Қасдлашган улфатлар ёки уч ака-ука нега озодликдан маҳрум этилди?



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Суннатилло Олимов таниши Абдурашид Жўраевдан (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир қизнинг телефон рақамини сўраганида, у қиз фақат мен билан гаплашади, дея рад жавобини берди. Улфатининг бу гапи гўёки кўнглига оғир ботиб, А.Жўраевга нисбатан унда ғараз мақсад уйғонди. Икковлон шу воқеа сабаб бўлиб, тез-тез жанжаллашадиган бўлиб қолишди.

Бир куни улар телефон орқали даҳанаки жанжаллашиб туришганида яна бир улфатлари Феруз Саломов бунга гувоҳ бўлди. «Бу жанжалга нуқта қўйиш керак, муносабатларингизга ойдинлик киритиб олинглар», деб маслаҳат берди. Орадан бироз вақт ўтгач эса, бир-бирига таъна тошлари отиб юрган улфатлар миллий таомлар ошхонасига таклиф қилинди.

Жанжал қилишни мақсад қилиб ошхонага отланган Суннатилло муштумзўрлик қилишда устасифаранг танишлари Миршод Атавуллаев ва Умиджон Юсуповлар билан бирга айтилган манзилга етиб келди. Ақл тарк этиб бутун вужудини жаҳл эгаллаб олган С.Олимов муштумзўр таниши М.Атавуллаев билан аввалига Ф.Саломов ҳамда А.Жўраевни турли сўзлар билан ҳақоратлади ва натижада муштлашув бошланиб кетди.

Укаси Миршоднинг ким биландир жанжаллашгани ҳақи­да эшитган ака Жасур Атавуллаев воқеа жойига етиб келиб, бўлаётган тўполон камдек, унинг янада аланга олиб кетишига сабабчи бўлди. Шу куни уларнинг ўртасига тушган яхши одамлар икки томонни ажратиб қўйишди.

Ф.Саломов эртасига Атавуллаевларнинг энг каттаси Жаҳонгирнинг олдига бориб, бу масалага ойдинлик киритиб олмоқчи бўлди. Шу жараёнда Ф.Саломов ҳам ўзидан кетади. У Ж.Атавуллаевга укаларини йиғиб келишини, бир кун аввал бўлган жанжалга ойдинлик киритиб олишини айтади. Бу суҳбат гўё ярашув билан тугагандек  бўлди.  Аммо орадан бир неча кун ўтиб, Фируз Саломов ва унинг акаси Фирдавс Саломов маҳаллада жойлашган спорт майдончасида Жаҳонгир Атавуллаев маҳалладошлари билан футбол ўйнаётганини кўриб қолишади, эски жанжални эслашиб, ундан қасд олмоқчи бўлишади. Жанжални укаси қилган бўлса-да, Жаҳонгир Атавуллаев ака-ука томонидан калтакланиб, тан жароҳати олади.

Ушбу воқеа рўй бергач, шу куни ака-ука Жаҳонгир, Жасур ва Миршод Атавуллаевлар ҳамда уларнинг шериги У.Юсупов ва бошида жанжалнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган С.Олимов ака-ука Фирдавс ва Фируз Саломовлардан ўч олиш, уларни қасддан ўлдириш мақсадида ошхона пичоқлари ва ёғоч таёқ билан қуролланиб оладилар.

Улар кечқурун 23.00 ларда Фирдавс ва Фирузнинг уйига келишади. Чақиришганида уйдан унинг отаси Раҳмат Саломов чиқиб келиб, уларнинг ниятини билгач, кетишларини талаб қилади. Шу вақтда У.Юсупов қасд олиш учун Раҳмат Саломовнинг кўкрак соҳасига пичоқ уради. Шовқин-суронни эшитиб, уйидан чиққан Фируз Саломовни ҳам ўта шафқатсизларча уриб, оғир тан жароҳати етказишади. Фирдавс укаси Фирузга жиноий тажовуз бўлаётганлигини кўриб, жанжалга аралашганида, У.Юсупов унинг курагига пичоқ уради.

Жанжални эшитиб, уйдан чиқиб келган Саломовларнинг аёллари қўшниларни ёрдамга чақиргандан сўнг жиноий гуруҳ воқеа жойидан яширинади.

Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан Фируз ва Фирдавс Саломовлар ҳаёти сақлаб қолинди. Жанжалга алоқаси бўлмаган Раҳмат Саломов эса олган тан жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Суд ҳукмига кўра, Жаҳонгир, Миршод, Жасур Атавуллаевлар ва уларни жиноятга бошлаган Сунатилло Олимов ҳамда Умид Юсуповлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Анвар УРМАНОВ,

Бухоро вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

(“Ҳуқуқ” газетасидан олинди).

2018-09-28 15:58:45  |  2435 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация