Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома қабул қилинади



 
  Расм манбаси : ubr.ua

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди

Йўриқномага кўра, Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

битимларни тасдиқлайди;

васиятномаларни тасдиқлайди;

эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлайди;

фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

ижро хатларини ёзади;

векселларнинг протестларини амалга оширади;

денгиз протестларини амалга оширади;

нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин.

Нотариуслар ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари (ота-онаси, болалари, набиралари, туғишган ака-ука ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек васий ва ҳомийларининг) ва юридик шахс вакилларининг шахсини аниқлайди.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчи фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон фуқароларининг шахси — миллий паспорт;

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчиларнинг шахси — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);

хорижий фуқароларнинг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий фуқаролар тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.

Нотариус нотариал ҳаракат амалга оширишни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.

Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори бор-йўқлигини Тизим орқали аниқлайди.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг розилигини талаб этади.

Нотариал ҳаракатлар нотариус иштирокида имзоланади.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжат унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим, ариза ёки бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, ҳужжат таржимон томонидан таржима қилинади ва нотариус унинг ҳужжатга қўйган имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.

Нотариус, башарти тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Таржимон ёки сурдо таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатлар;

бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;

факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.

Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.

Битимларни тасдиқлашда ҳужжатларнинг ксеронусхаси унинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди.

Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилаштирилганлиги яққол кўриниб турган бўлса ёки бунга шубҳа туғдирувчи етарли асосларнинг мавжудлиги, шунингдек мурожаат этувчи шахс томонидан уни идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаслик ҳолатлари ҳам нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради ҳамда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсга беради.

Йўриқнома лойиҳаси 29 декабргача муҳокама қилинади.

2018-12-15 19:32:50  |  3336 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация