Яна бир «самосуд» видеоси тарқалди. Ўзбошимчалик билан жазолаш ҳолатларига сабаб нима?
Бундай видеолавҳалар вақти-вақти билан тарқалиб туради ва виртуал оламни ларзага келтиради. Кимдир ўз наздида айбдор деб ҳисоблаган одамини кўпчилик кўз ўнгида жазолайди, атрофдагилар эса бунга чек қўйиш, қаршилик кўрсатиш ўрнига кузатиш ва суратга олиш билан машғул бўладилар. Хўш, бизнинг назаримизда кундан-кунга кўпаяётган оломон жазоси (кейинги ўринларда «самосуд») қандай омиллар туфайли юзага келмоқда?
Аввало бир фактни таъкидлаш лозим – самосуд ҳолатлари аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам юз бермоқда ва катта эҳтимол билан келгусида ҳам кузатилаверади. Шунчаки, омма орасида катта резонанс бераётган ҳолатлар сабаби замонавий технологиялар асрида ҳар бир жараён видеога муҳрланаётгани ва тез суръатларда тарқатилаётгани туфайли ҳозир бундай ҳолатлар кўпдек туюлади. Бу борада расмий статистика юритилаётгани тўғрисида маълумотлар йўқ.
Охирги ҳолатга эътибор берилса, аёл ўз яқинлари билан биргаликда эри ва эрининг жазманини машинада тутиб олган. Ҳар иккиси бирданига дўппослаб кетилганига ва урувчиларнинг сўзларига қараганда эр ҳам, жазман ҳам бир неча марта огоҳлантирилган, аммо улар муносабатларига чек қўйишмаган. Видеонинг иккинчи қисмида калтаклаш тобора кучайиб, кўпчилик кўз ўнгида аёлнинг юзи қонга беланиб, унга тан жароҳати етказилади.
Яқин бир йил ичида Ўзбекистонда бир нечта шундай ҳолат кузатилди – Берунийда ўғриликда гумон қилинган йигит қўлидан осиб сазойи қилинди, Андижонда ҳам ўғриликда гумон қилинган, оломон қаҳрига учраган аёл ўзини сойга отиб қутулди, Тошкент марказида қилич билан қуролланган йигитлар қарздорликда айбланаётган йигитни кўпчилик орасидан таҳдид билан машинага тиқиб олиб кетишди, Самарқанд вилоятида фермернинг укалари хўжалик ҳудудига кирган аёлни хўрлашди.
Шунингдек, Россияда фоҳишалик билан шуғулланаётган ўзбек қизларининг ўз миллатдошлари бўлган эркаклар томонидан асосан сочлари қиртишлаб олиб ташлаш тарзидаги жазоланиши ҳам кўп кузатилди. Бу ўринда айтиб ўтиш керакки, бундай видеолавҳаларнинг қаҳрамонлари ўзбек бўлсалар-да, ўзбекча гапирсалар-да, аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эмас. Қардош давлатларда яшовчи этник ўзбеклар томонидан уюштирилаётган бундай самосуд ҳолатлари кўп ҳолларда Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборидан четда қоляпти.
Инсоният ҳамиша қонун бузилишига нисбатан «оломон қаҳри» қўлланишига мойил бўлган. Жиноят қилган одамнинг шу онда, кўпчилик кўз ўнгида ва иштирокида жазоланиши, имкон қадар қатл қилиниши адолат тантанаси сифатида баҳоланган. Тарих ўз саҳифаларида бундай воқеаларнинг жуда кўпини муҳрлаган.
Ўзбекистонда самосуд ҳолатлари ҳозирча оломоннинг енгил жазолари билан якунланяпти ва бу яхшилик аломати. Яъни, тарихдаги каби инсон ҳаётига нуқта қўйилган самосудлар кузатилмади. Кўпчилик Жамшид Кенжаевнинг тунги клубдаги ўлимини ҳам самосудга тенглаштиряпти. Аммо бу ҳолатни кўпроқ кутилмаган зиддият туфайли содир бўлган ўлим деб ҳисоблаш мумкин (аниқ баҳони суд беради).
Самосудни қоралаганлар кўпчиликни ташкил қилса-да, бундай ҳолатларни ёқлаганлар ҳам талайгина. Умуман, бу амалиёт ҳам инсоният ҳамиша баҳслашиб ўтадиган жараёнлардан биридир ва ҳамиша уни оқловчилар ҳамда қораловчилар топилади.
Хўш, бундай ҳолатлар сабаби нима?
Одамлар онгида ҳар доим жиноятчига шу онда ва шафқатсиз жазо бериш истаги кучли бўлади. Айниқса давлат томонидан жазо муқаррарлиги шубҳа остида, ёки енгил жазо билан қутилиш эҳтимол юқори бўлса, самосуд ҳолатлари кўпаяди.
Ўзбекистондаги бундай ҳолатлар кузатилишини ҳам бир неча омиллар билан боғлаш мумкин.
* Оломон томонидан сазойи қилиб жазолаш бундай айбларга чек қўяди, деган тор тушунча бор. Аслида эса бу жазонинг самараси жуда шубҳали;
* Кўпчиликнинг ҳуқуқий онги самосуд қилишнинг ўзи жиноят эканлиги, бунинг учун реал жазога тортилиш мумкинлигини, ҳар қандай жиноят албатта суриштирув-тергов жараёнидан ўтиши, жиноятда айбланувчи ҳимояланиш имкониятига эга бўлиши шартлиги, жиноятчи тамғасини қўйиш ва жазо белгилаш фақат суд ваколати эканлигини англамайди;
* Ички ишлар тизимларида юз берган қатор воқеалар, жумладан, Каттақўрғонда аёлнинг ечинтирилиши ва таҳқирланиши милиция ходимларининг ўзи ҳам қонундан ташқари жазо қўллаши мумкинлигини кўрсатган бўлса, ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Акрамов ўз хизмат хонасида ўлдириб кетилиши фуқароларни ҳимоя қилувчи органнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолган, деган тасаввур пайдо қилди. Буларнинг ҳаммаси шошилинч қарор чиқарувчи кишилар онгида айнан самосуд зарурлиги ҳақида фикр уйғотган;
* Самосуд жараёнида кўп ҳолларда оломон вакиллари гумондорни бир қўрқитиб қўйишни, шу йўл билан жиноятдан қайтаришни ўйлайди. Лекин вазият ҳар онда издан чиқиб кетиши, кўпчилик отган биттадан тош ёки туширган бир донадан мушт бир инсоннинг ҳаётига якун ясаши мумкинлигини англаб етмайди;
* Замонавий гаджетларнинг ҳар онда хизматга шайлиги, қизиқарли туюлган ҳар қандай жараённи суратга олиб, видеолавҳаларни интернетга жойлаш ортидан қаҳрамонга айланиш истаги ҳам бор. Айрим самосудчилар ўз ҳаракатлари видеога олинаётганидан янада завқланадилар ва адолат курашчиси сифатида майдонга чиқаётганларидан ғурурланадилар. Аслида эса ўз жиноятларини рад этиб бўлмас далиллар билан муҳрлаб қўядилар, холос.
Самосуд уюштирганларга нисбатан жазо индивидуал аниқланади, яъни ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига алоҳида ҳуқуқий баҳо берилади.
Самосуд ҳолатлари бутун дунёда кузатилган ва ҳамон давом этиб келмоқда. Ҳозирга қадар ҳам Боливияда ўғрилар ва талончилар оломон олдида осилади, қатлни ижро қилганлар айтарли жазога тортилмайди. Кўпчилик уйлар олдида дорга осилган қўғирчоқ борлиги ўғриларга жазонинг муқаррарлигини эслатиб туради.
Лекин инсон ҳуқуқлари (жумладан айби суд томонидан тасдиқланган жиноятчилар ҳуқуқлари ҳам) устувор бўлган ҳар қандай давлат, хусусан, Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай самосуд ҳолатлари қаттиқ қораланади. Чунки, ҳар қандай айбдорга суд томонидан ва қонун доирасидагина жазо берилиши мумкин.
Аброр Зоҳидов
Муаллифнинг бошқа мақолалари:
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш