Воқеалар ривожи: “ТЎПОЛОНЧИ” АДВОКАТ ТУФАЙЛИ ФУҚАРО ҲИМОЯ ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ(МИ)?



 
  Расм манбаси : rabochy-put.ru

Фарғона шаҳридаги милиция бўлими бошлиғи томонидан адвокат ҳуқуқларига дахл қилиниши можароси юзасидан воқеалар ривожи билан қизиқиб яна адвокатга сим қоқдик.

— Менинг шикоятим бўйича прокуратура ҳам, хизмат текшируви бўйича ички ишлар ҳам ҳозирча жим, — дейди адвокат Д.Мадрагимов. — Аммо, бошқа муаммо чиқиб турибди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини яшириш учун энди ҳимоям остидаги шахснинг ҳуқуқларига дахл қилди. Агар мумкин бўлса, бу ҳақда ёзма маълумот берсам.

Биз албатта рози бўлдик ва адвокат берган ёзма маълумотни эътиборингизга тўлалигича ҳавола қилмоқдамиз:   

“Айтмоқчи бўлган гапим тушунарлироқ бўлиш учун, келинг, воқеалар кетма-кетлигини эслайлик:

— Ҳимоям остидаги фуқаро А. (шартли қисқартириш — Таҳририят) 2020 йилнинг 23 февраль куни соат 16-00 ларда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ушланиб, Андижон шаҳридан Фарғона вилоят Прокуратураси ҳузуридаги Департаментга келтирилган. Шу вақт ва соатдан ҳимоям остидаги А.нинг эркин ҳаракатланиши чекланган.

— Мен 2020 йилнинг 24 февраль куни соат 19-00 ларда Фарғонага бориб, ҳимоям остидаги шахс Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлимига бориб, фуқаро А.нинг қонуний ҳуқуқлари мен томонимдан ҳимоя қилинишини айтиб, ордер тақдим қилдим. Аммо милиция бўлими бошлиғи тақдим қилинган ордеримни олмасдан, ҳимоям остидаги шахс билан учраштиришни рад қилиб, мени ташқарига чиқартириб юборди.

— Шу куннинг ўзида, соат 20-00 лар атрофида Фарғона шаҳар прокурори А.Маматалиев номига ҳолат юзасидан ариза ёзиб, фуқаро А.га оид иш бўйича унинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишим ҳақидаги ордерни илова қилиб бердим.

— 25 февраль куни кечки пайт Сизлар томонингиздан интернет сайталари ва ижтимоий тармоқларда “Фарғонада ИИБ бўлим бошлиғи ходимларига “адвокатни олиб чиқиб ташлаш”ни буюрди” сарлавҳаси остида мақолалар чиқиб кетгач, бу масала кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди ва адвокатнинг ўз ҳимояси остидаги шахс билан кўриша олмаганлиги ҳақидаги ҳодиса Фарғона вилоятининг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига маълум бўлди. Ушбу ҳодиса юзасидан суҳбатлар ҳам бўлган.

— 26 февраль куни Фарғона вилоят ИИБ 10-сонли тергов ҳибсхонасига бориб, ҳимоям остидаги А. билан учрашиб, унга нисбатан 24.02.2020 йилда жиноят иши қўзғатилганлигини ва 25.02.2020 йил соат 14-50 да Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушлангани расмийлаштириб қўйилганлигини ҳамда шу кунни ўзида гумондор сифатида унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳибсхонага юборилганлигини билдим.

Масаланинг мана бу қисмига эътибор қилишингизни сўрайман: Ҳимоям остидаги шахс аслида 23 февраль куни соат 16-00 ларда ушлаб кетилган бўлб, унинг қариндошлари мен билан 24 февраль куни эрталаб шартнома имзолашган. Демакки, аслида фуқаро жиноят иши очилишидан бир кун олдин ушланиб (қизиқ, нимага асосан ушланган), ушланганидан бир кун кейин жиноят иши қўзғатилган ва ушланганлиги икки кундан кейин расмийлаштирилган ва шу куни гумондор сифатида унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳибсхонага юборилган. Бундай расмиятчиликлар бажарилгунга қадар эса фуқаро ҳужжатларга кўра гўё озодликда юрган бўлса-да, аслида Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-милиция бўлимида ноқонуний тарзда ва ноинсоний шароитда сақлаб келинган (Бу ҳақда аввал айтилган эди). Кўриниб турганидек, шу тартибнинг ўзидаёқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бир қанча қонун меъёрлари бузилган.

Энг ёмони эса, қўлида менинг аризам турганлигига, бунинг устига бу фуқаронинг адвокати борлигини бутун Ўзбекистон билиб бўлганига қарамасдан, прокурор ҳимоямдаги шахснинг ҳимояланиш ҳуқуқини таъминламасдан туриб судга унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимсонома киритиб турибди. Худди шундай, суд мажлиси ҳам адвокат иштирокисиз ўтказилиб, қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарилибди.

Яна бир муҳим маълумот шуки, дастлабки тергов органи томонидан мазкур жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган бошқа уч нафар фуқароларга ҳимоячи иштироки таъминланган. Шу боис айнан ҳимоям остидаги А.нинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланмаганини мен ўз ҳуқуқларимни талаб қилганим ва норозиликларим ОАВда эълон қилингани туфайли атай қилинган қонунбузилиши деб баҳолайман. Яъни, ҳуқуқ-тартибот органлари шу йўл билан менинг иштирокимсиз, ими-жимида ҳужжатларни расмийлаштириб қўйишга шошилган кўринади.

Бу ишлар Конституцияга ва қонунларга зид хатти-ҳаракатлардир. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан гумонланувчи А.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш масаласини кўриш жараёнида ҳимоячи иштирок этмагани, яъни ҳимоя тарафининг ишда иштироки ва суд жараёнида тортишув принципи умуман таъминланмагани суд томонидан ҳам қонун ҳужжатлари талаби бузилганидан далолат беради.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоноваич Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида “...дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг хақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин”  дея судларга катта ишонч билдирган, “энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқи ва эркинликлари бузилган деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди” дея суд зиммасига юксак вазифалар белгилаб берган бир пайтда судларимиз томонидан дастлабки тергов даврида йўл қўйилган қонунбузилишларга кўз юмилиши, тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳолатларга муносабат билдириши шарт бўлгани ҳолда, аксинча, уларни яшириб, суд жараёнининг ўзида ҳам инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишини, Конституциямизда энг олий қадрият деб белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқи ва эркинлигига дахл қилинишини қандай тушуниш мумкин?

Шундай ҳолатда Президентимизнинг “суд остонасига қадам қўйган ҳам бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” деган хоҳиш-истаклари амалга ошиши мумкинми?

Хуллас, юқоридагиларга асосан, биз Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 25.02.2020 йилдаги, А.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини кўллаш ҳақидаги ажримига нисбатан Жиноятишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритдик ва унда ишнинг айбланувчи А. иштирокида кўрилишини таъминлашни, А.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги суд ажрими бекор қилиниб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартирилишини сўраб мурожаат қилдик”.

Адвокатнинг таҳририятга маълум қилишича, апелляция суди 2020 йил 2 март куни соат 10.00 га белгиланган.

Ҳозирча шулар, воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз.

2020-02-29 02:05:59  |  2869 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

3 изоҳлар

Феврал 29, 2020  21:57

1.Дилмурад

Ўз.Р қонунлари европа стандартидагидай, аммо Ўз.Р фуқаролари ва давлат органлари бунга тайёр эмас. Умуман ЎзРда адвокатлар ҳуқуқлари "0". Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 июлдаги 544 сонли қарори билан судларга бериладиган ариза ва шикоятлар учун давлат божи ставкалари ниҳоятда шошма-шошарлик билан умумхалқ муҳоакамасига қўйилмасдан, халқни молиявий ҳолатини ҳисобга олмасдан асосиз оширилиб, фуқаролик судларидаги ишлар сонинини камайтириш мақсадида қабул қилинди. Айниқса Фуқаролик ишлари буйича судларга бериладиган ариза ва даъво аризалари учун давлат божи ставкалари сезиларли даражада оширилди. Яна одий халкка жабир. Айниқса қишлоқ жойларида давлат божи ва адвокат хизмати қиммат бўлгани учун фуқаролар мурожаат қилишмаяпти. Натижада уларнинг ҳуқуқлари бузулмоқда. Жуда оширмаса бўлмаса, судьяларнинг ойлиги шунга қараб қолган бўлса керак. Айтмоқчи бўлганим шуки, судлар Президентнинг шунча гапи (Адолат! Адолат! Адолат! Ҳақиқат! Ҳақиқат! Ҳақиқат!), олиб борилаётган ислоҳотлардан хулоса чиқариб ишларни адолатли ва ҳақоний кўриб оқланиши керак бўлганни оқлаб, тикланиши керак бўлганни тиклаб иш кўраётганда ҳам кошки эди. Эски ҳаммом эски тос.Суд соҳасида бутунлай таркибни янгилаш ёки бир киши қолдирмасдан яшаш жойидан камида икки вилоят нарига ротация қилиш каби ислоҳотлар қилмаса ҳали бери ижобий ўзгариш бўладиганга ўхшамаяпди. Менимча ҳозирги шароитда суд ва адвокатлар бепул бўлиши керак. Шунда мафия, коррупция, фирибгарларга қарши курашиш мумкин. Буниг учун аввало 2021 йил Ўзбекистонда " Ҳуқуқларини ўрганиш йили" деб эълон қилиниши керак. Судьялар ва адвокатлар инсофли бўлиш керак.

Феврал 29, 2020  19:38

2.Тохирбек Тожибоев

Қачонгача, Ўзбекистон фуқаролари ИИО ходимлари томонидан уларнинг Конституциявий ҳуқуқлари бўлган дахлсизлик ҳуқуқлари бузилиб, турли хил қийноқларга солинади. Шулар қаторида адвокатларга хам тайъзиқлар ўтказилиши даъвом этади. Бу нарсаларга чек қўйилиш механизмини топиш керак. Ёки телевиденияда Пресс клубда чиқиб хамма воқеаларни элъон қилсин. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси томонидан.

Феврал 29, 2020  19:34

3.Тохирбек Тожибоев

Хурматли тахририят бундай маълумотларни хаммасини йиғиб ЎЗбекистон Республикаси Адвокатларпалатаси ваколати доирасида Олий Мажлис ОМБУДСМАНга ахборот бериш керак. Сенатга хам Суд-хуқуқ масалалари бўйича Қўмитага Қандайдир ОАВ орқали Президентга етказиш керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация