Фарғонада битта ошхонани икки кишига сотган ака-укалар фирибгарлиги учун 5 йилга қамалди



 
  Расм манбаси : Mir24.tv

Улар етказган 516 миллион сўм (65 минг доллари) зарар жабрланувчи А.Ибрагимов фойдасига солидар тартибда ундирилади

Фарғоналик ака-ука Раҳим ва Расул Мадиевлар фирибгарлиги учун суд ҳукмига кўра ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, улар томонидан етказилган 516 миллион 364 минг 550 сўм (65 минг АҚШ доллари) зарар жабрланувчи А.Ибрагимов фойдасига солидар тартибда ундириладиган бўлди.

ЎзА хабар беришича, ака-укалар бир неча кишидан олинган каттагина миқдордаги қарзни ҳалол йўл билан тўлай олишмагач, фирибгарликка қўл уришган. Яъни ўзларига тегишли ошхонани сотгандек кўриниб, кимнидир чув туширишни қасд қилишган.

Ака-ука шу ниятда ошхонага тез-тез келиб турадиган танишлари А.Ибрагимовга тузоқ қўйишади.

Раҳим Мадиев тадбиркорга ошхонани 80 минг АҚШ долларига сотмоқчилигини айтди. А.Ибрагимовни чўчитиб юбормаслик учун “самимиятини” кўрсатади, яъни уни ўзига “дўст” билиб, кимдан қанча қарзи борлигини ҳам очиқ айтади.

Сохта дўстининг гапига учган А.Ибрагимов унга ишонди. Раҳим Мадиевга 25 минг АҚШ долларга баҳоланган уйи, 15 минг АҚШ доллари бўлган “Nexia” автомашинаси, яна унинг қарзини узиши учун келишилган пулларни ҳам берди.

Ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ошхонани сотиб олган А.Ибрагимов ундан беш ой фойдалана олди, холос.

Режага кўра, Раҳимнинг укаси Расул даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Ҳоким қарори билан тасдиқланган ер ҳужжати акасига эмас унга тегишли экани, акаси ундан сўрамай ошхонани сотганини айтиб қайтариб олиб беришни сўради.

Ҳақиқий фирибгарлик кейин бошланди. Раҳим ҳам фуқаролик судида укаси Расулнинг сўзларини тасдиқлаб, ошхонани А.Ибрагимовга сотмасдан гаровга қўйганлиги, олди-сотди шартномасини гаров шартномаси, деб ўйлаб, ўқимасдан имзолагани ҳақида гувоҳлик берди. Сўнг 80 минг АҚШ долларига сотилган ошхона шартномаси суд орқали бекор қилинди.

А.Ибрагимов шундагина алданганини англади.

Воқеа ўрганилганда, “Фарғона мерос инвест” хусусий корхонаси таркибида фаолият юритган ошхонанинг эгалик ҳуқуқи Раҳим Мадиевда бўлган. Укаси эса унга бош ҳисобчи ҳисобланган. Ака-ука фирибгарлар ҳужжатни билинмайдиган шаклда қўлда ўзгартиришга муваффақ бўлган. Нотариусларга тақдим этилган ҳужжатлар текширилганда уларнинг сири фош бўлди.

Уларнинг тузоғига яна бир ишбилармон илинади. Биринчи суд қарори чиққач, ўзларига тегишли, деб топилган ушбу ошхонани Э.Ғофуровга 55 минг АҚШ доллари ва 11 миллион сўмга қайта сотиб юборади. Бу ҳам етмагандан, фирибгарлар ошхонани гаровга қўйиб банк муассасасидан жуда кўп миқдорда кредит маблағи ҳам олади.

– Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ёзёвон туман суди раиси Бекзод Ҳайдаров. – Ишбилармонлар учун яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиш ўрнига, фирибгарлик йўли билан бойлик орттиришни ният қилган ака-укаларнинг қинғир иши суд давомида тўла фош этилди. Бу жараёнда ишлаш ҳам осон бўлмади. Иш чигаллашган. Гувоҳлар тингланди. Ҳужжатлар ўрганилди. Улар ҳатто оила аъзоларини ҳам қинғир ишларига аралаштирган. Ҳаммасини эътиборга олиб ҳукм чиқардик. Суд ҳукми билан фирибгарларнинг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, улар томонидан етказилган 516 миллион 364 минг 550 сўм (65 минг АҚШ доллари) жабрланувчи А.Ибрагимов фойдасига солидар тартибда ундириладиган бўлди.

2019-01-19 19:43:09  |  2149 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация