“ҚОИДА ТАРИҚАСИДА”. Мирбобоевнинг ҳимоясига чоғланган депутат унга қўшилиб танқид ва кулгига қолиб кетди



 
  Расм манбаси : Кун мавзуси истеъдодли карикатурача рассом Ҳабибулло Мўйдиновни (@habikatura) ҳам бефарқ қолдиргани йўқ...

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билиб-билмай арининг уясига чўп суқиб қўйди. Унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди амалдаги раисининг лавозимида ноқонуний ўтирганлиги ҳақидаги пости ижтимоий тармоқларда яхшигина шов-шув кўтарди. Сиёсатшуносга расмий жавоб эълон қилингач, баҳс-мунозараларнинг пилиги яна кўтарилди. Чунки, жавоб танқид қилинган амалдорнинг маҳкамасидан эмас, бошқа ҳокимият идорасидан — парламентдан чиққан, иккинчидан эса юридик (ва мантиқий) жиҳатдан бўшроқ эди. Депутат Полвонов Конституцион суд раисини ҳимоя қилишга уринган эди, қайтага ўзи унга қўшилиб танқидга қолиб кетди. У анча тер тўкиб изоҳлаган “қоида тариқасида” ибораси эса блогерларнинг саъй-ҳаракати билан “мем”га айланди.

***

Дониёр Рўзметов, блогер

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Полвоновнинг мавзу юзасидан мақоласи чиқди.

У судьянинг 75 ёшда бу мансабни эгаллаб ўтиргани ва 5-муддатни бажараётганлигини инкор этмаган. Аксинча, бу иккала ҳолатнинг тўғрилигини "исботлаб бериш"га ҳаракат қилган.

Унга кўра "70 ёш чегараси" ҳақидаги банд қоида тариқасида киритилган эмиш ва "Оддий сўзлар билан айтганда етмиш ёшгача бўлган ва ундан ошган фуқаро Конституциявий суднинг судьяси бўлиши мумкин" экан.

Ҳали бу оддийлаштирилгани. Мен янада оддийлаштираман:

"70 ёшгача" дегани бу "70 ёшгача ва ундан ошган" дегани. Яъни: 70=70+.

Математик мантиқ қалай? Қойилмисиз?

Судьянинг 5-муддат мансабни эгаллаётганлигининг сабаби 2017 йилда қонун юзасидан қабул қилинган ўзгариш бўлиб, у судьянинг 2017 йилдан олдинги муддатларини нолга тенглаштиради. Яъни ҳозир судья ўзининг бешинчи эмас, биринчи муддатидадир.

Бу худди бир пайтлар Каримов, Лукашенко, Назарбоев, Раҳмон, Туркманбоши, Путин ва бошқалар конституцияга ўзгартириш киритиб, муддатни нолга тушириб олиб,  барчасини бошқатдан бошлаганларидай гап. Яъни судья жанобларига умр бериб турса, 2022 йилда 77 ёшида биринчи муддатни, 2027 йилду 82 ёшида иккинчи муддатни тугатишга ҳаққи бор. 2027 йилда қонунга ўзгартириш киритилса, барчаси яна нолдан бошланиб, у қайтадан биринчи муддатга сайланиши мумкин. Қалай?

Французларда бир гап бор: Айбдор бўлиб чиққандан кўра, аҳмоқ бўлиб чиқ. Яъни айбдор бўлмаслик учун одам ўзини жиннига солиб вазиятдан чиқиб кетишга уринади. Депутатнинг уринишини шунга ўхшатдим.

Ва хулоса ўрнида, "Майсаранинг иши"даги бир гапни айтгим келди:

- Сизлар нима қилсангизлар ҳам қонунларга тўғри келаверади-а, Қози калон?

***

Баҳодир Аҳмедов, блогер, юрист

Конституциявий суддан навбатдаги шармандали қадам

Конституциявий суд танқидларга жавоб қайтарибди. Нима эмиш, 2017 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва бу қонун қабул қилингандан кейинги давр учун амал қиладикан. Диктаторлик давлатларида шундай таомил бор-ку. Диктатор алмашиши керак бўлган пайт “шап” референдум қилинади, Конституцияга ўзгартириш киритилади. Шу билан бу янги Конституция. Муддатлар ҳам янгиланади (мас. Путиннинг “обнуление”си).

Ёш бўйича ҳам белгиланган меъёр императив (мажбурий) эмас экан. Унда нима керак бу қоида киритилиб?

Ўзи умуман шунақа 2 мартадан ортиқ мумкин экан, 70дан ошса ишлайвераркан, 6-моддани ўзи нега керак? Қонунни овора қилиб нима қиласизлар?

Бизга конкрет амал қиладиган қонунлар керак. Бу эса кўзбўямичиликнинг юқори чўққиси.

***

Зафарбек Солижонов, блогер, юрист

Биринчи ҳокимият бўлиши керак бўлган қонун чиқарувчи ҳокимият вакили Шуҳрат Полвоновнинг учинчи ҳокимият - Суд вакилига "адвокатлик" қилиб айтишича, Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этади. Оддий сўзлар билан айтганда етмиш ёшгача бўлган ва ундан ошган фуқаро Конституциявий суднинг судьяси бўлиши мумкин. Қонунларда “қоида тариқасида” сўзларининг қўлланилиши бу императив характерга эга эмаслигини англатади ва қонунлар матнларини баён этишда қўлланиладиган қонунчилик техникаси шаклларидан биридир.

Савол-да, братан, нега унда айнан 70 ёш деган. Нега лимит қўйган, агар 70дан катталар ҳам бўлиши мумкин бўлса? Демак депутат бўлиш ёши қоида тариқасида 25 десак, ундан кичиклар ҳам бўлиши мумкин бўлиб қоладими шунда? Яна бир гап. Бирор тизимга оид битта янги қонун билан лавозимдаги шахсни "обнуление" қилиш мумкинми? Бу умуман даҳшатли янгилик. Буни Путинга сал аввалроқ айтишингиз керак эди. Бечора конституцияга ўзгартириш киритиб ётибди. Бошқа давлатлардан ёши катталарни мисол келтирибсиз. Ёшга қаршилигимисиз йўқ. Қандай кучли мутахассис эканини эшитдик. Қонунлар ишласин деяпмиз холос.

Энг қизиғи, нега айнан сиз ёзиб чиқяпсиз - бошқа ҳокимият вакили? Ўзлари нега жим? Матбуот хизмати тирикми? Ҳа-я, 2016 йилнинг сентябрь ойида "ўлган" бўлиши мумкин-ку.

***

Нозим Сафари, блогер

Полвоновнинг ўзи ҳам "қоида тариқасида"ги депутат эмасмикан?) Балки биз яшаётган дунё ҳам нореал ва "Қоида тариқасида"ги дунёдир)))

***

Отабек Бакиров, блогер

Сайланган ўзбек депутатлари Конституциявий суднинг амалдаги раиси ваколатларининг конституциявийлиги борасида сўров киритишлари керакка ўхшайди.

Депутат Полвоновга кўра, исталган норматив ҳужжат моддасига “қоида тариқасида” иборасини қўшиб бу модданинг императив характерини йўққа чиқариш мумкин.

Тўғриси, кулгили.

***

Зафарбек Солижонов, блогер, юрист

Қизиқ ҳолатга дуч келдим. Амалдаги "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги қонун 2017 йил 31 майда қабул қилинган. (https://www.lex.uz/acts/3221763?ONDATE=01.06.2017%2000#3222034) Конституциявий суд раиси эса 2017 йил 24 августда лавозимига ўтирган. Ўша пайтда ҳали қонуннинг 6-моддасида "қоида тариқасида" деган қутқарувчи жумла йўқ бўлган экан. Бу сўз бирикмаси (раис сайланиб бўлгач) 2017 йилнинг 14 сентябрдаги алоҳида қонун билан қўшиб қўйилган экан. (https://lex.uz/docs/3340554?ONDATE=15.09.2017%2000#3344198)

Қойилмисиз? Бунисига нима дея оласиз энди?

***

Азизбек Маҳмуджон ўғли

Тиниб-тинчимаган, йўқ жойдан муаммо топиб юрадиган блогерларимиз, ҳеч кимга ҳалақит қилмай, бировларнинг ишига бурнини суқмай, бир чеккада жимгина дамини олиб ётган Конституцион суд раисини ҳам безовта қилишди-я!

Баҳодир Аҳмедов

– Конституция бузилса қаерга мурожаат қилса бўлади?

– Конституциявий судга.

– Конституциявий суднинг ўзи Конституцияни бузса-чи?

– ???

2020-09-07 06:31:14  |  2734 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация