Петиция: “Жиддий зиён” атамаси ё аниқлаштирилсин, ё Жиноят кодексидан чиқариб ташлансин”



 
  Расм манбаси : Meningfikrim.uz

Муаллифнинг фикрича, қонунда аниқ ҳуқуқий таърифи келтирилмаганлиги сабабли мазкур тушунча ҳуқуқни қўллаш амалиётида суиистеъмол қилинмоқда

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Жиноят кодексидаги “жиддий зиён” атамасига аниқ таъриф бериш ёки уни қонунчиликдан чиқариб ташлаш тўғрисида петиция эълон қилинган.

Петиция муаллифи Islomov Farrux Noriddinovich Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-бўлимида моддий зарар даражалари таърифлангани, аммо “жиддий зиён” тушунчасининг ҳуқуқий маъноси ҳамда унинг миқдори белгиланмаганини таъкидлаб, бу ҳуқуқни қўллаш амалиётида пала-партишликларга сабаб бўлаётганини билдирган.

“Жиноят кодексининг 144, 192-11, 205, 206, 207, 208, 229, 278-1, 278-4, 301-моддаларига кўра, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёҳуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, жиноят келиб чиқади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сонли қарорининг 27-бандида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зиён етказиш моддий зарар тарзида ҳам, бой берилган фойда тарзида ҳам, шунингдек, турли хил манфаатларга бошқача зарар етказишда, ҳокимият органларининг обрўсига путур етказишда, оғир жиноятларни яширишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, бунда ҳам “жиддий зиён”ни миқдори ҳақида сўз юритилмаган”, – деб ёзади у.

Муаллифнинг сўзларига кўра, “жиддий зиён” миқдори ноаниқ бўлганлиги сабабли, яъни, етказилган зарар сўмда баҳоланган ҳолатда ҳам кўп миқдорни ташкил этмаган зарарни тергов ва суд органлари томонидан “жиддий зиён” деб баҳолаб, фуқароларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари келиб чиқмоқда. Бу ўз навбатида, Жиноят кодекси нормаларининг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилаётганидан далолат бермоқда. Натижада, фуқароларнинг қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари поймол бўлмоқда.

Шунга кўра, Islomov Farrux Noriddinovich Жиноят кодекси 8-бўлимига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали “жиддий зиён” атамасига ҳуқуқий таъриф бериш ёки юқорида қайд этилган моддалардан “жиддий зиён” атамасини чиқариб ташлашни таклиф этмоқда.

2019-03-31 14:51:11  |  4503 |   0  | 

2 изоҳлар

Октябрь 14, 2022  23:17

1.Анвар

Хақиқатдан хам ушбу холат қонунда ёритилмаган

Декабрь 28, 2020  18:23

2.Юсупов Зохиджон

Албатта сиз айтган фикрингиз жуда тугри биз сизни фикрингизни жамоа булиб кулаб куватлаймиз



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация