Нотариал ҳаракатларнинг видеоқайдларида нималар акс этиши керак?
Аудио ва видео қайд этишга қўшимча талаблар ва файлларни сақлаш қоидалари белгиланди
Тўрт турдаги нотариал ҳаракат учун аудио ва видеоёзувларни қайд этиш, шунингдек бундай электрон файлларни сақлаш қоидалари белгиланди, деб ёзади Norma. Ҳужжат 2019 йил 2 апрелда 3113-1-сон билан Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган.
Қонунчиликка кўра, қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатларни аудио ва видеоёзувларга қайд этиш мажбурий саналади:
васиятномалар нотариал тартибда тасдиқланганда;
нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносидан ташқарида бажарилганда;
фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, уни унинг топшириғига кўра унинг ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаганда;
мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаганда.
Қабул қилинган ҳужжат билан аудио ва видеоёзувларни қайд этиш қоидалари белгиланди. Хусусан, нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, унинг мазмуни ва аҳамиятини овоз чиқариб тарафларга тушунтириб бериши керак. Ёзувда тарафлар ҳужжат матни билан тўлиқ танишганлиги, уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлашлари лозим. Шунингдек имзолаш ҳамда бармоқ изларини «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида (бундан кейин – Тизим) сканер қилиш жараёни қайд этилиши лозим.
Аудио ва видеоёзув файли Тизим томонидан берилган реестр рақами билан номланади. У электрон ахборот ташувчи жисмларда сақланади. Йил якунида аудио ва видеоёзувлар файллари нусхалари DVD дискларга ёзилади ҳамда нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида пакетларда сақланади.
Нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда DVD дискларда сақланаётган файллар текшириб кўрилган ҳолда янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга далолатнома асосида топширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 2 апрелдан кучга кирди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш