Беш юз миллионлик найранг



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Улар пойтахтдан Сурхондарёга қатнайдиган автомашиналар турадиган бекатда тасодифан танишиб қолди. Ўзаро суҳбатда илгари бир маҳаллада яшашганлиги маълум бўлди-ю, янада чиқишиб қолишди.

Қодир Рўзибоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) янги таниши Равшан Хидировнинг «Нима иш қиласиз», деган саволини тўғри тушуниб, Тошкент вилоятидаги кушхоналарга қорамол олиб бориб, сўйдириши ҳақида гапириб берди. Р.Хидиров ҳам ўз навбатида, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиши, асосан музқаймоқ ҳамда музлатилган чучвара ва товуқ гўштларини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан олиб келиб сотиш билан шуғулланишини маълум қилди. Гап айланиб, пластик карточкага тақалиб, Қ.Рўзибоев моллар сўйилишидан келадиган пулларни карточкага тушириб олишини айтганида, нима учундир Р.Хидировнинг кўзлари чақнаб кетди.

– Менга қаранг, хоҳласангиз, карточкангиздаги пулларни нақдлаштиришда ёрдам бераман, – деди шоша-пиша.

– Қандай қилиб? – ҳайрон бўлиб сўради Қ.Рўзибоев.

– Қандай эмас, қуртдек қилиб, – салмоқланганча гапида давом этди Р.Хидиров. – Карточкангиздаги пулларни фоизсиз нақдлаштириб беришим мумкин.

– Йўғ-е!

– Нимага ишонмайсиз? Маҳаллада музлаткич омборхона қургандим, анчагина маблағим кетиб қолди. Шу сабабли ҳисобимдаги айланма пулнинг «чўғ»и камайиб қолди. Карточкангизни берсангиз, маҳсулот сотиб оламан. Уларни сотгач, савдодан тушган пулларни сизга бераман. Нима дедингиз, маъқулми?!

Қ.Рўзибоев ичида «Бир жойнинг одами бўлгандан кейин алдамаса керак», деб ўйлади. Шундай бўлса-да, таниш-билишларидан суриштириб, Равшан Хидиров улгуржи савдо билан шуғулланиши, омборхонаси ҳам борлигини аниқлади. Унга ишониш мумкинлигига амин бўлгач, 2016 йилнинг декабрида жиянининг номидаги, ичида 100 миллион сўм маблағ бўлган пластик карточкани Равшан Хидировнинг қўлига тутқазди.

Январь ойида эса пулларини олиш мақсадида Р.Хидировнинг ишхонасига борди. Уни Р.Хидировнинг хотини қарши олди. Эри маҳсулот олиб келиш учун Тошкент шаҳрига кетгани, ҳозир ишлари юришганини айтиб, агар пластик карточкасида яна пуллар бўлса, уларни ҳам нақдлаштириб беришлари мумкинлиги ҳақида гап бошлади.

– Ахир маҳалладошмиз, – деди Р.Хидировнинг хотини. – Бизга ишонмасангиз, ана, пулларингизга гаров сифатида ҳовлида турган «Каптива»ни ҳайдаб кетишингиз мумкин…

– Опа, бу нима деганингиз, – хижолат тортгандек бўлди Қ.Рўзибоев. – Мени ҳам тўғри тушунинг. Эрингизга берган пулларни олмасдан туриб, яна пул беролмайман. Бунинг учун сизни яхши танийдиган ота-онамдан сўрашингиз керак. Агар улар менга «бер», дейишса, гап бўлиши мумкин эмас, айтганларини бажараман.

Кўп ўтмай Равшан Хидировнинг хотини жияни билан Қ.Рўзибоевнинг уйига борди. Унинг ота-онасига ўзини таништириб, агар карточкасида яна пуллар бўлса, уларга қўшиб, олдин олган 100 миллион сўмини ҳам май ойигача қайтариб беришга ваъда бериб, гаров сифатида омборни Қ.Рўзибоевнинг номига ўтказиб бериши мумкинлиги ёки «Каптива» автомашинасини таклиф қилди.

Унинг гапларига ишонган онахон ўғлига улар айтган пулларни беришини тайинлади. Қ.Рўзибоев кўп ўтмай Р.Хидировнинг қўлидаги пластик карточкага яна 179 миллион сўм маблағни тушириб берди. Аммо Р.Хидиров пулларни қайтаришни хаёлига келтирмас эди. Қ.Рўзибоев ҳадеб сўрайвергач, айни пайтда нақд пули йўқлигини рўкач қилди-да, хотини айтган «Каптива» русумли автомашинани 120 миллион сўмга баҳолаб, унинг уйига ташлаб кетди. Бироқ, пули ўрнига гаров сифатида «Каптива»га эга бўлган Қ.Рўзибоевнинг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, пойтахтдан автомашинанинг ҳақиқий эгалари келиб, «Каптива»ни олиб кетишди.

Автомашина билан иш битмагач, Р.Хидиров бошқа йўлни танлади. У энди қарзи эвазига ўзига тегишли кўчмас мулки бўлмиш музлаткич омборхона биносини Қ.Рўзибоевнинг номига расмийлаштириб беришни айтиб, уни тумандаги нотариал идорага бошлаб борди. Бироқ, шартнома тузиладиган вақтда тўсатдан фикридан қайтди ва пулни қайтариб беришини ваъда қилиб, бу сафар гаров эвазига бино ҳужжатларини унинг қўлига тутқазди. Кейин эса Қ.Рўзибоевдан ҳақиқатдан ҳам 279 миллион сўм олганлиги, май ойи охиригача қарзини қайтариши ҳақида МФЙ раиси гувоҳлигида тилхат ёзиб, муҳр бостирди. Май ойи келгач, пулларнинг ўрнига «Лабо» русумли автомашинани 24 миллион сўмга баҳолаб, ташлаб кетди.

Шунисига ҳам шукр қилган Қ.Рўзибоев энди «Лабо»ни ўзининг номига расмийлаштириш мақсадида автомашина эгасини қидириб топди. Бироқ, унинг гапларини эшитиб, яна «тарвузи қўлтиғидан тушди». Автомашина эгаси Р.Хидиров 1860 АҚШ долларини бермасдан, алдаб юрганлигини айтиб, автомашинани унинг номига расмийлаштириб беришдан бош тортди…

Р.Хидировнинг «ҳожатбарор»лиги фақат шундангина иборат эмас. Маълум бўлишича, у фуқаро Салоҳиддин Муҳиддинов томонидан Зангиота туманида сўйилган қорамолларни сотишдан пластик карточкага тушган пулларни фоизсиз нақд қилиб беришни ваъда қилиб, ундан аввалига ичида 20 миллион 850 минг сўм бўлган карточкани олади. Кейинчалик ушбу карточкага оз-оздан пул туширтириб, охир-оқибат 350 миллион сўм маблағни ўзлаштиради. Тўғри, С.Муҳиддиновнинг талаби билан у карточкадаги пулларни нақдлаштириб, вақти-вақти билан озроқдан пул бериб туради. 2017 йилнинг 17 мартига қадар 350 миллион сўмдан 154 миллион сўмини нақдлаштириб, қолган 196 миллион сўмини бермай, С.Муҳиддиновни сарсон қилади. С.Муҳиддиновнинг профилактика инспекторига қилган мурожаатидан кейингина, ҳафтасига 10 миллион сўмдан бериб, яна 29 июнгача қарзининг 60 миллион сўмидан қутулади. Аммо қолган 126 миллион сўмни беришга келганда, «имкон» тополмайди.

Фуқаро Каримбой Унгаров ҳам пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштираман, дея «чув» тушиб қолганлардан. 2016 йил охирида бир танишидан пластик карточкадаги пулларни фоизсиз нақд қилиб бераётган «ҳожатбарор» ҳақида эшитиб, ичида 5 миллион сўм бўлган карточкасини Р.Хидировнинг хотинига беради ва маблағини эртасигаёқ нақд пулда қайтариб олади. Хурсанд бўлган К.Унгаров «ҳожатбарор»ларга бир неча бор мурожаат қилиши натижасида охир-оқибат 84 миллион 700 минг сўмини ололмай, доғда қолади.

Равшан Хидировнинг найрангига асир бўлганлардан яна бири Жамшид Абдулаҳатовдир. У 45 кунда фоизсиз нақд пул ечтириб олиш имконияти ҳақидаги хабарни эшитиб, ичида 100 миллион сўм маблағи бўлган пластик карточкасини Р.Хидировга бериб юборади. Аммо шу билан на пулларини ва на пластик карточкасини қайта кўради. Р.Хидиров эса пулларини қайтариб беришни ваъда қилишдан чарчамайди.

Ҳар нарсанинг ҳам чегараси бор. Жабрланувчиларнинг мурожаатларига асосан эр-хотин фирибгарларнинг қинғир фаолиятларига чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг ҳукми билан Равшан Хидировга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг хотини Гавҳар Шодмонова эса 8 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилди ва тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди. Судланувчилардан жабрланувчи Қ.Рўзибоевга 255 миллион сўм, С.Муҳиддиновга 126 миллион сўм, К.Унгаровга 84 миллион 700 минг сўм солидар тартибда ундирилиши, шунингдек, судланувчи Р.Хидировдан эса жабрланувчи Ж.Абдулаҳатовга 100 миллион сўм ундирилиши белгиланди.

Отабек БОБОҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят прокуратураси бўлим прокурори

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-12 17:49:15  |  2117 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация