Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига банк сири бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқи берилди
Бу маълумотлар Департаментнинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлган ҳолларда тақдим этилади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган “Банк сири тўғрисида”ги 530–II-сонли Қонунга ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, қонуннинг 8-моддаси янги таҳририга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти банк сирини ташкил этувчи маълумотларни, агар бу маълумотлар уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақли эканлиги қайд этилган.
“Банк сири тўғрисида”ги қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам – нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни, агар бу маълумотлар мазкур ташкилотлар фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назорат қилиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақли ҳисобланади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш