«Аҳмадбой» иккинчи марта суд қилинмоқда



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Ўтган йилнинг февралида суд ҳукми билан 13 йилга “кесилган” Аҳмаджон Турсунов яна суд қилинмоқда. Бу сафар ҳам у қатор моддалар бўйича айбланган

Чинозлик Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан очилган жиноят ишининг яна бир қисми судга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар А.Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16 нафар) нисбатан (жиноят ишининг тергов билан якунланган қисми бўйича) очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Х.Шермухамедов раислигида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчилар А.Турсунбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Бугунга келиб 11 500 дан зиёд жабрланувчиларнинг 7 000 дан ортиғи сўроқ қилинди, 20 нафар гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Суд жараёни давом этмоқда.

Xabar.uz’нинг эслатишича, «Аҳмадбой» номи билан танилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан ўтган йилнинг 21 февралда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди тегишли ҳукм чиқарган эди. Унга кўра, Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганди. Унга, шунингдек, бир йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиб, энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилганди.

Бўлиб ўтаётган суд эса ушбу жазо охиргиси эмаслигини кўрсатади.

2019-04-04 21:53:46  |  2046 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация