Мажбурий меҳнатга алоқадар ҳар қандай мансабдор жазосиз қолмайди
Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун олти мутасаддининг сув оқиб турган ариққа кийими билан туширилгани билан боғлиқ ҳолат интернет ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳолат кескин танқид қилинди, деб ёзади ЎзА.
Мажлисда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган амалий чоралар кўрилгани ҳақида таъкидлаб ўтган.
Шунга қарамай, айрим жойларда эскича ишлаш принципидан воз кечолмаётган, уни қўмсаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратилди. Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етарли даражада тушуниб етмаётган ана шундай раҳбарларнинг хатти-ҳаракатидан давлатимиз раҳбари норози экани, бу каби камчиликларга қарши қатъият билан курашиш, мажбурий меҳнатга бирор-бир соҳада йўл қўймаслик лозимлиги айтилди.
Оққўрғон туманида рўй берган ҳолатга Президентимиз ўзининг қатъий муносабатини билдирди. 2018 йил 29 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисидаги фармойиши қабул қилинди.
Ушбу фармойишга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.
Йиғилишда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик масалалари Президентимизнинг шахсан назоратида экани, инсон ҳуқуқларини паймол этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, бундай ҳолатда ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай мансабдор шахс муқаррар жазога тортилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги принципига қатъий амал қилиниши алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда иштирок этган Халқаро меҳнат ташкилотининг учинчи томон мониторинги лойиҳаси Бош техник маслаҳатчиси Жонас Аструп ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Асосийси бу ҳолат эмас, ушбу ҳолатга давлат, ҳукуматнинг муносабати, яъни позицияси. Давлатингиз раҳбари томонидан қабул қилинган мажбурий меҳнатга барҳам беришга оид ушбу ҳужжат жуда тўғри ва қатъий қарор бўлди. Буни Халқаро меҳнат ташкилотининг вакили сифатида қўллаб-қувватлайман, – деди у.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш