Улфатчиликдан «ўқ чиқди»



 
  Расм манбаси : 'Huquq" газетаси

Азизбек пушаймонлик алангасида қовуриларди. Нега ўша куни улфатчиликка борди? Нега биринчи зиёфатда, сомса еганларидан сўнг тарқалмадилар? Ахир ўшандаёқ «ширингина» бўлиб қолишганди-ку? Яна ким уни бошқа чойхонага судради? Яна ўлардай ичишга бало бормиди? Единг, ичдинг, ўйнадинг, кулдинг, дамингни чиқармай, уйи­нгга кетмайсанми? Хўп, уни урдинг ҳам, бирдан шифохонага олиб борсанг бўлмасмиди?.. Шунчалик саёқ юриш шартмиди? Ҳа, йигитга бало йўқ, балонинг тиғига ўзини ўзи уради, деб бежизга айтишмас экан.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида 1991 йилда Қарши шаҳрида туғилган Азизбек Нарзуллаевнинг жиноят иши кўрилди. Азизбек Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти геология ва кончилик факультетининг 4-босқичида таҳсил оларди. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Қарши шаҳри Мағзон маҳалласида яшаган. Илгари унга оид жиноят иши суд ажримига кўра ярашув муносабати билан тугатилган эди.

Абдураҳмон ака ишдан қайтиб, уйидагилардан ўғли Акбарни сўради. Хотини эрталаб ўқишга кетганича ҳалиям қайтмаганини айтди. Ота асабийлашиб, ўғлининг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Ҳеч ким жавоб бермади. Ярим соатлардан сўнг яна қўнғироқ қилди. Бу сафар телефонни қўшнисининг ўғли, Акбарнинг ўртоғи Орифжон кўтарди. У негадир ҳовлиққанича пойинтар-сойинтар гапирарди:

– Акбар... Мазаси бўлмай қолди... Йиқилиб тушди... «Тез ёрдам»га обкелувдик... Ҳалиям ўзига келмаяпти...

Абдураҳмон ака апил-тапил кийиниб, кўчага отилди. Хотини ва ўғли Анвар унга эргашди.

Шифохонада ўғли Акбарнинг сунъий нафас бериш ускуналарига уланган, афтодаҳол ётганини кўриб, жон-пони чиқиб кетди.

– Ўғлингизнинг аҳволи оғир, – деди шифокорлардан бири. – Маст ҳолда йиқилиб тушибди. Ўртоқлари ҳушсиз аҳволда олиб келишди...

Ташқарида турган Акбарнинг ўртоқлари Ориф ва Азизбек ҳам шу гапни айтишди.

Акбар ўзига келмади. Кечга бориб жони узилди. Ёшгина йигитнинг жонсиз танаси устида фарёд ураётган ота-онанинг ноласи атрофни тутди.

Тез орада ички ишлар ходимлари содир бўлаётган ҳодисалар гўё тушида бўлаётгандай аҳволда турган икки йигитни сўроққа тутишди. Бир неча соат аввал кайфи тароқлигидан тили айланмаётган йигитларнинг кайфидан асар ҳам йўқ, ногаҳоний фожиа туфайли  рангларининг оппоқ девордан фарқи қолмаган эди. Бирин-кетин-воқеага ойдинлик киритилди.

Ориф ва Азизбек бир гуруҳда ўқирди. Ориф институтнинг бошқа факультетида ўқийдиган қўшниси Акбарни ҳам Азизбекка таништирди. Бир-икки марта бир пиёла чой устида ҳангомалашган улфатлар анча қадр­донлашиб кетишди. Ҳафтада бир маротаба гоҳ униси, гоҳ буниси чойхонада «ҳақ бериб», маза қилиб отамлашишарди. Уларни тў­кин дастурхон устида кўрганлар талаба дейишмасди.

Ўша куни дарсда ўтирганида Орифнинг телефонига СМС-хабар келиб қолди. Қараса, Акбардан экан: «Қаердасан? Нималар қилаяпсан?» Орифнинг телефонининг пули тугаган экан, курс­дошининг телефонидан жавоб ёзиб юборди. Тушга яқин институт ҳовлисида уч улфат учрашишди. Сўнг таксига ўтириб, Қарши туманидаги чойхонага боришди. Аввал салат, иккитадан сомса буюришди, сўнг ярим кило «жиз», шу орада бир бўйни узун шишани ҳам думалатишди. Зиё­фат якунида Акбар билан Ориф кассага 74 минг сўм тўлаб келишди.

Таклиф кимдандир чиқди, эслай олишмайди, яхшигина қизишиб олган улфатлар йўловчи машинага ўтириб, Қарши шаҳридаги ошхоналардан бири томон йўл олишди. «Табака» буюришди. Яна икки шишани «йиқитишди».  Кейин даврада қўшни столда ўтирган бегона қизлар билан рақс тушишди. Кайфи анчагина ошиб қолган Акбар қизларнинг даврасига бориб ўтириб олди. Норози бўлган қизлар кафе хизматчиларига шикоят қилишди. Хизматчилар Азизбек ва Орифдан шерикларини олиб чиқиб кетишларини сўрашди. Охири Акбарнинг ўзи телефонида ким биландир гаплашганича кўчага чиқиб кетди. Ориф ва Азизбек кассага боришди. Бу ердаги улфатчиликнинг ўзи 100 минг сўмдан ошибди. Пулни тўлаб, кўчага чиқишди.

Йўналишли таксини тўхтатишди. «Damas» ҳайдовчиси Азизбекнинг армияда бирга хизмат қилган қуролдоши чиқиб қолди. Машинанинг олд ўриндиғига ўтирган Азизбек у билан ҳангомалашиб кета бошлади. Бир пайт йўл ёқасида ҳамон телефонда гаплашиб кетаётган Акбар кўринди. Улфатлар машинани тўхтаттириб, уни ҳам миндириб олишди. Ўрта ўриндиққа ўтирган Акбар сўкинганича Азизбекнинг бошига урди. Бу ҳолат бир неча маротаба такрорланди. Азизбекнинг ғаши келса-да,  тишини тишига қўйди. Бозорга яқинлашгач, чорраҳадан ўтиб, Акбар ҳайдовчидан машинани тўхтатишни сўради. Тушаётиб, яна Азизбекнинг бошига урди. Сўнг кулганича тушиб қочди.

Ғазабланган Азизбек унинг ортидан югурди. Етиб бориб, унинг чап юзига мушт туширди. Сўнг бу юзига... Ортларидан етиб борган Ориф уларни амаллаб ажратди. Бу пайтда Акбар ерга чўккалаб қолган, бурнидан қон оқарди. Бир пасдан сўнг у мувозанатини йўқотиб, асфальтга йиқилди ва ҳушини йўқотди.

Шериклари шошиб қолишди. Азизбек яқин атрофдаги дорихонадан сув билан бинт олиб келди. Йигитлар қонни тўхтатишди. Сўнг Акбарни таксида Орифнинг поччасига тегишли бўлган, Қарши тумани Янгибоғ қишлоғида жойлашган, қурилиши тугалланмаган уйга олиб бориб ётқизиб қўйишди. Ки­йимларини тозалаб, ўзига келишини кутишди. Бироқ Акбар ўзига келмади. Шундан сўнггина йигитлар Акбарни касалхонага элтишга мажбур бўлишди...

Ҳукм ўқилди.

Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан Азизбек Нарзуллаевга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Пушаймонлик, афсус ва надомат оташи Азизбекнинг юрак бағрини жизиллатарди. Балки ундай қилганида... Балки бундай қилганида...

Қани эди, бу ўртанишлардан заррача наф бўлса... Айни навқирон ёшида бу дунё­ни тарк этган Акбарни ҳаётга қайтарармиди, бу илтижолар?

«Сўнгги пушаймон – ўзинг­га душман», деб бежизга айтишмайди.

Актам НАВРУЗОВ,

Қарши шаҳар прокурори

('Huquq" газетасидан олинди).

2018-10-27 18:31:39  |  1896 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация