Олий суд раиси журналистларнинг “қулоғига лағмон осган”миди?..



 
  Расм манбаси : xabar.uz

Йўқ, албатта, мартабали идора раҳбари ҳақида бунақа шубҳага бориш ноўрин, муаммо, шунчаки, мутасаддилар томонидан тегишли чоралар кўрилмаётганида бўлиши мумкин, холос...  

Суд тизими ва ОАВ муносабатларида ҳатто қонун доирасида ҳам чигал нуқталар кўп. Зеро, юқори минбарлардан туриб кўп айтилаётганидек, ўтган даврда мамлакатимизда суд ва журналистика бир-биридан жуда узоқ бўлиб келди. Бугун, шукрки, суд тизими ҳам бир қадар шаффофлашиб, ОАВда соҳага доир яхши-ёмон мақолалар бемалол эълон қилина бошланди. Аммо бу ҳали мазкур йўналишдаги муаммолар барҳам топди дегани ҳам эмас. Зеро, мамлакат раҳбари ташаббуси билан ушбу йўналишнинг сиёсати ўзгарган бўлса-да, қонунларимиз ҳали асосан “кечаги кун билан яшамоқда”. Фақат, қувонарли томони шундаки, бугун ана шу муаммонинг борлиги ҳам юқори доирада тан олиниб, уларни бартараф этиш борасида нимадир ҳаракатлар бўлаётгандай. Жумладан, жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд билан ҳамкорликда, шахсан Олий суд раиси иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, унинг кун тартибига айнан суд ва ОАВ ўртасидаги муносабатларни бартараф этиш масаласи қўйилди. Жумладан, суд мажлисларида ҳозир бўлган мухбир томонидан аудио ва видео ёзувларни амалга оширишга қандай ҳолатларда рухсат берилмаслиги бўйича икки томонлама келишилган Регламент ёки шунга ўхшаш бирон ҳужжат ишлаб чиқиш масаласи ўртага ташланди. Зеро, биз аввал ҳам сайтимизда бир неча марта ёзганимиздек, ҳозир суд ишига доир барча процессуал кодексларимизда суд мажлисида аудио ва видео ёзувларни амалга ошириш учун судга раислик қилувчи судьянинг рухсати лозимлиги белгиланган. Аммо судья қандай ҳолатларда бунга рухсат бермаслиги тўғрисида ҳеч қандай қонуний меъёр ёки тартиб мавжуд эмас. Бу эса, табиий равишда, мазкур ҳуқуқнинг судьялар томонидан хоҳлаган пайтда суиистеъмол қилинишига йўл очиб беради. Қолаверса, одатда, мухбир нозик бир жиҳатлар ёки суд ишидан норозилик кайфиятлари бўлмаса судда иштирок этавермайди ҳам. Демак, бундай вазиятда судьянинг суд мажлисидан аудио ёки видео ёзув амалга оширилишини истамаслиги эҳтимоли юқори.

Аммо шу ўринда яна бошқа бир муаммо ҳам борки, ҳали судьяларимиз қонунчиликда рухсат берилган масалаларда ҳам журналистга тўсқинлик қилишга “қодир” бўлиб қолмоқда. Юқорида қайд этилган тадбирда бу масала ҳам кўтарилди. Бироқ Олий суд раиси Козимджан Камилов буни рад этиб, жумладан, суд мажлисида журналистнинг иштироки борасида муаммо бўлиши мумкин эмаслигини айтди (Журналистлар, одатдагидек, тилларини тишлаб туришди, эҳтимол, биз каби уларда ҳам фактлар бўлса-да, қўлларида асоси бўлмагани боис жим туришни маъқул топишгандир). Шунингдек, Козимджан Камилов бундай ҳолатга дуч келган ОАВ вакиллари Олий судга мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлади. Афсуски бу гап тадбирда йиғилганларни унчалик қаноатлантирмаслиди десак ёлғон бўлмаса керак. Зеро, бундай ҳолатда мухбирнинг Олий судга қандай мурожаат қилиши тартиби мавжуд эмас экан, расмийлар томонидан айтилган бунақа гаплар, худди кечаги даврдаги эски гаплар каби, қулоққа осилган лағмонга ўхшаб қолаверади.

Шу боис “Advokat” журнали Бош муҳаррири мазкур табдирда сўз олиб, судлар билан ишлаш борасида муаммога дуч келган журналистлар мурожаат қилишлари учун Олий судда алоҳида ишонч телефони ташкил этилиши таклифини билдирди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Комил Алламжонов эса қанча идораларда жорий этилган ишонч телефонлари ҳам иш бермаётганига ишора қилар экан, суд-ҳуқуқ йўналишини ёритадиган журналистлар учун Олий судда аккредитация жорий этилишини таклиф этди. Аммо, мана, орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтибдики, бу таклифларнинг биронтаси бўйича амалий натижа бўлгани йўқ. Бу эса мана шунақа тадбирлар ҳам мамлакат Президенти кўрсатмалари ва катта-катта Дастурларнинг ижоси бўйича тайёрланадиган ҳисоботларни тўлдириш учунгина “хўжакўрсин”га бўлмаяптимикин дея шубҳалана бошлайсан киши...

Энг ёмони эса, билдирилган таклифлар асосидами ёки бошқа йўллар биланми муаммони бартараф этишга киришилмаётгани туфайли муносабатлардаги тушунмовчиликлар яна давом этмоқда. Бугун Xabar.uz эълон қилган қуйидаги хабар эса, назаримизда, бунинг ёрқин мисолидир (Хулоса чиқариш ўзингиздан, албатта):

“Андижон туманлараро суди судьяси Олий суд раиси баёнотини шубҳа остига қўйди

«Андижанская правда» газетаси мухбири Шефие Иманқулова очиқ суд мажлисига қўйилмади. Йўқ, суд ёпиқ тарзда ўтмаётганди. Оддий фуқаролик иши: эр-хотин ўртасидаги мулкий низога оид. Шунга қарамай фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьяси Насибулло Қамбаров «мухбирни судга чақирмаганман!» (?) деган важ билан журналистни очиқ суд мажлисига қўймаган, вассалом.

Қонунда «Журналист судья чақирсагина очиқ суд мажлисларида иштирок этади» деган модда йўқ. Ёпиқ суд мажлиси бўлса —бошқа гап, унга ҳатто Олий суд раиси киритилмайди (буни олий маҳкама раҳбарининг ўзи таъкидлаганди). Бошқа ҳолатларда монелик деярли йўқ. Чунки, оммавий ахборот воситалари ходимларининг очиқ суд мажлислари ҳозир бўлиши уларнинг хос ҳуқуқи ҳисобланади. Мана, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, унинг 5-моддасида журналист наинки судларнинг очиқ мажлисларида, ҳатто ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳам ҳозир бўлиши кафолатлаб қўйилибди. Мазкур қонуннинг 8-моддасида кўра, журналист ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.

Яна нима керак?

Шундоғам кўпдан бери журналистларнинг очиқ суд мажлисларида иштироки, унда иш қуролларидан (фото, камера) фойдаланиши каби масалалар баҳс-мунозара бўлиб келмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси шахсан айтгандики, суд жараёнида журналистларнинг иш қуролларидан фойдаланишини (суд мажлисига) раислик этувчи ҳал этади, бунга унинг ваколати бор, қонун изн беради, бироқ  очиқ суд мажлисида ОАВ вакилларининг ҳозир бўлишида ҳеч қандай муаммо йўқ, деб.

Мана, муаммо йўқ эмас, бор экан. Бунга ФИБ Андижон туманлараро суди судьяси Н.Қамбаровнинг хатти-ҳаракати исбот. Бу билан судья журналист ҳуқуқини қўпол равишда бузгани баробарида Олий суд раҳбарининг юқоридаги баёнотини шубҳа остига қўймаяптими?

Судьянинг суд жараёнидаги бошқа хатти-ҳаракатлари, низо юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарори хусусида ҳозирча тўхталмадик. Бу энди алоҳида мавзу”.

2019-06-17 18:28:48  |  255 |   0  | 

2 изоҳлар

Судебная система тонет в болото безответственности. На базаре лучше наведен порядок, чем в судебной системе. Адвокаты, журналисты, блогеры не устают повторять о загадочных поведениях суда, этой системы и его руководителя.Я с оптимизмом и с надеждой дождусь (наверное) визит нашего Президента в Сингапур, чтобы перенять от этого государства опыт реформы в судебно-правоохранительной системы и борьбы с коррупцией. А так этими испачканными коррупцией господами не куда идти. Иногда устаешь и задумывешся, может по логике... Как можно двигаться вперед с поломанным ''трамваем''... Я сочувствую...Но надежда есть...После реально позитивного выступления депутата из Сурхандарьи...

Июнь 17, 2019  22:00

2.Адвокат Ойбек Рахимов

Бизда хам булди Шахрисабзда, шахар суди судьяси Адвокат журнали фотомухбирини хатини хам инобатга олмай видеоёзувга олишни уз ажрими билан расман чеклади, роса тушунтирганимиздан сунг ноилож рози булди. Савол тугилади нега суд жараёнида рад килиб, танаффус эьлон килгач, чикиб келиб видеоёзувга рухсат берган холати шундогам шубхали мажлис баённомасига кайд этилганмикин... Буни аниклаб хам булмайди, чириган суд тизимга бирор нарсани тушунтириб хам булмайди...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация