Банклар эндиликда банкрот корхоналарни сотиб олмайди



 
  Расм манбаси : Sputnik Узбекистан

Марказий банкнинг банклар фаолиятини тартибга солувчи бир қатор ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди, деб ёзмоқда Norma.

Янги меъёрлар билан иқтисодий ночор корхоналарни уларнинг фаолиятини қайта тиклаш учун банкларга сотиш амалиётига барҳам берилди.

Илгари бошқа шахсга кафолат бериш бош банкнинг кредит қўмитаси томонидан кўриб чиқилган ва бошқарув раисининг имзоси билан расмийлаштирилган. Филиалларга кафолат бериш тақиқланган эди.

Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда кредит қўмитаси розилик бергандан сўнг ва кредит сиёсатида кўрсатилган кафолат беришнинг лимитлари доирасида филиалларга ҳам кафолат беришга рухсат этилди.

Берилган кафолатларнинг тўғри юритилиши учун жавобгарлик бошқарув раиси зиммасига юклатилди, уларнинг ўзи эса «Давлат белгиси» ДИЧБнинг ҳимояланган бланкларида расмийлаштирилади.

Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Биринчидан, банкка алоқадор бўлган шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражасини ҳисоблашда эндиликда банкка алоқадор бўлган шахснинг кредитловчи банкда депозитлар билан таъминланган кредитлари ҳисобга олинмайди.  

Эслатиб ўтамиз, банк билан алоқадор шахсларнинг рўйхати «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида келтирилган. Банкка алоқадор бўлган битта шахсга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражаси эса банк биринчи даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим (умуман олганда барча алоқадор шахсларга – 100 фоиз).

Иккинчидан, банк билан алоқадор шахсларни молиялаштиришда кредитлар таъминотига қўйиладиган талаблар қуйидагича пасайтирилди:

• таъминот сифатида миллий валютада депозит қўйилганда – кредит суммасининг камида 100 фоизи;

• таъминот сифатида хорижий валютада депозит қўйилганда – кредит суммасининг камида 105 фоизи;

• таъминот сифатида давлат қимматли қоғозлари қўйилганда – кредит суммасининг камида 125 фоизи;

• таъминотнинг бошқа турлари қўйилганда – кредит суммасининг камида 130 фоизи.

Эслатиб ўтамиз, илгари депозитлар кредитни 130 фоиз таъминлаши керак бўлган.

Банклар учун илгари амал қилган қимматли қоғозларни сотиб олиш (давлатникидан ташқари), юридик шахсларнинг устав капиталида улушли иштирок этиш, шунингдек улар билан муносабатлардаги таваккалчиликлар бўйича чекловлар қайта тикланди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар 2018 йил 6 сентябрдан кучга кирди.

2018-09-13 14:50:57  |  929 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация