Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар пуллик нотариал хизматлар учун ҳақ тўламайдиган бўлди



 
  Расм манбаси : Bagnet.ru

Солиқ кодексининг 331-моддасига асосан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари нотариал хизматлардан фойдаланганлиги учун давлат божини тўлашдан озод қилинган, аммо ҳуқуқий маслаҳат берганлик, ҳужжатлар лойиҳасини тузганлик ва мол-мулкка нисбатан тақиқ текширилганлиги учун ҳақ ундириш масаласи очиқ қолган эди

Адлия вазирлиги хабарига кўра, 2019 йилнинг 10 январидан бошлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳамда айрим ташкилотлар нотариусга мурожаат қилганда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўлашдан озод қилинди.

Мисол учун, бугунга қадар пенсиядаги шахс пенсия пулларини олиш учун бирор шахсга ишончнома берганда нотариуслар томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи, яъни 30 409 сўм миқдорида пуллик хизмат ундириб келинган эди.

Энди нафақадаги шахс пенсия пулларини олиш учун ишончнома берганда нотариуслар томонидан ҳеч қандай тўловлар ундирилмайди.

Шунингдек, нотариал хизматлар учун тўланадиган пуллик хизмат тўловларидан озод қилинадиган шахслар тоифаларига ҳам аниқлик киритилди. Булар:

Фуқаролар:

пенсиялар ва нафақаларни олиш учун зарур бўлган, шунингдек васийлик қилиш ва фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари тасдиқлаганда;

мол-мулкни давлат фойдасига васият ёки ҳадя қилганда;

Ватанни ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулки учун мерос гувоҳномалар берганда;

мерос қолдирувчи билан битта уйда доимий рўйхатда бўлган ва унинг вафотидан кейин хам шу манзилда яшаётган шахсларга мерос гувоҳномалар берганда;

мерос қолдирувчининг интеллектуал мулк ҳуқуқлари учун мерос гувоҳномалар тасдиқлаганда;

банклардаги омонатлар, суғурта суммалари, давлат заём облигациялари учун, иш ҳақи суммалари учун мерос гувоҳномалар тасдиқлаганда;

пенсиялар ва нафақалар олиш учун ишончномани тасдиқлаганда;

сурункали руҳий касалликка чалинганларнинг васийларига мол-мулкка ворислик гувоҳнома берганда;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисада вафот этган ходимнинг иш берувчи ҳисобидан суғурталанган пулига мерос гувоҳнома берганда;

1941—1945 йиллардаги уруш, Афғонистон Республикасида байналмилал ва Чернобиль АЭСининг авария оқибатларида қатнашган шахслар ҳамда ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган шахсларнинг оила аъзоларига имтиёзлар берилиши учун ҳужжатларнинг нусхаларини тасдиқлаганда;

фермер ва деҳқон хўжалигида ишлаётган меросхўрларга ушбу хўжаликка тегишли мол-мулк бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берганда;

коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш юзасидан ижро ёзувларини тасдиқлаганда;

муаллифлик ҳуқуқи мукофотларини ундиришга қаратилган ижро ёзувларини амалга оширганда;

суғурта пулларини ундириш юзасидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома тасдиқлаганда.

Ташкилотлар:

солиқ ва молия органларига давлатнинг мол-мулкига нисбатан мерос гувоҳномалар берганда;

мактаб-интернатдаги ва ихтисослаштирилган мактаблардаги ўқувчиларнинг ота-оналаридан мактаб таъминоти учун қарзларни ундириш бўйича ижро ёзувларини амалга оширганда.

Жорий этилаётган ушбу янгилик аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига  имтиёзли тарзда нотарил хизматлар кўрсатишга имкон беради.

2019-01-10 20:04:40  |  2161 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация