Конституцион суд раиси мавзуси: “бегона” идоранинг эътирозлари ва унга жавоб



 
  Расм манбаси : https://t.me/habikatura/250

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Конституциявий суд раиси Бахтиёр Мирбобоев ўз лавозимини қонуний эгаллаб турганини катта шубҳа остига қўювчи фикрлари кечадан бери ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган эди.

Бугун Раббимовнинг “Фейсбук”даги постига расмий муносабат билдирилганидан сўнг, муҳокамалар янада қизғин тус олди. Бунга аввало, жавоб қайси манзилдан янграгани сабаб: Конституциявий судга оид мавзу юзасидан, ушбу идоранинг матбуот хизмати қолиб, бошқа ҳокимият вакили — парламент депутати жавоб қайтарганини аҳолининг фаол қатлами “ҳазм қила олмади”. Боз устига, муаллиф Раиснинг легитимлигини исботлаш учун келтирган аргументлари ҳам кўпчилик назарида, унчалик ишончли эмас.

Қуйида — депутат Шуҳрат Полвоновнинг муносабати ҳамда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг унга жавоби эътиборингизга ҳавола қилинмоқда. Ўқувчиларимизни эса баҳсга қўшилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини кутиб қоламиз.

***

Шуҳрат ПОЛВОНОВ,

Олий Мажлис Қоунучилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Қонун Конституциявий суд раиси ҳақида нима дейди?

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Бахтиёр Мирбобоевнинг Конституциявий суд раиси лавозимини қонунни бузган ҳолда эгалаб турганлиги тўғрисидаги айрим мақолалар кўпчиликда нотўғри фикрларни шакллантирмоқда. Ушбу материалларда 2017 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 6-моддаси рўкач қилиниб, унга кўра Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни ташкил этсада, Б.Мирбобоев 75 ёшга тўлганлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари мақолалар муаллифлари қонунда ушбу суд раислигига икки мартадан ортиқ сайланиш мумкин эмаслиги белгиланган бўлишига қарамасдан Б.Мирбобоев 5 марта сайланганлигини қонун бузилиши сифатида баҳолашмоқда.

Шу муносабат билан, эътиборни қуйидагиларга қаратиш мақсадга бўлар эди.

Биринчидан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 6-моддасида Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этиши белгиланган. Оддий сўзлар билан айтганда етмиш ёшгача бўлган ва ундан ошган фуқаро Конституциявий суднинг судьяси бўлиши мумкин. Қонунларда “қоида тариқасида” сўзларининг қўлланилиши бу императив характерга эга эмаслигини англатади ва қонунлар матнларини баён этишда қўлланиладиган қонунчилик техникаси шаклларидан биридир.

Иккинчидан, муқаддам Б.Мирбобоев конституциявий суд таркибига олдин амалда бўлган қонун асосида сайланган бўлиб, унда 5 йиллик муддат белгиланган, бироқ қайта сайланиш миқдори белгиланмаган эди. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.

Шу тариқа “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 6-моддасининг талаблари 2017 йил

1 июндан кейин сайланган Конституциявий суд судьяларига нисбатан татбиқ этилади. 1995 – 2017 йиллар давомида 5 йиллик муддатга сайланган Конституциявий суд судьяларига нисбатан 2017 йилдаги қонун билан ўрнатилган тақиқлар қўлланилиши тўғри бўлмайди.

Янги қонун қабул қилингандан кейин Б.Мирбобоев Конституциявий суд судьяси этиб 2017 йил 24 августда сайланган ва унинг ваколат муддати 2022 йил 24 августда тугайди. Ушбу муддат тугагандан сўнг Б.Мирбобоев иккинчи беш йиллик муддатга Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланишига нисбатан амалдаги қонунда тақиқ мавжуд эмас.

Шундай қилиб, Конституциявий суднинг амалдаги Раиси қонунга зид равишда беш марта Конституциявий суд судьяси этиб сайланганлиги тўғрисидаги фикрлар асоссиз бўлиб, қонунга тўғри келмайди.

Ҳалқаро тажриба бу борада нима дейди? Масалан, Россия Федерациясида Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати чекланмаган, судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши эса - етмиш ёш. Бироқ, бу талаб Конституциявий суд раисига нисбатан тадбиқ этилмайди ва амалдаги Конституциявий суд раиси Зорькин Валерий Дмитриевич бугунги кунда 77 ёшга тўлган. Қўпчилик судьяларнинг ёши эса 66 ёшдан юқори.

Шунингдек, Францияда Конституциявий суд раиси сифатида 74 ёшни қаршилаган Лоран Фабиус фаолият юритиб келмоқда, унинг ваколат муддати эса 2025 йилгача этиб белгиланган. Австрияда суднинг барча аъзолари, жумладан раиси ва ўринбосари истеъфо ёшига еткунга қадар умрбод сайланадилар, Норвегия ва Мальтада суд раиси умрбод сайланади.

Мақолалар муаллифлари “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланиши ёки сайланиши тўғрисидаги нормалар киритилганлигидан хабардор бўлишса керак.

Умуман олганда 2017 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун мутлақ янги ва энг демократик ҳалқаро стандартларга мос келадиган Конституциявий суднинг шаклланиши ва фаолиятининг асосларини белгилаб берди.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари эса Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади. Оддий қилиб айтганда раис ким бўлиши судьяларнинг ўзлари томонидан ҳал қилинади.

2017 йилдаги ислоҳотларга қадар Конституциявий суд раисининг номзоди Президент томонидан тақдим этилар эди.

Юқоридагилар билан бир қаторда, Конституциявий суднинг ваколатлари янада кенгайтирилган, шунингдек мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати устидан назорат олиб бориши учун бир қатор демократик механизмлар жорий этилган.

***

Камолиддин РАББИМОВ,

сиёсатшунос

Кеча Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ушбу суд судьяси сифатида беш муддатдан буён ишлаётгани, ёши ҳам 75дан ошганлиги, бу холатлар жорий “Конституциявий суд тўғрисидаги” қонуннинг олтинчи моддаси талабларига тўғри келмаслигини ёзган эдим. Бугун Қонунчилик палатаси депутатлари, вазиятни шарҳлабди. Демак, юқоридаги қонунга 2017 йилда ўзгартириш киритилган, янги талаблар қўшилган. Шундан келиб чиқиб, Конституциявий суди ҳозирги раисининг олдинги муддатлари инобатга олинмаслиги айтилган. Шунингдек, суд раисининг ёши борасида ҳам “қоида тариқасида” дегани ибора “тавсия тариқасида” деб талқин қилинар экан.

Тушундим, ва қабул қилдим! Аслида, Конституциявий суд борасида фикр билдириш, баҳслашишни ўзи бироз ғалатироқ эди. Сабаби оддий эканлигини ҳамма билади. Ўзбекистонда, “Конституциявий суд” деган реал ҳуқуқий институт, йўқ ва бўлмаган. Каримов Конституцияни бузиб, ҳокимиятда чорак аср ўтирди, ушбу суд ҳеч нарса дегани йўқ. Конституцияда юзлаб ҳуқуқий талаблар бор, улар ҳаётга татбиқ этилмади, бу суд жим. Масалан, “минимал истеъмол саватчаси” ва бошқа ижтимоий ҳимоя институтлари, ҳеч қачон реал ҳаётда жорий қилинмаган. Ёки, кўпчилик билмайдики, Ўзбекистон Конституциясида “мухолифат” кучлар ва қарашлар талаби бор. Ҳаётда-чи?

Ёки, Конституцияда айтилган қадриятлар, жумладан, Ўзбекистонни ягона географик-ҳуқуқий макон сифатида, ҳуқуқий бирлигини таъминлаш талаби бор. Аслида-чи? Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтаётганингизда, бошқа давлатларда йўқ чегараларни, қуролли одамларни кўрасиз. Пойтахт эса, давлат ичидаги давлатга айлантирилган. Конституциянинг бу борадаги талаби ҳеч нарсани англатмайди. Конституциявий суд – абадий жимликда.

Ҳар бир миллат, ўзининг ҳаётий маконини кенглигини ёки торлигини, ўзи белгилайди. Баъзи миллатлар ўз эркинлик ва имкониятларини муттасил парваришлайди, бошқалари эса, авторитаризм, назорат ва зулмга кучли мойил бўлади. Мен кейинги тўрт йилдаги ўзгаришларга умид ва ишонч билан қарашимни, кўп марта билдирганман. Чунки, бошқа давлатимиз, бошқа ҳаётимиз ва бошқа муқобил имкониятларимиз йўқ.

Лекин, бари-бир кўпчиликнинг зеҳнияти ютади. Ўзбекистон ўзининг муаммолари остида босилиб қолиб, қаттиқ авторитаризмга қайтишга мажбур бўлмаса эди, деб хавотирланаман. Бу эса, фақатгина олий ҳокимиятнинг иродаси билан эмас, бошқарув синфининг зеҳнияти ва малакаси билан ҳам боғлиқ. Эътибор беринг, депутатлар, жонсиз Судни ҳимоя қилади, лекин Конституциядаги талаблар борасида, ҳеч нарса демайди.

2020-09-06 02:47:37  |  2263 |   0  | 

2 изоҳлар

Сентябрь 06, 2020  20:18

1.Адвокат Тохирбек

Ўзбекистонда Конституциявий суд Фаолият олиб борганидан бери бирор-бир жиддий иш билан шуғилланганлигини эслай қийин. Уларда хам ташаббус хуқуқи бўлсада, бироқ Қонунларимизнинг қарама-қарши ҳолатларига жиддий муносабатлар билдирганлигини эслай олмайман. Хақийқатан хам Конституциявий суднинг таъсири бизда билинмайди. Агар Конституциявий суднинг ўзи қонунларга итоат этиб Намуна кўрсатмаса, уларнинг қабул қилган қарорлари хам адолатлилигига оммада шубҳа уйғонишига сабаб бўлади-ку. Бу ҳолатга Сенатрлар муносабат билдиришини кутиб қоламиз.

Сентябрь 06, 2020  09:55

2.Каландаров Комилжон,адвокат

Мирбобоев домлани хурмат киламан,лекин Камолиддин Раббимовнинг фикрларига кушиламан.Узбекистонда Конституцивий суд факат когозда бор холос,амалда умуман ишламайди.Конституция хам шундай.Оддий мисол,асосий конунда ер,ер ости табиий бойликлар халкники дейилган,амалда уз халкини табиий газ билан таьминламай туриб,газни давлат четга сотади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация