«ХХХ agro» МЧЖ Қашқадарёдаги 699 фермерга уруғлик картошка етказиб бериш шартномасини бажармади



 
  Расм манбаси : mfin.com.ua

Ўтказиб берилган 6,6 млрд сўм маблағ талон-тарож қилинган, 296 гектар ерга картошка экилмасдан қолган

Жорий йилда Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Китоб туманларидаги 1231 та фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида картошка экишга қарор қилинган эди. Шу мақсадда Наманган вилоятидаги «ХХХ agro» МЧЖ билан ғалла ҳали пишиб улгурмай, 2018 йилнинг апрель ойида жами 11 млрд. 798 млн. сўмлик шартномалар имзоланган.

Талаб этиладиган 1567 тонна уруғлик картошка харид қилиш учун тижорат банклари фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар ажратгач, шартномага асосан 100 фоизлик олдиндан тўловни «ХХХ agro» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб беришган.

Шартномада кўрсатилган уруғлик картошка шу йилнинг 15 июнига қадар етказиб берилиши керак бўлса-да, «ХХХ agro» МЧЖ томонидан шу кунга қадар 699 та фермер хўжалигига 887 тонна – 6 млрд. 622 млн. сўмлик уруғлик картошка етказиб берилмасдан, шунча маблағ ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган. Оқибатда вилоятдаги 296 гектар ер майдонга картошка экилмасдан қолган.

Расмий тил билан айтганда, давлатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши соҳасидаги сиёсатига салбий таъсир кўрсатилиб, фермер хўжаликларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар ҳамда жиддий зиён етказилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Инспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан «ХХХ agro» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

2018-12-25 15:46:25  |  2745 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация