345 мингдан ортиқ ҳолатда ходимлар ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан бузилган



 
  Расм манбаси : centrourbano.com

Адлия вазирлиги ўрганишлари натижасида 345 мингдан ортиқ ҳолатда иш берувчилар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган. Уларнинг деярли ярми Фарғона водийсидаги вилоятлар ҳиссасига (Андижонда – 72 250 та, Наманганда – 50 198 та, Фарғонада – 49 897 та) тўғри келади.

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ўрганишлар республика бўйича 729 та ижтимоий соҳа ташкилотларини (мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, тиббий муассасалар) қамраб олган.

Иш берувчилар томонидан ўз ходимларининг пул маблағларидан коммунал хизматлар учун ноқонуний ундиришлар мавжудлиги аниқланган.

Хусусан, 237 434 та (69 фоиз) ҳолатда ходимларнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз коммунал хизматлар учун ушлаб қолинган, 37 696 та (11 %) ҳолатда ходим касаллиги, таътилдалиги, хизмат сафаридалиги сабабли ишда бўлмаса-да, пул маблағи ушлаб қолинган, шунингдек, иш ҳақининг 60-70 фоизигача бўлган қисми ушлаб қолинган ҳолатлари учраган.

Масалан, Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 1 821 нафар ўқитувчиларнинг иш ҳақларидан электр энергияси ва табиий газ учун, уларнинг ёзма аризаси бўлмаса-да, 300 млн. сўмдан ортиқ ушлаб қолинган.

2 000 нафар ходимнинг 50 млн. сўмга яқин маблағи ноқонуний равишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг туман бўлимига ўтказиб берилган.

Андижон вилоятида 609 та педагог ходимлар малака ошириш учун хизмат сафарига юборилган бўлса-да, ушбу даврда уларнинг 44 млн сўмдан ортиқ маблағини иш берувчилар белгиланган қоидаларга зид равишда ушлаб қолган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 100 дан ортиқ ҳолатда коммунал тўлов учун ушлаб қолинган тўлов миқдори ходим иш ҳақининг 70 фоизгачасини ташкил этгани қонун ҳужжати талаби бузилганлигини кўрсатади.

Маълумот учун, қонунчиликка кўра, агар ходим касаллиги, таътилда бўлгани ва бошқа сабаблар билан ишда бўлмаса, коммунал хизмат учун иш ҳақидан ушланма кейинги ойда амалга оширилади.

Шунингдек, ходимнинг иш ҳақидан коммунал хизмат учун ушлаб қолишда ушланмаларнинг умумий миқдори ходимга бериладиган меҳнат ҳақининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

2018-11-04 14:33:54  |  1815 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация