Мансаб сотган мансабдорлар



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Тан олиш керак, бутун дунёни чирмовуқдек ўраб олишга интилаётган коррупция балоси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу иллатга қарши кескин чоралар кўрилаётганига қарамай айрим кимсалар ўз манфаатлари йўлида пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, мансаб курсисини сотиб олиш, моддий манфаат эвазига эгаллаб турган лавозимидан фойдаланган ҳолда мансабни пуллаш каби жирканч ишлардан ўзларини тия олмаяпти.
Бунга ўн йиллар аввал давлат бошқаруви органида фаолият олиб борган Азизбек Дўр­монов (исм-фамилиялар ўз­гар­ти­рилган) ва муқаддам судланган Камолиддин Примовлар томонидан тузилган ҳамда бош­қариб келинган жиноий гуруҳ фаолиятини мисол келтириш мумкин. Улар товламачилик, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги, пора беришга далолат қилиш каби жиноятларни қасддан содир этиб келишган. Жиноий тўдада ишлар ўзаро тақсимот асосида олиб борилган.
Рустам Ҳайдаров, Ином Азизов, Икромиддин Ёрматов, Нигора Холиқова, Усмон Оқи­лов, Шермат Ҳасанов, Азиз Илҳомов, Василий Ребров, Самандар Салимов ва бошқалар жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси сифатида ҳаракат қилиб, катта идораларга раҳбар лавозимига ўтиш, оддий қилиб айт­ганда, бирор курсини эгаллаш ниятида бўлган, шунингдек, фарзандларини олий ўқув юрт­ларига жойлаштириш, ваколатли давлат органларидан муайян фаолиятни амалга оширишга ҳуқуқ берувчи рухсатномалар олиш, жиноят содир этганлиги учун жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган ёки суд ҳукмлари асосида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган яқин қариндошларини қамоқдан озод қилиш каби мақсадларда юрган фуқароларни топиб, уларнинг ишончига киришган. Улар шу йўл билан ҳар қандай муаммони ҳал қила олишларига одамларни ишонтиришади. Албатта, бу саховатпешалик қуруқ раҳмат эвазига бўлмайди.
Мазкур уюшма таркибида юқори идораларнинг мансабдорларидан тортиб, текин даромад учун исталган ишга тайёр нафс бандалари жамланган эди.
Олдиндан ўйланган режага кўра, мабодо, ишлар чаппасидан кетиб, раҳнамоларнинг «тиши ўтмайдиган» муаммо сабаб ваъда қилинган вазифа уддаланмаса ёки жабрланганлар уларнинг жиноий фаолиятидан хабардор бўлиб, алданганлигини билиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши эҳтимоли ҳам инобатга олинади. Яъни шундай вазият юзага келгудек бўлса, жабрланганлар тегишли жойга мурожаат қи­лишса, ўзларига қийин бўлишини, ўзларига нисбатан жиноят иши қўзғаттириб, қаматтириб юбориш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан маблағнинг қолган қисмини қўлга киритиш йўлидан боришади. Қисқаси, ҳаммаси пухта ўйланган режа ва аъзоларнинг қатъий интизоми асосида олиб борилади.
2010 йилнинг декабрь ойида Р.Ҳайдаров Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишловчи ишончли «манба»лари орқали пайариқлик К.Алимованинг Сиёб тиббиёт коллежи директори лавозимига тайинланиш учун вазирликка ҳужжатларини топширганлигидан хабар топиб, ишга киришади. 2011 йил 2 январь куни Самарқанд шаҳрида у билан учрашиб, унга Соғлиқни сақлаш вазирлигида топшириши лозим бўлган имтиҳонлардан юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали муваффақиятли ўтишига ёрдам беришини ва юқори лавозимларда ишловчи танишларини ишга солиб, коллеж директорлиги лавозимига тайинланишини ҳал қилиб беришни ваъда қилади. Фақат 100 минг АҚШ долларлик харажатдан қочмаса, олам гулис­тон. Аммо К.Алимовани «илинтириш» осон кечмайди. Бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнидаги уринишлардан сўнг К.Али­мова уларнинг чорловига мойиллик билдириб, келишилган 100 минг АҚШ доллари ҳисобидан 25 минг АҚШ долларини бўнак сифатида беришга рози бўлади. Бироқ бу иш амалга ошмайди.
Мижоз топиш борасида энди  И.Ёрматов «катта саҳна»га чиқди. У 2012 йил апрель ойида 2006-2008 йиллар давомида Нарпай туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб, 2008 йилдан буён Пахтачи туманидаги «Ўқув спорт техника клуби» бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган А.Абдураҳимовни нишонга олади. Уни қармоққа илинтириш учун со­биқ «муовин»нинг ўғли А.Мансуровдан фойдаланади. И.Ёрматов жиноий шериклари билан бирга А.Мансуров билан учрашиб, раҳнамоси бўлмиш А.Дўрмонов гўёки давлат бош­қарув органларининг раҳбар лавозимларига номзодларни танлаш ва республика раҳбариятига тавсия этишга масъул мансабдор шахс эканлигини, ўша пайтдаги Нарпай туман ҳокимининг эгаллаб турган лавозимидан озод этилиш масаласи кўриб чиқилаётганлигини, А.Дўрмонов орқали унинг отасини Нарпай туман ҳокими лавозимига тайинлашни муайян миқдордаги пул эвазига ҳал қилиб бериши мумкинлигига ишонтиришади. Уларнинг гапларига лаққа тушган А.Мансуров фирибгарларни отасининг олдига бошлаб боради. Гуруҳ аъзолари бу ерда ҳам ўзларининг «маҳо­рат»­ларини ишга солиб,   А.Абдураҳимовнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришни қо­йиллатишади. Уни кўкларга кўтариб мақтаб, Нарпай туман ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган даврида кўп яхши ишларни амалга оширганлиги учун туман ҳокими лавозимига лойиқ инсонлигини айтиб ал­қашади. Бундан ғурурланиб кетган А.Абдураҳимов ўрганиб чиқишлари учун шахси ва меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотни уларга тутқазади.
Орадан икки кун ўтиб, гуруҳ аъзолари «хушхабар» билан келишади. Яъни, А.Дўрмонов унинг шахсини ўрганиб чиққанлигини ва унинг номзоди Нарпай туман ҳокими лавозимига тўғри келишини, агар нияти жиддий бўлса, 100 минг АҚШ доллари бериши кераклигини айтишади. Шундан 50 фоизини, яъни 50 минг АҚШ долларини олдиндан, қолганини эса лавозимга тайинланганидан сўнг беришини тушунтириб ўтишади. Мансаб дарагини эшитган А.Абдураҳимов бу таклифга рози бўлади.
Ушбу келишувга кўра, 2012 йил май ойининг бошларида жиноий гуруҳ аъзолари лавозим ишқидаги шахсдан ўғли орқали 25 минг АҚШ долларини қўлга киритишади.
Талаб қилинган пулнинг бир қисмини қўлга киритган жиноий гуруҳ аъзолари А.Абдураҳимовга «спектакль» ташкиллаштиришади. Барчасини ишонарли қилган жиноий гуруҳ А.Абдураҳимовни А.Дўрмонов билан бирга ишлайдиган, нафс қулларидан бири бўлган А.Мамарасуловнинг суҳбатидан ўтиши учун хизмат хонасида учрашув уюштиришади. 2012 йил 12 май куни А.Мамарасулов уни қабул қилиб, меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотнома билан унинг кўз ўнгида танишиб чиқади. Аслида буларнинг бари катта пулни қўлдан чиқармаслик учун саҳналаштирилган “театр томошаси” эди. Аммо А.Абдураҳимов Девон ходимларининг биридан А.Мамарасулов Давлат бош­қарув органлари раҳбар лавозимларига номзодларни танлаш ва улар билан суҳбат ўтказиш ваколатига эга эмаслигини билиб олади. Шундан сўнг гуруҳ аъзоларидан пулларини қайтариб беришни талаб қилади. Лекин у «қарши ҳужум» олдида карахт аҳволга тушиб қолади. Олдиндан тузилган жиноий режага кўра, гуруҳ аъзолари А.Абдураҳимовнинг ўзини жиноятда айблаб, боши берк кўчада қолдиришади. Жиноий гуруҳ аъзолари     А.Абдураҳимовни лавозимга тайинланишини ҳал қилиб бериш учун валюта маблағларини уларга пора сифатида берганлигини, бу ҳаракатлари билан у ноқонуний валюта операцияси билан шуғулланиш ва пора бериш жиноятларини содир этганлигини, агар талаб қилинган маблағнинг қолган қисмини бермайдиган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бу ҳақида хабар бериб, уни қаматиб юбориш билан қўрқитишади. Иложсиз қолган А.Абдураҳимов уларга яна 75 минг АҚШ долларини олиб келиб беришга мажбур бўлади. Аммо юқо­ридаги каби бу иш ҳам ҳал бўлмайди, пул ҳам эгасига қайтарилмайди.
Кейинги иш Самарқанд вилояти «Сифат» марказининг Нарпай тумани «Зирабулоқ пахта тозалаш заводи» очиқ акциядорлик жамияти лаборатория мудири лавозимида ишлаб келган А.Умировни 300 минг АҚШ доллари эвазига «Самарқандпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаси бошқарув раиси лавозимига тайинлаш бўлди. Жиноий гуруҳ аъзолари А.Умировга ҳам тоғдек ваъдалар бериб, гўёки уни раис лавозимига тайинлаб қўйишди.
Худди А.Абдураҳимов билан бўлгани каби ўша сценарий асосида давом этган ҳаракатлар натижасида А.Умировнинг 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритишади.
Бу ҳаракатлари ортидан келаётган катта маблағ уларни яна юришга, мижоз топишга ундар эди. Шундай жараёнларнинг бирида Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бош­қармасида бош мутахассис лавозимида ишлаб келаётган Ш.Раҳимов қармоққа илинди. Қарши тиббиёт коллежи директорлиги лавозимини эгаллаш иштиёқи уни Тошкент шаҳридаги жиноий тўда аъзолари билан учраштирди. Ўзаро суҳбат давомида мазкур лавозимга та­йинланишнинг нархи 50 минг АҚШ доллари қилиб белгиланди ва олдиндан бўнак сифатида 25 мингни қўлга киритишди. Ўз кўнглида «катта»лар билан масалани ҳал қилиб, тезроқ коллеж директорлиги курсисига ўтиришни хаёл қилган Ш.Раҳимов вақт ўтиши билан алданганини англаб етди ва пулларни қайтаришни талаб қилди. Унинг бошига ҳам юқоридаги ҳолат тушди. Яъни келишилган пулнинг қолганини ҳам бермайдиган бўлса, «юқоридаги» одамларнинг топшириғи билан қамалиб кетиш таҳдиди уни ҳам четлаб ўтмади. Аммо жиноий гуруҳ аъзолари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноятларини охирига етказа олишмади. Лекин 25 минг АҚШ доллари ўзларида қолиб, гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланди.
2012 йил июль ойи бошларида Р.Ҳайдаров бир таниши билан ўзаро суҳбатда фуқаро У.Озодовнинг «Косон ёғ-мой» АЖ раиси бўлиш учун ҳар қанча маблағини аямаслигини эшитади. Бу фуқаро билан учрашишга эришган Рустам дар­ҳол «эски эртак» билан унинг ишон­чига кирди. Амалдор танишлари орқали бу шахсга ниятидаги лавозимни ваъда қилди. АЖ раислиги 300 минг АҚШ долларига баҳоланди.
Улар келишилган куни, белгиланган жойда учрашишганида Р.Ҳайдаров «Ака ҳужжатларингиз катталардан ўтди, пул масаласида ҳам уступка бор. Сиз 5 йил давомида 300 минг долларини қилиб берасиз, агарда имкониятингиз бўлса, ҳозир 20 минг АҚШ доллари топиб беринг, каттанинг майда-чуйда хизматлари бор, чунки хизматларни мен бажариб юраман» деб айтганида, У.Озодов унга ҳозирда қўлида нақд пул йўқлигини, топа олса ке­йинчалик 20 минг АҚШ долларини қилиб беришини маълум қилади. Ёлғонни сув қилиб ичадиган Рустам орадан 5-6 кун ўтганидан кейин қўнғироқ қилиб, заводда текширув якунланаётганлигини, кастюм-шим, галстукларни тайёрлаб қўйишини тайинлайди. Даъвогар директор барчасини ўзи текшириб кўрмоқчи бўлиб, заводга бориб жараённи суриштирганида, ҳақиқатдан ҳам заводда текшириш тугаш арафасида эканлигини билганлигини, кейин у заводда ишловчи қоровул ва унга нотаниш бўлган бошқа ишчилар билан АЖга Қарши шаҳридан «Озодов» деган шахс директор бўлишини айтишади. Шундан сўнг у Р.Ҳай­даровга тўла ишониб, 50 минг АҚШ долларини етказади. Бироқ бу сафар ҳам жиноий гуруҳнинг ваъдалари қуруқ бўлиб қолаверади.
Ҳар ишнинг интиҳоси бўлгани каби мазкур жиноий уюшманинг ҳам танобини тортадиган вақт етиб келганди. Уларнинг қилмишлари фош бўлиб, жиноятчилар бирин-кетин жавобгарликка тортила бошланди. Фақатгина Р.Ҳайдаров жуфтакни ростлаб қолди, гўё шу билан муқаррар жазодан қутулиб қоладигандек. Унга нисбатан қидирув эълон қилинганлиги сабабли 2016 йилнинг март ойида жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилади. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек Р.Ҳайдаров узоқ вақт беркиниб юра олмади. 2017 йилда ушланиб, тергов ҳаракатлари тикланди ва қонун ҳукмига ҳавола этилди. Суд томонидан унга ҳам озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Улуғбек АҲМЕДОВ,
Бош прокуратура бошқарма АМИБ катта терговчиси

("Huquq" газетасидан олинди).

2018-09-28 16:01:42  |  2398 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация