Коррупцияга қарши самарали курашмоғи учун ОАВга нима(лар) халал бермоқда?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Жамиятни ичидан емиришга қодир иллат – коррупцияга қарши курашда, унинг олдини олишда оммавий ахборот воситалари нималар қилишга қодиру амалда қандай каромат кўрсатмоқда?

Мамлакатимизда коррупция билан боғлиқ вазият ҳақида алоҳида сўз юритишга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Чунки ижтимоий ва иқтисодий вазият билан хабардор ҳар бир фуқаро бу ҳақда озми-кўпми хабардор. Фақат ушбу муаммонинг биз кўтармоқчи бўлган мавзу билан бир боғлиқлик томони бўлган вазият устида тўхталиб ўтмоқчи эдим.

Айримлар коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигига унча ҳам ишонишмайди. Улар “пора бериш ва олиш бизнинг қонимизга сингиб кетган, бир нарса бермасангиз ишингиз битмайди” деган ишонч билан юришибди. Аҳоли ўртасидаги бундай қарашларга барҳам бериш учун қонун ва ахлоқ тушунчалари уйғун ҳолда ҳар бир амалдорнинг қон-қонига сингиб кетиши лозим. Афсуски, фақат қонунни билишнинг ўзи, ахлоқдан узоқ бўлган ҳуқуқий онг коррупция балосидан асраб қолмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Олий юридик маълумотга эга бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг пора билан қўлга тушаётганлиги улар ҳақида шаклланган ижтимоий фикрнинг янада салбийроқ бўлишига олиб келмоқда. Масалан, жорий йил декабрининг ўзида Олий суд ходими, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидан судьялар турли миқдордаги пора билан қўлга олинганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Ёки давлат бошқаруви тизимида ишлаётганлар қонун талабларидан бехабарми? Йўқ, бундай деб бўлмайди. Шунга қарамасдан, ҳокимлик тизимида оддий ходим ҳисобланган мутахассисдан тортиб вилоят ҳокимигача пора билан қўлга тушаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

2018 йилнинг 9 ойи давомида Самарқанд вилоятида 132 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 90 нафари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, 17 нафари фирибгарлик, 25 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 4 нафари пора бериш, 2 нафари пора олиш ва бошқа жиноятларда айбланган. Эгаллаб турган вазифаси бўйича таҳлил этиладиган бўлсак, улардан 22 нафари ички ишлар идоралари, 2 нафари давлат солиқ инспекцияси, 7 нафари олий ва ўрта махсус таълим муассасаси ходимлари, 11 нафари мажбурий ижро бюроси инспекторлари, бир нафардан туман ҳокими ўринбосари, прокуратура, нотариал идора, адлия органлари ходимлари, ҳакамлик суди судьяси ва бошқалардир.

Вилоят прокуратураси катта терговчиси томонидан zarnews.uz сайтида келтирилган ушбу фактлар коррупцияга фақат ҳуқуқий онг пастлиги сабаб бўлмаслигини яққол кўрсатиб турибди.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ушбу иллатни кескин камайтириш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалардан саналади. Аммо бизнинг ОАВ ана шу муҳим вазифани тўлақонли бажаряпти деб бўлмайди. Бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Улардан айримларини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Мавзуни тўлақонли ёритиш учун ОАВ ходимлари етарли кўникмага эга эмаслиги, қонун талабларини чуқур билмаслик ана шундай сабаблардан биридир. Коррупция ҳолатларининг турли соҳаларни қамраб олиб, ранг-баранг кўринишда тусланиши журналистдан ана шу соҳалардан, уларга доир қонунчиликдан яхшигина хабардор бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Коррупцияга қарши жангга отланган журналист унинг ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган қонунларнинг амалда уни ҳимоя қилишига кўп ҳам ишонмайди. Чунки коррупционер одатда юқори мансабдаги амбицияси кучли, яъни ҳар қандай танқидий гап-сўз нафсониятига тегадиган, бундай сўзларни эшитишга ўрганмаган, аксарият ҳолларда жиззаки амалдордир. Журналистнинг бу курашдан эсон-омон чиқиши учун жамиятда қонун устувор ва суд тизими амалда мустақил бўлмоғи лозим. Бундан ташқари, эркин сўз ҳимоясига тайёр турган, ноҳақ айбланган журналистга ён боса олишга журъат қила оладиган ҳақиқий сиёсий партия ва жамот ташкилотлари зарур.

Керакли ахборотни олиш имкониятлари етарли эмаслиги, ахборот манбаларининг ёпиқлиги ҳам ОАВ ходимларининг коррупцияга самарали кураш олиб боришига тўсқинлик қилувчи омиллардан ҳисобланади.

Журналист қанча вақт, куч ва асаб сарфлаб, кўп ҳафталик суриштирувини якунлади ҳам дейлик. Лекин унинг оладиган қалам ҳақи шу меҳнатига яраша бўладими? Унинг бажарган иши оддий хабар ёки мақоладан жуда катта фарқ қилади-ку! Шунингдек, коррупция муаммосини кўтараман деган журналистни бош муҳаррир доим ҳам қўллаб-қувватмаслиги, “тинчингни кўр” деб, унинг жамиятимиз учун ўта фойдали бўлган интилишига қарши чиқаётганлиги ҳам бор гап.

Журналист катта ишонч билан коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиши учун сўзининг таъсирчанлигини ошириш учун чора-тадбирлар кўрилиши лозим. Чунки кейинги йилларда ОАВ чиқишлари кўп ҳолларда қоғозда қолиб кетмоқда. Турли идоралардан ҳақиқат тополмаган тадбиркорлар ОАВга мурожаат қилиб, ёрдам сўрашади. Уларнинг дардини эшитиб, муаммолари ҳақида мақола ёзиб эълон қиламиз. Лекин тегишли ташкилотлар унга умуман муносабат билдирмайди. Муаммо яна ўз ҳолича қолиб кетади, фуқароларнинг турли идораларга шикояти давом этаверади. Ушбу ҳолат бўйича кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Чунки каминага ҳам аҳолининг турли қатлам вакилларидан, жумладан, тадбиркорлардан кўплаб шикоятлар келмоқда. Айримлари ҳақида мақолалар эълон қилинди. Аммо муаммолар аниқ кўрсатилган, айбдорлар тилга олинган бўлишига қарамасдан, ҳаммаси қоғозда қолиб кетди. Бу ҳақда алоҳида сўз юритиш ниятим бор.

Кўриниб турганидек, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари коррупция ва бошқа салбий ҳолатларни тўлақонли ёритиши учун қатор амалий ишларни бажариш лозим. Шундай бўлганда, барча – ҳам жамият ва ҳам давлат катта манфаат кўради.

Тошпўлат Раҳматуллаев

журналист

Nuz.uz

Мавзуга доир:

Мен коррупцияга қаршиманми? Асло!

Порахўр ҳокимларни боғлаб турган омиллар нима эди?

Пора беришни қандай қилиб тўхтатиш мумкин?

2018-12-30 13:48:46  |  2764 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация