Аудиторлик ташкилотлари барча турдаги аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади



 
  Расм манбаси : Livemint

Президентнинг 2018 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан аудит соҳасида қатор янги қоидалар жорий этилмоқда.

Аудиторлик ташкилотларига талаблар

2019 йил 1 январдан бошлаб аудиторлик ташкилотларига талаблар енгиллаштирилади.

Биринчидан, улар учун аудиторлик фаолиятига лицензия олиш учун давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 3 ой муддат белгиланди. Агар бу бажарилмаса, ўз номида “аудиторлик ташкилоти” сўзларидан фойдаланиш тақиқланади.

Иккинчидан, аудиторлик ташкилотларининг лицензиялари универсал бўлади – уларга барча турдаги аудиторлик текширувларини ўтказишга рухсат берилади.

Norma нашри изоҳи: Ҳозирги вақтда лицензиялар аудиторлик текширувларининг қуйидаги турларига алоҳида берилади:

фақат ўз ташаббусига кўра аудиторлик текширувларини амалга оширишга;

хўжалик юритувчи субъектларни ўз ташаббусига кўра ва мажбурий аудиторлик текширувларини амалга оширишга (акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно);

барча хўжалик юритувчи субъектларни аудиторлик текширувларини амалга оширишга (Аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун аудиторлик ташкилотларига лицензия бериш тартиби тўғрисида низомга қаранг).

Учинчидан, аудиторлик ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдори бекор қилинмоқда.

Norma нашри изоҳи:Ҳозирги кунда турли текширувларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиш учун устав капиталининг қуйидаги миқдорларини шакллантириш талаб этилади:

фақат ўз ташаббусига кўра аудиторлик текширувларини амалга оширишга – 1 500 ЭКИҲ;

хўжалик юритувчи субъектларни ўз ташаббусига кўра ва мажбурий аудиторлик текширувларини амалга оширишга, акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно – 3 000 ЭКИҲ;

барча хўжалик юритувчи субъектларни аудиторлик текширувларини амалга оширишга – 5 000 ЭКИҲ.

Бундан ташқари, устав жамғармасини ҳар қандай мол-мулк билан шакллантиришга рухсат берилади. Ҳозир унинг миқдорининг 50 фоизи  пул маблағлари билан тўланиши керак.

Тўртинчидан, аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудиторларнинг энг кам сони камида 4 нафар штатдаги аудитордан иборат бўлади. Ҳозир текширувларнинг турига қараб бу сон 2 дан 6 нафаргача штатдаги аудиторларни ташкил этади. Бунда хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий аудиторлик текширувларидан ўтказиш учун улардан бири халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиши керак (аудиторларнинг малакасига янги талаблар тўғрисида қуйига қаранг). Шунингдек, аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг 3 йилда 1 марта мажбурий аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

Фаолият юритаётган аудиторлик ташкилотлари  2019 йилнинг 1 апрелига қадар ўз штатларини янги талабларга мувофиқ келтиришлари даркор.

Бешинчидан, Молия вазирлиги аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳар 3 йилда камида 1 марта аудиторлик ташкилотлари ишининг сифати ташқи назоратдан ўтказади. Мажбурий аудиторлик текширувларини амалга оширувчи ташкилотларни ташқи назоратдан ўтказиш натижалари  Молия вазирлиги веб-сайтида эълон қилинади.

Аудиторлик фирмалари ҳам ўз веб-сайтларида ёки аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларида ўтказилган мажбурий аудиторлик текширувлари тўғрисидаги ахборотни хўжалик юритувчи субъектнинг идентификация маълумотларини ва аудиторлик хулосасини кўрсатган ҳолда эълон қилади. Худди шундай маълумотлар ҳар йили 1 июлга қадар ДСҚ сайтида жойлаштирилади.

Фаолият юритаётган аудиторлик ташкилотлари учун 2019 йил 1 январга қадар муддатда лицензияларни қайта расмийлаштириш назарда тутилган.

2018-09-20 16:41:44  |  2092 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация