Ер участкаси қачон ноқонуний деб топилади?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Norma нашрининг ушбу шарҳида Президентнинг 2018 йил 14 ноябрдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5577-сон Фармонида назарда тутилган айрим жиҳатлар таҳлил қилинади.

Амалиётда жисмоний ёки юридик шахсларга ер участкалари ажратиш тўғрисидаги қарорлар қонунга хилоф деб топиладиган ҳолатлар учраб туради. Натижада бу ерда қурилган иморатлар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга тенглаштирилади (ФКнинг 212-моддасига қаранг). Яъни кўчмас мулк бузиб ташланиши керак бўлади, мулкдорга эса компенсация тўланмайди.

Бундай вазият ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Зеро маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳокимликларнинг) мансабдор шахслари тимсолида давлат йўл қўйган хато жисмоний ва юридик шахсларга қимматга тушиши мумкин. Янги йилдан кучга кирадиган 2 та янгилик вазиятни тузатишга қаратилган.

Биринчидан, 2018 йил 9 январдан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун кучга киради. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг 16- ва 59-моддаларида ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи тартибга солинган. Яъни манфаатдор шахсга (бу ҳолда ер участкасини олувчига) маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланади.

Тўғри, шахснинг ишончи ҳимоя қилинмайдиган ҳоллар рўйхати ҳам мавжуд. Масалан, агар:

манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;

манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса;

манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса;

маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса;

қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.

Бироқ, мазкур ҳолларнинг ҳар бири, охирги ҳол бундан мустасно, судда исботланиши лозим. Энди иморатни «автоматик равишда» ўзбошимчалик билан қурилган дея олмайдилар, инвесторларнинг давлатдан компенсация олиш имконияти ошади.

Иккинчидан, 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ–5577-сон Фармонда назарда тутилишича, 2019 йил 1 январдан бошлаб қурилиш учун ер участкаларининг ўз вақтида ва тўғри ажратилмаслиги натижасида сарфланган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қопланиб, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибда ундириб олинади.

Мазкур айбдор шахслар тегишли ҳокимлар бўлса керак. Қурилиш учун ер участкаларининг ўз вақтида ва тўғри ажратилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишлари туманларнинг (шаҳарларнинг) тасдиқланган бош режаларига ёки ер участкаларини жойлаштириш схемаларига (бош режалар мавжуд бўлмаганда) боғламасдан амалга оширилиши учун уларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланади.

Фуқаролик кодексининг 15-моддасида илгари ҳам ўз органларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), ш.ж. қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан тўланиши назарда тутилган эди. Бироқ амалиётда у қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат бекор қилиниши натижасида зарар кўрган шахсга фойда келтирса, зарар тўланмайди дея талқин қилинган.

Эслатиб ўтамиз, инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари учун 2018 йил 1 августданоқ шунга ўхшаш, бироқ янада универсал кафолатлар назарда тутилган, уларда ерга оид муносабатлар билан чекланиб қолинмаган.

Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2018 йил 15 ноябрда эълон қилинган. 

2018-11-21 12:21:23  |  956 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация