Қамоқдан қайтган аёлнинг на уйи ва на иши бор эди
Халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни намоён этиб, М.Ёралиевани давлат ва жамоат ташкилотлари, саховатли инсонлар ёлғизлатиб қўймади.
Гулистон шаҳри “Шодлик” маҳалласида яшовчи 1953 йилда туғилган фуқаро Мақсуда Ёралиева (исми ва фамилияси ўзгартирилди) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Ховос тумани суди томонидан 2011 йил айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди, деб хабар беради ЎзА.
Ўтган шу давр давомида у турмуш ўртоғидан айрилди, фарзандлари оиласи билан хорижга иш излаб кетди. Бу ҳам етмагандек, уй-жойи ҳам сотиб юборилган.
М.Ёралиева Президентимизнинг 2018 йил 30 августдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига кўра, жазо муддатидан аввал озодликка чиқди. Аммо энди унинг на турмуш ўртоғи, на уй-жойи ва на иши бор эди...
Халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни намоён этиб, М.Ёралиевани давлат ва жамоат ташкилотлари, саховатли инсонлар ёлғизлатиб қўймади.
Нуронийлар ҳаётий мисоллар билан панд-насиҳат берган бўлса, яна кимдир иш қидиришга кўмаклашди. Яна бир саховатпеша инсон М.Ёралиевага ўз уйини қайтариб сотиб олишда моддий кўмаклашди. Энг муҳими, М.Ёралиева бугун Гулистон шаҳридаги “Бек” хусусий корхонасида компьютер оператори сифатида меҳнат қилмоқда.
– М.Ёралиева ҳозир ўз уйида, набираси билан яшамоқда, – дейди Гулистон шаҳри прокурори Сарвар Бозоров. – Унинг ҳолидан тез- тез хабар олиб турилмоқда. Афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир.
Жорий йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри бўйича жами 27 нафар фуқаро турли жиноятларни содир этиб, бу жиноятлари ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги, келтирилган зарарлар қопланганлиги, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонликлари инобатга олиниб, қамоқ жазосидан озод этилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш