Мен коррупцияга қаршиманми? Асло!



 
  Расм манбаси : Global Risk Insights

Бугун коррупцияга қарши кураш кўлами шу қадар кенгайдики, кунора шов-шувли ҳибсларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Телевизор пора олган ўқитувчини кўрсатиб жар солади, интернет қўлга тушган ҳоким-у «замҳоким»ларни эълон қилиб бонг уради. Бу туришда амалдор тугаб кетади-ёв, деб ўйлаб қоламан баъзида.

Хўш, порахўрларнинг ҳаммасини қамаб ташласак, коррупцияга чек қўямизми?

Жамиятнинг оддий бир вакили сифатида ўз турмуш тарзим, одатларимдан келиб чиқиб бир саволга жавоб излаб кўрайчи. Шахсан мен коррупцияга қаршиманми? Менимча йўқ! Сўрашса ёмонлайвераман, интернетда кўзим тушиб қолса, қоралаб роса изоҳлар ёзаман, лекин асло қарши эмасман.

Оддий бир кун.

Эрталаб болаларим билан мактабга отланаман. Кўчадаги киракашларнинг 90 фоиздан ортиғи нолегал ишлашади. Менга эса фарқи йўқ, арзон бўлса бўлди, чиқиб кетавераман. Киракаш менга ноқонуний хизмат кўрсатиб пул ишлайди, кимдир уни текширса ёки кўчада «ГАИ» тўхтатса, ўша мендан олган пулларининг бир қисмини тиқиштириб қутулиб кетади. Бу билан ишим ҳам йўқ. Ростда, менга нима фарқи бор?!

Ишга бориб интернетни титкилайман. Самарқанд ҳокими 1 млн доллар, Юнусобод ҳокими 400 минг доллар пора олибди....

400 минг доллара... Йигирмата уй сотиб олиш мумкин. Янаям зўри – данғиллама ҳовли олсанг, машинасиниям қўшиб беришяпти ҳозир. 300 мингига олсам, қолган 100 минги яйраб еб ётишга бемалол етарди.

400 мингни қўйинг, 1 миллион-чи?! «Лимончик»ни сейфга босганига қараганда кўммаларидаям яна шунча бордир. Бунча пул билан хорижда, денгиз бўйида ҳашаматли вилла сотиб олса бўлади. Хаёл суриб кетаман. Ҳоким бўлсам, халқимга хизмат қилишни эмас, чўнтакни қаппайтиришни ўйлайман. Коррупция айби билан қўлга тушишдан қўрқиб ўтираманми? Имкон борида юлиб қолиш керак, мана бош мақсад!

Дўстимнинг машинасида йўлга тушамиз. Табиийки хавфсизлик камарини тақмаймиз. Камига, дўстим мумкин бўлмаган жойда шартта бурилади ва хавфли ҳаракат қилади. Қаёқдандир «ГАИ» пайдо бўлади. Аксига олиб дўстимнинг ҳужжатларида ҳам бир талай муаммо...

Чўнтакни ковлаб, топганимизни тиқиштирамиз. «Ҳеч кимнинг қоида бузишга ҳаққи йўқ!» дейди қатъий. «Фалончини танийсизми?» дея сўрайман бўш келмай. Фалончи акамнинг рақамини териб, дардимни айтаман. Ҳужжатларни қайтариб тутқазади. Одамгарчиликни унутмаганман. Умид билан, бола-чақа деб кўчада турибди. Бир кило гўштнинг пулини чўнтагига тиқаман.

Ахир ҳаммаси қонун доирасида ҳал қилинганида камида ярим миллионлик жарима, яна автомобиль «стоянка»га тиқиларди-да.

Яқин инсоним шифохонага тушади. Шифокор олдида тумонат одам. Яна ўша таниш-билишчилик, қистиришлар билан ишларни битираман. Шифокор диагноз қўяди ва бир талай дорилар ёзиб беради ва уларни қайси дорихонадан топиш мумкинлигини шипшитиб қўяди. Шу дориларнинг аксарияти анчагина қимматлиги, дорихона билан тил бириктириб сотилишини жуда яхши биламан. Бир пакет дорини шифокорга бераман ва чўнтагига ярим маошимни солиб қўяман. Мен учун яқинларимнинг соғлиги муҳим, пул эса топиладиган нарса!

Яқинда келиб кетган «светчи» бирпасда қайтиб келибди. Икковимиз азалдан танишмиз. Икки юз минг сўмлик айланишга улгурган «счетчик»ни «тузатиш»га уста бу йигит. Қўлига юз минг бераман, эллик мингига квитанция ёзади, қолгани ўзига. Юз минг сўм «эконом»!

Бозорга бораман. Ҳоким бўлмасам-да, менда ҳам доллар бор. Кўчадаги «валютчик»лар банкдан беш минг сўм кўпроқ беришяпти экан. Уёқ-буёққа қараб ҳалигини секин узатаман. Мен ишим битганига хурсандман, долларчи фойда олганига!

Солиқчи танишим билан кўришиб қоламиз. Бир ресторанга бошлайди. Роса яйраб, еб-ичамиз. Ресторан бошлиғи «Камчилик бўлмадими, акалар?» дея сўрайди. Ғурурланиб кетаман.

Булар менинг оддий кунимдаги оддий ҳолатлар. Судга, прокуратурага ва ундан катта ташкилотларга ишим тушса ҳам йўлини топаман. Кўз тегмасин, «одамгарчилик», «яхши муомала» ҳамма жойда бор. Ишлар битаверади-да!

Мен ҳарқалай шундайман. Қўлингизни кўксингизга қўйиб жавоб беринг-чи, сиз бошқачароқмисиз? Бу одатлар аксариятимизнинг қон-қонимизга сингиб кетган эмасми?!

Дунёни ўзгартиришни биз нимадан бошлашимизни ўйлаб кўриш фурсати етмадими?

Фақат маошга кун кечираётганлар, пора олмайдиганлар, ололмайдиганлар, касбига кўра пора берилмайдиганлар қандай рўзғор тебратишаётган экан? Мен каби уддабуронлар минг йўл билан иш битириб кетаётган бир пайтда, қонун доирасида ҳаракат қилсалар, қандай натижаларга эришяпти? Умуман уларнинг муаммолари ҳал бўлаяптими?

Э, ўйлаб нима қилдим, менга нима?..

Аброр Зоҳидов

Kun.uz

2018-10-31 21:09:55  |  2015 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация