“БОЛАЛАРИМИЗ МЕВА-ЧЕВА ЕБ ТУРИШГАНДИ...”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

“Мен қонунларингга тушунмайман, лекин қонун деганлари инсоф-диёнатга, инсонийликка зид бўлса, яхшиси, унақа қонундан воз кечиш керак...”

Бу фалсафа андижонлик бир танишимизга тегишли. Унинг замирида бизга қаратилган яхшигина кесатиқ борлигини сиз ҳам англаган бўлсангиз керак. Водийда сафарда эканимизни эшитиб, ҳол-аҳвол сўраш учун қўнғироқ қилган бу инсоннинг кутилмаганда “ҳужум”га ўтиб қолгани эса тезда ойдинлашди: “Мен кўзи ожиз бир йигитни танийман, бировдан таъма қилмай, ногирон ҳолида ҳам ўз тирикчилигини ўзи кўриб юрган шу йигит отасидан қолган уйи ортидаги озроқ қаровсиз ерда неча йиллардан буён оиласи билан ул-бул етиштириб юрар экан. Яқинда шу жойни бошқа бировга уй қуриш учун бериб юборишибди...”

Бу ҳикояни эшитиб, тўғриси юрагимиз сиқилди. Ҳукумат қандай сиёсат юритаяпти-ю, маҳаллий ҳокимият нима қилаяпти? Қонунни билмаганга билдириш, ҳуқуқини тушунмаганга тушунтириш ўрнига заифнинг устига чиқиб тепишдан бошқа иши йўқми мансабдорларимизнинг?..

Хуллас, кун кеч бўлганига қарамасдан, Андижон шаҳрининг чеккароғидаги “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган хонадонга бориб, эшик тақиллатдик...

Кўз бўйича I гуруҳ ногирони Воҳидов Илҳомиддин эшитганларимизни тасдиқлади. Аммо, бизга энг оғир ботгани, ўзи озорланиб турган бу йигитнинг истиҳоласи бўлди. “Мен бир йигитга айтгандим, ёрдам берамиз деб ваъда берди, энди сизларга ҳам дардимни айтганимни эшитса хафа бўлмасмикин?..”

Биз қаҳрамонимизни тинчлантириб, ўша одам билан ҳам албатта боғланишимизни, бу ерга биз ўзимиз келганимизни айтишимизни, унга зиёнимиз тегмаслигини тушунтирганимиздан кейингина дардини сал ёрган бўлди. Айтишича, отаси қурган уйининг орқа томонидаги ушбу нотекис ер бир пайтлар ташландиқ жойлар бўлган. Тахминан 90-йилларнинг бошларида шу жойларни пастдан сув ташиб чиқиб обод қилиб, мева-чева экишган экан. Кейинчалик, яъни ариқ сувини олиб келишнинг имкони пайдо бўлганидан буён (бунга 10 йиллар чамаси бўлибди) ерга сабзовот ва полиз экинлари ҳам экиб фойдаланишар экан. Яқинда эса кутилмаганда биттаси бу жойдаги дарахтларни кеса бошлабди. Билишса, ҳокимият бошқа бир оилага бу жойдан уй қуриш учун қарор чиқариб берган экан. Бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини раисига арз қилишса, ҳеч нарсадан хабари йўқлигини, қарорни ҳокимият чиқарганини айтган эмиш.

“Бир пайтлар шу ерни уй қуриш учун расмийлаштириб беришларини сўраганимизда “Бу жойлар сув хўжалигига қарашли, уй қуриш мумкин эмас, қувур ёрилиб кетса уйни ювиб кетади” дейишган эди”, дейди Илҳомиддин. Унинг кейинги сукутида эса одамни ерга ботириб юборадиган оғир саволлар аломати бор эди...

“Болаларимизга бозордан мева-чева олиб беришимиз қийин, шунинг учун ҳам бу ердаги мевалар биз учун жуда қадрли, — дея сукутни бузган бўлади унинг турмуш ўртоғи. — Мева шарбаталари, қайнатмалари деган нарсалар ҳам шу кичкина боғимиз туфайли бизга насиб қилиб турганди-да...”

“Ҳалиги укамиз ёрдам қиламан деди-ку, ўзимизга расмийлаштириб беришар...”

Биз бу оилани ана шу ҳали сўнмаган умидлари билан қолдиришни маъқул кўриб, тезда хайрлашдик. Ва, сабримиз чидамасдан, уларга ёрдам бермоқчи бўлган ўша йигитга қўнғироқ қилдик.

— Ҳа, бу масалада шаҳар ҳокимияти мутасаддалари билан гаплашдим, вазиятни тушунтирдим, — дейди холоскор (ўзининг айтишича, тадбиркор) йигит. — Менимча, муаммо ҳал бўладигандай. Душанба куни мутахассислар ерни бориб кўриб, томонлар иштирокида муҳокама қилиб, хулоса берадиган бўлишибди...

Тўғриси, бунга биз ҳам ишондик. Зеро, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас — ҳукуматнинг куни тўрт фарзандли бир ногирон фуқароси фойдаланиб турган 4-5 сотих ерга қолгани йўқ. Аммо, энг ёмони, вазиятни шунгача олиб бориб, ҳокимиятнинг номини қора қилган, кўра-била туриб бир бечорани қақшатувчи ҳужжатларни тайёрлаб бераётганлар кимлар? Улар қачонгача бундай қалтис “ўйин”ларини давом эттиришади? Айниқса, дунёда тенгги ва ўхшаши йўқ ижтимоий институт дея кўкларга кўтарадиганимиз Маҳалла қачон ўз вазифасини бажаради (Ҳар ҳолда, ҳужжати қилинмаган ерларга янги харидор топиш уларнинг асл вазифасига кирмаса керак)...

Сафаримиз давомида биз мавзуга яна қайтамиз ва саволларимизга жавоб излаб кўрамиз. Дарвоқе, бизга маълум бўлишича, қаҳрамонимиз болалари учун нафақа пулларини олишда ҳам қийналар экан. “Менга кўпинча ҳужжат топширишга кеч қолганимни рўкач қилишади, — дейди Илҳомиддиннинг аёли. — Мажлис бўладиган пайт ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўйишларини илтимос қилсам ҳам айтишмайди. Мен эса хўжайинимни уйда ёлғиз ташлаб чиқиб кета олмайман. Олдида одам қолдиришга эса ҳамиша ҳам имкон блавермайди. Шуни тушунтирмоқчи бўлсам, “фақат пул сўрайверасилар” деб жеркиб ташлаган пайтлари ҳам бўлади. На чора, ололганимизга шукр қилиб яшаяпмиз, ризқимиз шу экан деб...”

Демак, яна бир долзарб масала ечим кутяпти. Агар бизга бу борада ёрдам берадиган ҳамкасблар топилса, мавзуни қонуний жиҳатдан чуқурроқ таҳлил қилишга, муаммонинг туб илдизларини топишга биргаликда уриниб кўрган бўлардик...

2020-02-23 23:32:02  |  53 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация