Нега Ўзбекистонга хорижий инвестициялар келмаяпти?
Иқтисодчи Юлий Юсупов бу саволга «Совпластитал» корхонасининг тақдири мисолида жавоб беради
Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг паст даражадаги инвестицион жозибадорлигига сабаб — хусусий мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш механизмларининг ўта кучсизлиги, айтишим мумкинки, фалажлигидир. Бугунги кунда биз нималарга эгамиз:
Беқарор, ношаффоф, мураккаблаштирилган, тақиқловчи ва бир-бирини инкор қилувчи, мансабдорлар истаган пайтда уларни ўз фойдасига буриб юбориши мумкин бўлган қонунчилик (бунга яна кўплаб қонуности ҳужжатларини ҳам қўшинг);
Ижроия ҳокимиятининг тийиб туриш тизимига эга бўлмаган, чегараланмаган ҳокимияти;
Самарасиз ва мустақил бўлмаган суд тизими;
Бизнес юритишнинг тенг бўлмаган шарт-шароитлари, ҳалол рақобат қоидаларининг бузилиши.
Сўнгги йиларда бу соҳада вазиятни ўнглаш учун талай ишлар амалга оширилди. Бироқ, таассуфки, кескин бурилишга эриша олмадик.
Давлат қароқчи сифатида
Менинг қўлимга мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш муаммоларини кўзгудагидек акс эттирадиган ҳужжатлар келиб тушди. Бу ишни ўрганиб, инвесторлар нега Ўзбекистонни четлаб ўтишларини осонгина англаш мумкин. Гап «Совпластитал» — бир вақтлар мамлакат кимё саноати етакчиси бўлган компания ҳақида бормоқда.
Компания италиялик ҳамкорлар билан қўшма корхона сифатида узоқ 1987 йилда ташкил этилган. Хорижий инвесторлар томонидан таклиф этилган технологиялар пластмассадан ранг-баранг ассортиментдаги буюмлар: кундалик рўзғор буюмларидан тортиб, сунъий гулларгача ишлаб чиқариш имконини берган. 1990 йилда корхона СССР кимё саноати тизимида пластмассадан ясаладиган буюмларнинг 25 фоизини ишлаб чиқарган.
Корхона раҳбарияти бутун дунёдан энг илғор қайта ишлаш технологияларини келтириб, рангли шиша, керамика, чинни, янги йил ассортименти буюмларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат мамлакат ичида, хорижда ҳам сотилаётганди.
Корхонада 2007 йилгача 1000дан ошиқ одам меҳнат қилиб, улар нафақат ишлаб чиқариш жараёнида банд эдилар, шунингдек интеллектуал мулк яратишаётганди. Ўзининг фаолият даврида корхона 590дан ортиқ саноат мулки, 480та саноат намуналари, 100дан ортиқ ихтироларни рўйхатдан ўтказган. Ўзбекистон фан ва техника давлат қўмитаси 1996 йилда компаниянинг интеллектуал мулкини қарийб 4 миллион долларга баҳолаган.
2008 йилда валюта конвертациясининг ёпилиши хомашё олиб кириш имконияти чеклади, ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартирди ва компаниянинг молиявий кўрсаткичлари кескин ёмонлашишига олиб келди. Қийинчиликларга қарамасдан, корхона ишлашда давом этди.
2017 йилга келиб, корхона акциялари давлатга ҳам (30 фоизи), хусусий инвесторларга, жумладан, аксарияти иккиламчи бозорда бу қимматбаҳо қоғозларни харид қилган хорижий инвесторларга ҳам тегишли эди.
2017 йилда корхонани шунчаки қонуний эгаларидан тортиб олиб қўйишди. Тортиб олганда ҳам аллақаёқдаги бандитлар эмас, мулк ҳуқуқи ҳимоясида туриши керак бўлган мансабдорларимиз олиб қўйишди. Асос — узоқ 1997 йилда ўтган гўёки «нотўғри» хусусийлаштириш.
Ўшанда Давлат мулкларини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва «Совпластитал» компанияси билан тузилган битимга кўра, корхона акциялари қўйидагича тақсимланган: давлатга — 30 фоиз, меҳнат жамоасига — 60 фоиз, хорижий компанияларга — 10 фоиз. Бундай ёндашув хусусийлаштириш қоидалари ва амалиётига тўла мос бўлган. Хусусийлаштиришдан сўнг давлатга тегишли бўлмаган кўплаб акциялар ўз эгаларини қимматбаҳо қоғозларнинг иккиламчи бозоридаги битимларга асосан ўзгартирган.
Нега энди орадан 20 йил ўтгач бу битимни тўсатдан ноқонуний деб топишга қарор қилишди? Нимага асосан? Мен судга киритилган даъво аризаларини (улар — иккита) ўқиб кўриб, бу асосларни топа олмадим.
Боз устига, хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш талаби ёзилган даъво аризаси амалдаги қонунчиликка зиддир. Гап шундаки, 2017 йилнинг 17 январь куни қабул қилинган, Президентнинг ПФ-4933-сонли «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган: «2. Қуйидагилар тақиқлансин… давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш».
Даъво аризаси эса 2017 йилнинг 5 майида берилган. Яъни, президент фармонига очиқдан-очиқ беписандлик қилинмоқда.
Лекин судни бу ҳолат заррача ташвишлантирмайди ва у ниҳоятда тезкорлик билан (2017 йилнинг 31 майида) компания устав фондида давлат улуши ҳуқуқи 96,67 фоиз, деган қарор чиқариб беради. Қарор масаланинг моҳияти чуқур ўрганилмасдан чиқарилади, чунки суд илтимосномалар чегарасидан нарига ўтмаган. «Совпластитал» ҳимояси учун туриб берган Савдо-саноат палатасининг қарши аризаси кўриш учун қабул ҳам қилинмаган.
Хўш, қарор нима асосида чиқарилди? Аниқланишича, СССР парчалангач, корхонага эгалик қилган иттифоқ вазирлигининг мулклари Ўзбекистон ихтиёрига ўтиши керак экан. Хўп, яхши, СССР 1991 йилда тарқалди ва корхона давлатимиз ихтиёрига ўтди, ҳам дейлик. Лекин бу ерда 1997 йилда ўша вақтда амалда бўлган қоидалар билан ўтказилган ва Давлат мулк қўмитасининг тегишли ҳужжатлари билан мустаҳкамланган хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишнинг нима алоқаси бор? Суд негадир бу ҳужжатларнинг ҳаммасини, жумладан, мулк ҳуқуқига давлат ордерини ҳам қонуний кучга эга эмас деб топди.
Хусусийлаштиришнинг мазмун-моҳияти ҳам аслида давлат мулкини нодавлат мулк қилиш эмасми? 1997 йилдаги қонунбузарликлар нималардан иборат бўлган эканки, Давлат мулк қўмитасининг қарорлари бекор қилинса? Мен бу саволларга жавоб топа олмадим. Чунки улар йўқ. Фақатгина 1991 йилда «Совпластитал» мулкининг 96,67 фоизи давлатга тегишли бўлганини (бошқа далиллар йўқ!) ҳисобга олиб, суд корхонанинг 1997 йилда хусусийлаштирилгани ҳақидаги қарорни бекор қилмоқда. Абсурд!
Энг асосийси, суд қарори ишга мулклари давлат ихтиёрига тортиб олинган акциядорларни жалб қилмасдан ўтказилган. Ўзи мулк давлат ихтиёрига ўтказилишининг уч хил кўриниши бор: миллийлаштириш (национализация), реквизиция ва мусодара қилиш. Миллийлаштириш ва реквизиция товон пули тўлашни тақозо этади (бу нарса қилинмаган), мулкни мусодара қилиш эса, Фуқаролик кодексининг 204-моддасига кўра фақат содир этилган жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарлик юзасидан амалга оширилади. Акциядорлар қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этишган?
Боз устига, иккиламчи бозорларда корхонанинг акцияларини харид қилган акциядорларнинг айби нимадалиги умуман тушунарсиз. Нега улар учинчи шахсларнинг гўёки ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўришлари керак?
Бу мақола мавзуси нуқтаи назаридан нималарни билиб олмоқдамиз?
1. Ўзбекистонда мулкни ҳеч қандай қонуний асосларга эга бўлмасдан туриб, ҳаттоки президент фармонига терс бўлса-да, тортиб олиш мумкин.
2. Судлар қонун ҳимоясида тура олишмайди, аксинча, юқоридан туширилган ҳар қандай қарорни имзолашга тайёр.
3. Суд қарорларига кўра формал жиҳатдан ҳеч қанақасига айбсиз бўлган мулкдорларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмайди.
4. Тадбиркорларда ўзининг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун таъсирли механизмлар йўқ.
Хулоса: токи биз мулк ҳуқуқини таъсирчан ҳимоялай олиш тизимини ярата олмас, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва поймол қилмасликни ўргана олмас эканмиз, узоқ муддатли ҳамда юқори технологияли лойиҳалар билан чинакам инвесторлар келишини кутиб ҳам ўтирмаслигимиз керак. Ўшангача биз «ночорлик доми»дан чиқа олмайдиган, истиқболсиз, қашшоқ давлатлигимизча қолаверамиз.
Яна бир нарса. Давлат ўзининг нотўғри, ҳуқуқларни поймол қилувчи қарорларини қайта кўриб чиқишни ўрганишини истар эдик. Бу билан инвесторларга уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига тайёрлигини кўрсатиб қўйган бўлар эди.
Юлий ЮСУПОВ,
иқтисодчи
Изоҳ: мақола қисқартирилган ҳолда эълон қилинмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш