Бўш турган давлат объектлари 1 сўмлик бошланғич нархда сотилади



 
  Расм манбаси : Fotolia

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Давлат рақобат қўмитаси), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (“Давергеодезкадастр” қўмитаси), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига қуйидаги ҳуқуқларни беришни назарда тутувчи давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди:

а) ўз ваколати доирасида (жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгаши қарорларига асосан), бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотиш;

б) ўз ваколатлари доирасида инвестиявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг мазкур масаладаги қарорлари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида кўриб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши лозим;

в) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоят ҳокимликларининг молия бош бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг тавсияларига асосан, ҳар бир туман бўйича бўш ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг (0,01 га майдони учун) бошланғич баҳосини ҳар чоракда тасдиқлаш;

г) уч йилдан ортиқ муддат давомида тупроқ бонитировкаси ишлари олиб борилмаган уч гектаргача бўлган майдонга эга ер участкаларида тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобига тупроқ бонитировкаси ишлари буюртмачиси бўлиш;

д) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда 50 йил муддатга сотиш;

е) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудлардаги ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини уларнинг тоифаларидан қатъи назар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича йўлбўйи ва туристик инфратузилма объектларини ташкил этиш учун сотиш. Бунда, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига кирувчи ер участкалари кўрсатилган мақсадлар учун фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги ПҚ-3939-сон қарорига биноан ташкил этилган Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия билан келишилган ҳолда берилади;

ж) ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг уч сменали режимдаги патрулини таъминлаш орқали, шунингдек, мазкур зоналарда сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш.

Белгиланишича, эксперимент доирасида:

давлат кўчмас мулк объектлари учун хусусийлаштириш комиссияси ишининг умумий муддати у ташкил этилган пайтдан бошлаб йигирма кундан ошмаслиги лозим;

давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотишда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг миқдори ва турлари давлат мулки объектларини сотиш бўйича танлов ўтказишда қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибни ўхшашлик бўйича қўллаш асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан белгиланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг қарорларига асосан сотиладиган давлат мулки объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш назорати инспекцияси томонидан давлат объектларини сотишга тайёрлашда хулосалар берилиши Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади;

давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаларини тузиш савдо натижалари (музокаралари) бўйича баённома имзолангандан сўнг ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери давлат кўчмас мулк объекти бўйича сотиб олиш тўловлари ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб беш кун ичида, тасарруф этиш ҳуқуқи эса, харидорга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган (инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан сотилган тақдирда) деб топилган ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тўланган кундан бошлаб берилади;

балансда сақловчи сотилган давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаси харидор томонидан тақдим этилган кундан бошлаб беш кун ичида қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилишини ва сотилган давлат кўчмас мулк объектининг харидорга топширилишини таъминлаши шарт;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг қишлоқ хўжалиги экин ерлари таркибига кирмайдиган, фойдаланилмасдан турган ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарорларига асосан инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг ер участкалари ўлчами ва чегараларини уларнинг раҳбарлари розилигисиз ўзгартирган ҳолда олиб қўйилиши мумкин.

2018-10-12 12:19:03  |  2296 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация