«Кобалт» машмашаси ёки Аҳмадбой атрофидаги яна бир фириб



 
  Расм манбаси : Xabar.uz коллажи

Муродбек Остонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) енгил автомашина сотиб олиш ниятида рўзғоридан тежаб-тергаб пул жамғариб юрган кунларда Пахтакор туманилик бир кишининг «Кобалт» русумли автомашинасини сотиши дарагини эшитиб, дарров ўша томонга йўл олди.

Автомашина унга маъқул тушди.

Эртаси куни у жамоада анчадан бери бирга ишлаб келаётган Олмосга бу ҳақда маслаҳат солди. «Мен харидор бўлаётган «Кобалт»ни бир бориб кўрсангиз, балки сизга ҳам маъқул тушса, олармидим», дея илтимос қилди у.

– «Кобалт» олмоқчи бўлсангиз, Бердиёр тоғамнинг уйида уринмагани турибди, – жавоб қилди Олмос. – Ўшани бирга бориб кўришимиз мумкин.

Ана шу суҳбатдан сўнг улар Пахтакорга эмас, Жиззах шаҳрининг «Зилол» маҳалласига – Бердиёр Мамасолиевнинг ҳовлисига боришди. Оқ рангли «Кобалт» Муродбекка ҳам маъқул бўлди.

Бу воқеа 2015 йилнинг айни кўклами – март ойи охирида бўлиб ўтганди. Автомашина нархи 18 минг 100 АҚШ долларига баҳоланди, пуллар бир йил давомида – 2016 йилнинг 1 апрелига қадар тўлаб берилиши келишилди.

Ўша йил 25 март куни Муродбек Жиззах шаҳар «Тошлоқ» маҳалласи худудидаги чойхонада кундуз соат ўн бирларда укаси Бердибек Остонов ва ҳамкасби Олмос Мадаминов гувоҳлигида Б.Мамасолиевга 4 минг АҚШ долларини санаб берган ва автомашинани ҳайдаб уйига кетган. Б.Мамасолиев эса, келишилган 18 минг 100 АҚШ доллари узилганидан сўнг, автомашинанинг олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга ваъда берганди.

Суҳбат асносида Б.Мамасолиев автомашина ўзиники экани, фақат Олмоснинг опаси Дилсора Мадаминованинг номига олинганини айтган.

Ҳақиқатан ҳам, автомашинани олиб кетганидан сўнг икки кун ўтгач, Дилсора шаҳарнинг 1-сонли давлат нотариал идорасида уч йил муддатга автомашинани бошқариш учун М.Остоновнинг номига ишончнома расмийлаштириб беради. Фақат нотариал идорадан чиққанларидан сўнг Дилсора Муродбекка автомашина ўзига тегишли эмаслиги, у тоғасиники эканини, олди-бердига аралашмаслигини айтади.

Шундай қилиб, М.Остонов Б.Мамасолиевга 2015 йилнинг июнь ойида яна 4 минг, сентябрь ойида 2 минг, декабрь ойида 1 минг АҚШ доллари, жами 11 минг доллар беради. Бозор иқтисодиёти шароитида, биласизки, нарх-наво ўйнаб туради. Худди шундай – ўша пайтда бозорда автомашиналарнинг нархи кескин тушиб, доллар курси эса, ошиб кетаётганди.

Яна бир томони – кейинги пайтларда Муродбек Остоновнинг иши бироз орқага кетган, даромади камайганди. Бу ёқда эса, автомашина эгасига, келишилганига кўра, яна 7 минг 100 АҚШ доллари бериш керак.

Боши қотган Муродбек бирга ишлаймиз, шароитни тушунади деган мақсадда Олмосга учрашади. Шундан сўнг у Бердиёр Мамасолиевнинг олдига боради. Ҳозир шароити оғирлигидан нолийди. Бунинг устига бозорда автомашиналар нархи тушиб кетганлиги, ўзи берган 11 минг АҚШ долларига иккита автомашина сотиб олиш мумкинлигини айтади ва шу билан тўловни талаб қилишни тўхтатишни илтимос қилади. Лекин тоға-жиян унинг илтимоси ва таклифини рад этишади.

Орадан бир неча кун ўтгач, Муродбек энди зора инсофга келиб қолгандир, деган фикрда яна уларга учрашади. Афсуски, Муродбекнинг бу таклифи ҳам рад қилинади. Лекин Олмос қолган 7 минг 100 АҚШ долларини тезроқ беришини сўраб, Муродбекни ҳол-жонига қўймайди.

Кунларнинг бирида, аниқроғи, 2016 йилнинг май ойи бошларида кутилмаганда Олмос Муродбекнинг уйига кириб келади. Бундан уй эгаси автомашинанинг пулини сўраб келган, нима деб жавоб қилсам экан, деган хавотирда эди. Лекин унинг келишдан мақсади бошқа экан.

У автомашинаси бузилиб қолганини айтиб, икки-уч кунга «Кобалт»ни бериб туришини сўрайди. Муродбек йўқ демайди, унинг қўлига автомашинанинг калитини тутқазади.

Аммо орадан бир неча кун ўтса-да, автомашинадан дарак бўлмайди.

Бундан ажабланган Муродбек Олмосга қўнғироқ қилади. Шунда Олмос автомашинани сотиб юборгани, у тоғасига ҳам, ўзига ҳам тегишли эмаслиги, опаси Дилсоранинг мулки эканини айтади.

Бу совуқ хабардан Муродбек ўзини йўқотиб қўяди. Шундан сўнг у Дилсорага учрашади. Дилсора эса, ёлғон тўқийди. Автомашина укаси Олмосга тегишли эканини айтиб, Олмос ўзига бир сўм ҳам бермаганидан нолийди, ҳатто кўз ёш ҳам қилади.

Ҳақиқатан ҳам, Муродбек 11 минг АҚШ доллари сарфлаган «Кобалт» автомашинаси бошқа фуқарога сотиб юборилганди.

Энди шу ҳолатга ойдинлик киритишдан аввал автомашина аслида кимга тегишли эканидан муҳтарам ўқувчини воқиф қилиш зарур.

Гап шундаки, автомашина Дилсора Мадаминова билан турмуш ўртоғи Болиқул Эшниёзовнинг оилавий мулки бўлган. Оила бошлиғи Б.Эшниёзовнинг номига расмийлаштирилган. Аввал-бошда жабрланувчи М.Остоновга автомашина эгаси аслида ким эканлиги аниқ айтилмаётгани замирида ғараз ният яширинган.

Шу ўринда автомашина алдов йўли билан олиб кетилганидан кейинги ҳолатларга тўхталамиз.

Юқоридаги воқеа тафсилотларидан автомашина учун тўловнинг қолган 7 минг 100 АҚШ долларини Муродбек топиб беролмаётганидан хабарингиз бор. Маълум бўлишича, Олмос опаси билан суҳбат чоғида одамлар Чиноз туманилик Аҳмадбойга автомашинасини сотиб, ҳар ойда келишувдаги 1500-2000 минг АҚШ долларини санаб олаётганини айтган. Муродбек келишилган пулни бермаса, автомашинани Аҳмадбойнинг офисига олиб бориб, сотиб юбориш таклифини айтган.

Таклиф Дилсорага ҳам маъқул тушган.

Шу тариқа опа-ука Гулистон шаҳрида таниш-билишлардан сўраб-суриштириб, Аҳмадбойнинг вакили Зуфарга учрашишади. Сотилажак «Кобалт»ни Зуфар ўзича 15 минг АҚШ долларига нархлайди. У Олмос билан Тошкентга, Аҳмадбойнинг Сирғали автомашина бозоридаги офисига бирга боради. Аҳмадбойнинг чаққон гумашталаридан бири – ҳозир қидирувда бўлган Шаҳриёрга учраштиради.

Бу ёғини сўрасангиз, Шаҳриёрнинг автомашина савдосидаги чаққонлиги опа-укани лол қолдиради. Худди аввалдан харидор билан келишиб қўйилганидек, улар турган жойга фуқаро Саъдулла Барноев отаси билан келиб, «Кобалт»га харидор чиқишади. Шаҳриёр автомашина ўзиники эканини айтади. Хуллас, савдо 5 минг 500 АҚШ долларига «пишади».

Шундан сўнг Шаҳриёр Олмос билан опасига нотариал идорада олди-сотди шартномаси расмийлаштирилаётганда хабарлашишларини айтиб, уларни Жиззахга қайтариб юборади.

Судда С.Барноев ва отаси Б.Барноевнинг гувоҳ тариқасида кўрсатма беришича, Ш.Тошқулов автомашинани уларникига ҳайдаб борган. 500 АҚШ долларини олиб, автомашинанинг техник ҳужжатлари ва калитини ўзи билан олиб кетган. «Агрегат» муҳри урилганидан сўнг қолган 5 минг АҚШ долларини нотариус ҳузурида, олди-сотди шартномаси расмийлаштирилгач, санаб беришга келишишган.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. Бундай деяётганимиз сабаби шундаки, автомашинанинг қонуний эгаси Б.Эшназаров ўша пайтда хорижга ишга кетган эди. Опа-ука автомашинага олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун бир неча давлат нотариал идораларига киришган. Аммо мулк эгаси Б.Эшназаровнинг йўқлиги ана шу расмийлаштиришга изн бермаслигини эшитишган.

Лекин Олмос билан Дилсора қандай бўлмасин ўзларининг мақсадини амалга ошириш йўлини қидиради. Охир-оқибат улар ҳийла йўлини ўйлаб топишади. Пул, бойлик олдида худодан ҳам қўрқмаган бу бандалар нотариал идорада ўзларини эр-хотин дея таништиришади.

Судда гувоҳ тариқасида сўралган Т.Нурмуродовнинг кўрсатма беришича, 2016 йилнинг 22 июль куни соат ўн бир-ўн иккилар атрофида у ишлайдиган нотариал идорага С.Барноев, Б.Барноев, Д.Мадаминова ва ўзини Дилсоранинг турмуш ўртоғи Б.Эшназаров деб таништирган О.Мадаминов «Кобалт» автомашинасини расмийлаштириш учун мурожаат қилишган. Суҳбат чоғида Б.Эшназаровнинг фуқаролик паспорти Жиззахда, уйида қолиб кетганлиги айтилган.

Шунда нотариус Т. Нурмуродов бу ҳужжатсиз иш битмаслигини айтгач, улар чиқиб кетишган. Ўша куни соат тахминан ўн олти-ўн еттилар чамаси улар яна Т.Нурмуродовнинг ҳузурига келишади.

Шартнома тайёр бўлгач, нотариус паспортдаги суратни кўздан кечириб, О.Мадаминовга «Бу сизга ўхшамайди», – дейди. Олмос эса, ёши ўтаётганини айтиб, уни аврашга тушади. Шунда Т.Нурмуродов О.Мадаминовдан «Сиз ҳақиқатан ҳам Болиқул Эшназаров, Дилсора Мадаминованинг турмуш ўртоғимисиз?» –  дея сўрайдию, балога қолади.

Бу гапдан Дилсора тутақиб кетади. «Мен, мусулмонман, бировнинг турмуш ўртоғини олиб келмайман-ку», – дея Б.Эшназаровнинг ҳарбий гувоҳномаси ва никоҳ гувоҳномасини жаҳл билан стол устига ташлайди.

Шундан сўнг Т.Нурмуродов ишонади, уларга олди-сотди шартномасини расмийлаштириб беради.

Орадан бир ой ўтгач, жабрланувчи М.Остонов нотариал идорага бориб Т.Нурмуродовга учрашади. Автомашинани ишончнома билан бошқариб юргани, пулларни тўлиқ бермагани учун ҳалигача ўз номига расмийлаштирмаганини айтади.

Шу пайт хонага кутилмаганда Д.Мадаминова кириб келади. У шартномани расмийлаштиришда қатнашган эркакни танимаслиги, турмуш ўртоғи эмаслигини маълум қилиб, автомашинани қайтариб олиб беришни талаб қилади. Жанжал охирида у «Прокурор олдида гаплашамиз», дея дағдаға билан чиқиб кетган.

Сўнгра Т.Нурмуродов масалага ойдинлик киритиш учун Д.Мадаминованинг олдига кўп марта боради. У ҳар гал Сирдарёдан Жиззахга келганида Дилсора эрининг ўрнига имзо қўйган киши деб бошқа-бошқа одамларнинг исмларини айтган ва уни роса сарсон қилган.

Мазкур ишни фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судида кўриш чоғида аниқ бўлдики, ҳужжатларга Д.Мадаминованинг турмуш ўртоғи ўрнига укаси О.Мадаминов имзо қўйган экан. Фирибгар аёлнинг жабрланувчи Муродбек Остоновнинг кўз ўнгида нотариусга нисбатан қилган дағдағаси «сувдан қуруқ чиқиш» мақсадида ўйлаб топган яна бир ҳийла эди.

Ҳаётда ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Яқинда ушбу жиноят иши вилоят суди очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд судланувчи О.Мадаминов ва Д.Мадаминовани Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди ва 228-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Суд Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан О.Мадаминовга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланди.

Судланувчи Д.Мадаминовага нисбатан тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жабрланувчига нисбатан судланувчилар томонидан етказилган 90 миллион 288 минг 440 сўм моддий зарар солидар тартибда ундирилиши суд ҳукмида кўрсатиб ўтилди.

Яқинда вилоят суди апелляция судлов ҳайъати вилоят судининг ушбу ҳукми устидан вилоят прокурорининг ўринбосари томонидан билдирилган протест ҳамда судланувчилар ва уларнинг ҳимоячиси томонидан берилган шикоятга асосан жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқди.

Жабрланувчи М.Остоновга етказилган 90 миллион 288 минг 440 сўм моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли О.Мадаминовнинг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан озод қилинди. Ҳар иккала судланувчига нисбатан чиқарилган ҳукм янгиланган қонун нормаларига мувофиқлаштирилди.

Хулоса шуки, қонунларимиз бор экан, бировнинг мулкига бошқа биров эгалик қилолмайди. Жиноят оламида танилган кимсалар билан шерикликда содир этган қилмиши опа-укаларнинг кўзини мошдек очган бўлса, ажаб эмас.

Шуҳрат Худоёров,

жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судьяси

Xabar.uz

2019-01-15 19:48:57  |  2010 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация