўзбекистон бўйича адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилинган ишларни таҳлил қилиб, Адвокатлар палатаси орқали Конституцияқий Судга мурожаат қилишимиз керак. Чунки бундай қонунбузишлар ИИО ходимлари ва раҳбарлари ўртасида оммавий тус олмоқда. Хозир фойдаланиб қолмасак. Кейинчалик бизни дардимизни хеч ким эшитмай қўяди -деб қўрқаман.

Март 07, 2020  18:45

5.Дилмурад

ЎзР қонунлари европа қонунларига биноан қабул қилинган. Бизнинг фуқаролар ва органлар эса бунга тайёр эмас. Адвокатлар кучсиз.

Мен хам хамкасбим Усмонхон Салохиддиновни гапига қўшиламан. Мен бу таклифни 2-йил олдин ёзган эдим. Срочни адвокатлар Президент билан учрашиш керак. Махсус учрашув ташкил қилиш керак. Барча муаммоларни ечиш учун.

Март 05, 2020  18:23

7.Абдумалик Абдуллаев

Эҳтиёт чораси қамоқ ҳақида халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчилик талаблари ҳақида икки оғиз фикр билдириб ўтаман. Маълумки, шахсни ҳибсга олиниши умумий қоида тариқасида бўлмаслиги шарт. Унинг ҳибсдаги вақтига сал бўлса ҳам тус берадиган маорифий, касбий ва жисмоний фаолият билан шуғулланиш учун имконият берилмайди, у оила, дўстлар, касбий фаолият ва жамоасидан йироқлашгани туфайли чуқур эмоционал стрессни бошдан кечиради. Суд текшируви нима билан якунланиши аниқ бўлмаганлиги боис, ҳибсда сақлаш унга нисбатан катта руҳий босим бўлади. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 9-моддасининг 3-бандига мувофиқ, суд текширувини кутаётган шахсларни ҳисбда сақлаб туриш умумий қоида бўлмаслиги лозим, лекин озод қилиш эса суд чақириғига ҳозир бўлиш кафолатига боғлиқ ҳолда амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 236-моддаси 1-қисмида, эҳтиёт чораси айбланувчи дастлабки терговдан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш, унинг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган уринишларига йўл қўймаслик мақсадида қўлланилади. Бироқ, ҳозирда амалиётда иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни содир этганликда айблов илгари сурилаётган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тергов органи фикрига кўра етказилган моддий зарар билан боғланмоқда. Ўз навбатида, эҳтиёт чораси қамоқ қўллаш ҳақидаги суд ажримларида ҳам етказилган зарар қопланмаганлиги ҳақида асос келтирилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Суднинг бундай ёндашуви ифодаланган ажримини "ҳукмдан олдин ҳукм чиқариш" деб баҳолаш мумкин. Чунки, иш бўйича аслида етказилган зарар бор ёки йўқлиги айблов хулосаси билан судга мазмунан кўриш учун юборилган ишлар бўйича ўтказиладиган суд терговида аниқланади, кейинчалик қонуний кучга кирган суд ҳукмида аниқланган ёки аниқланмаган деб ҳисобланади. Демак, қачонги суд ҳукми чиқарилганда, етказилган зарар бор ёки йўқ деб хулосага келинади. Шундай экан, умид қилиб қоламанки, судлар айниқса иқтисодиёт соҳасида содир этилганликда айблов илгари суралаётган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашдан мақсад нима эканлигига яна бир бор эътибор қаратишларини сўрар эдим.

Эҳ..., буларни давом этиши судни коррупцияланганлигида. Зудлик билан адвокатлар ҳамжамоаси Президент билан учрашув ўтказишни талаб қилиш керак. Суд ва прокуратурани тозалаш керак. Люстрация тўғрисида қонун қабул қилиб, Сингапур тажрибасида суд ислоҳотини амалга ошириш керак. Адвоеатлие фаолиятини Ўзбекистонда шакллантиришни бошлаш учун БМТРД (ПРООН) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Ўзбекистонимиз мустақиллиги, адолат таровати биз учун муқаддас!!!



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация