УМУМЮРИСДИКЦИЯ СУДЛАРИ ҚАЙТМОҚДА: фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар вилоят даражасида бирлаштирилади
2021 йил 1 январдан вилоят судлари негизида умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Туман ва шаҳар маъмурий судлари тугатилиб, маъмурий ишларни кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга берилмоқда. Суд тизимига дастлабки эшитиш институти, “Бир суд — битта инстанция” тамойили киритилмоқда, шунингдек прокурорларнинг суд ишларини кўришда иштирок этиш тартиби қайта кўрилади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
“Ўзбекистон 24” телеканали хабарига кўра, Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январдан вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади; туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.
Айтилишича, ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди.
Шунингдек, судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.
Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан:
прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш;
прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.
Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этилади. Хусусан:
суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади;
БМТ нинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.
2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган.
Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади.
Яна бир ўзгариш судьялар ва суд тизими ходимларининг моддий таъминоти билан боғлиқ. Фармонга кўра, судлар персоналини моддий таъминлаш 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилади ва уларнинг иш ҳақи оширилади.
Президент фармони билан, тегишли туман (шаҳар) аҳолиси сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 4 та туман (Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом) иқтисодий судлари тугатилади; 5 та туманда (Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор) фуқаролик судлари ташкил этилади ҳамда Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа каби 4 та туманда жиноят судлари ташкил этилади.
1 изоҳлар
1.Тохирбек-адвокат
Энди хақиқий демократик судлар иш бошлашса ажаб эмас. Яхшиликларни умид қилиб кутиб қоламиз. Хаммаларингга Ийд-Қурбон байрами қўтлуғ бўлсин.
Изоҳ қолдириш