Гувоҳ адвокатининг савол бериш ҳуқуқи чекланган(ми?)



 
  Расм манбаси : 

Бир жиноят иши юзасидан Фарғона вилоятига борган эдим, у ерда жиноят ишлари бўйича шаҳар судига гувоҳ сифатида чақирилган кишининг адвокати бўлиб иштирок этишим керак эди. Суд мажлиси бошланиши билан ушбу гувоҳ суд залига таклиф қилинган пайтда мен ҳам мажлисда қатнашиш учун у билан биргада кирдим. Хизмат гувоҳномамни кўрсатиб, ордерни тақдим этдим.

Раислик этувчи судья Жиноят-процессуал кодекс талабларига биноан гувоҳнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўлиқ тушунтирди, кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирди ва ошкора қасамёд қилдирди.

Сўроқ бошланди.

Гувоҳни сўроқ қилиш жараёнида савол бериш навбати менга келди. Мен савол бериш ҳуқуқимдан фойдаланиб, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўзим ҳимоя қилаётган гувоҳга бир неча савол бердим ва тегишли жавоблар олдим.

Шундан сўнг, гувоҳ судланувчи билан юзлаштирилди. Юзлаштириш давомида ҳам икки шахс кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликларнинг сабабини аниқлаш учун судланувчига саволлар бермоқчи эканлигимни раислик этувчига билдирдим. Лекин раислик этувчи ЖПКни варақлаб, гувоҳнинг адвокати ҳуқуқларини (66-1-модда) бирма-бир ўқий бошлади. Сўнгра менга: “Моддада судланувчига савол бериш ҳуқуқи назарда тутилмаган, шу сабабли судланувчига савол бера олмайсиз”, дея мурожаатимни рад этди ва савол бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Мен ушбу модда тўртинчи хатбошисидаги “гувоҳ иштироки билан ўтказилаётган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш" деган жумлада айнан ушбу юзлаштириш жараёнида менинг судланувчига савол бериш ҳуқуқим ифодаланганлигини айтиб эътироз билдирсам-да, раислик этувчи фикрида қаттиқ туриб олди.

Жиноят ишини судда кўриб чиқишдан мақсад ҲАҚИҚАТНИ АНИҚЛАШ экан, менга савол бериш имкониятини яратиб берилгани яхши эмасмиди? Чунки, худди шунга ўхшаш ҳолат Тошкент шаҳридаги судлардан бирида ҳам юз берган эди. Унда ҳам суд жараёнида гувоҳнинг адвокати сифатида қатнашар эканман, раислик этувчи судья юзлаштириш давомида судланувчига саволлар беришимга монелик қилмаган, натижада менинг бир неча асосли саволларим ҳақиқатнинг юзага чиқишига ёрдам берган эди.

Ҳолат бир хил бўлгани ҳолда амалиёт нега турли?

Демак, тушунмовчиликка барҳам бериш учун юқоридаги моддага, яъни гувоҳнинг адвокати ҳуқуқлари сирасига “гувоҳни юзлаштириш чоғида у билан юзлаштирилаётган бошқа шахсларга саволлар бериш” деган жумлани киритиш тақазо этилади.

Гувоҳ адвокатининг айрим процесс иштирокчиларига саволлар бериш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамлаб қўйилиши турлича амалиётнинг олди олинишига ва одил судлов фаолиятида қонуний, асосли ва адолатли қарорлар чиқарилишига ёрдам беради, деб ҳисоблайман.

Абдумалик АБДУЛЛАЕВ,

адвокат

2023-02-03 15:41:02  |  1533 |   0  | 

2 изоҳлар

Феврал 04, 2023  21:32

1.Адвокат Абдуллаев

Конституциявий судига шарҳ бериш ҳақида мурожаат қилиш ҳуқуқимиз чеклаб қўйилди-ку!

Феврал 04, 2023  06:54

2. Адвокат Эргашев Султон

Яхшимисиз, агар вактимиз булса, Конституция судига шарх берилишини сураб, мурожаат килинг, мен одатда шундай киламан



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация