Янги қонун лойиҳаси: Ният яхши, аммо...



 
  Расм манбаси : XS.uz

Ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаев Жиноят кодексининг 182-моддасига 3-қисм сифатида таклиф қилинаётган норманинг тадбиркорлар зарарига хизмат қилишидан хавотир билдирган

***

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан “Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси 6 февраль куни regulation.gov.uz порталига муҳокамага чиқарилганди, 21 февралда муҳокамалар якунланди.

Ушбу қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 3-қисм билан қуйидагича тўлдирилиши назарда тутилган, яъни:

Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида, ушбу моддада назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда божхона тўловларини, шу жумладан божхона тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеняни тўлиқ тўлаган, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши чекланган ва тақиқланган товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу қонун лойиҳаси тадбиркор учун рағбатлантирувчи эканлигини эътироф этаман. Лекин, агар ушбу қонун лойиҳаси амалиётга киритилса, қандай муаммолар келиб чиқиши мумкинлиги хусусида ҳам қисқача тўхталмоқчиман. Масалан, аниқланган божхона тўловлари ва пеня нотўғри ҳисоблангани учун тадбиркор томонидан 30 (ўттиз) кунлик муддатда тўланмади. Агар ушбу тўловлар тўғри аниқланганида тўлаб қўйишга тайёр эди. Ўз навбатида, аниқланган деб кўрсатилаётган божхона тўловлари ва пеняни 30 (ўттиз) кунлик муддатда тўланмагани учун ушбу модда билан тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дастлабки тергов олиб борилиб, жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун судга юборилди. Иш судда кўриб чиқилди, тадбиркор ҳақ бўлиб чиқди. Агар божхона ходимлари божхона тўловлари ва пеняни тўғри ҳисоблашганида кўрсатилган муддатда тадбиркор тўлаб қўйишини маълум қилди. Шу вазиятда, суд нима қилади? Жавобгарликдан озод қила олмайди, чунки 30 (ўттиз) кунлик ўтиб кетди. Божхона ходимлари хатоси билан шу вазият вужудга келди. Қонун лойиҳаси билан ушбу масала ҳам ўз ечимини топиши керак деб ўйлайман. Акс ҳолда, агар лойиҳа шу ҳолида қабул қилинса, яна бир коррупциоген омил яратилишидан хавотирдаман...

Ушбу мулоҳазаларимни Порталда, лойиҳа остида қолдирганимда фойдаланувчилардан бири менинг фикримга қўшилган ҳолда қуйидагича изоҳ ёзибди (русчадан айнан таржимасини келтираман):

“Бу масала мени ҳам қизиқтиради, чунки амалиётда кўряпманки, божхона органлари кўп ҳолларда тўловларни Божхона кодексига кўра ҳисоблашмайди, балки бозордан маҳсулотларнинг чакана нархлари тўғрисидаги маълумотларни олиб, шу маълумотлар асосида гўёки давлатга етказилган зарар ҳисоб-китоб қилишиб, судга тақдим этишади. Ҳолбуки, менинг фикримча, божхона тўловларини мазкур ҳолатда декларант ўзи ҳисоблаши ва божхона органларига тақдим этиши керак!”

Ҳурматли божхоначилар, лойиҳа ўзгаришсиз қабул қилинган тақдирда мазкур норманинг яхшиликка хизмат қилиши сизларнинг виждонингиз ва билим даражангизга боғлиқ бўлиб қолади...

Абдумалик Абдуллаев,

ҳуқуқшунос.

2020-02-29 20:07:49  |  505 |   0  | 

2 изоҳлар

Феврал 29, 2020  23:54

1.Abdurauf Xakimov

Fikringizga qo'shilaman. Bojxona to'lovini noto'g'i to'ladi deb shaxsga jinoiy ish ochish to'g'rimikin? Iqtisodiy sud orqali yechim topish mumkinku...

Феврал 29, 2020  20:51

2.Юлдашов Ёқубжон

Мен хамкасбим Абдумалик Абдуллаев фикрига қушилган холда шуни қушимча қилмоқчиман,тадбиркор товар моддий бойликларни олиб келди ва божхона туловлар нотуғри туланди буни жиноят деб топмасдан Қайтадан божхона туловини тулаш туғрисида хпабарнома бериб,тадбиркор ва Божхона низоси келиб чиққан холда икки юридик шахснинг масаласи Иқтисодий суд томонидан хал қилинсин.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация