Бухорода «самосуд»: икки аёл ҳамжинсини чўлга олиб чиқиб, таҳқирлаган ва воқеани видеога олган
ИИБ “самосуд”ни ташкил қилганликда ва лавҳани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатганликда гумонланаётган шахсларни қўлга олиб, жиноий иш очди
Жорий йилнинг 17 март куни Telegram мессенжеридаги айрим канал ва гуруҳларда Бухоронинг чўл ҳудудидаги «самосуд» тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Видеолавҳада бухоролик аёл бошқа икки аёл томонидан чўл ҳудудида мажбуран ечинтирилиб, уриб-дўппосланган ва «самосуд» қилинган.
Бухоро ИИБнинг «Дарё»га маълум қилишича, асосий гумондор сифатида Ш.Б. ва М.Ш. исмли аёллар қўлга олинган. Таҳқирланган аёл Л.Ч. уларга таниш бўлиб, унинг “самосуд” қилиниши ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда содир этилган.
Айтилишича, аёллар Л.Ч.ни мажбурий равишда чўл ҳудудига олиб чиқишган. Унинг эгнидаги устки ва ички кийимларини мажбуран ечинтириб, яланғоч ҳолга келтиришган. Икки аёл томонидан уриб-дўппосланиб, ҳақорат қилинган жабрланувчи бир неча маротаба кечирим сўрашига қарамасдан, тиз чўккан ҳолда яна такрор кечирим сўрашга мажбур қилинган ва ҳолат уяли алоқа воситаси ёрдамида видеотасвирга туширилган. «Самосуд» видеолавҳаси Telegram мессенжеридаги канал ва гуруҳларда тарқатилган.
Вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан Ҳалим Камолов маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. “Самосуд”ни ташкил қилганлар билан бирга, ушбу аянчли видеолавҳани турли ижтимоий тармоқларга тарқатган Telegram-каналлар ва гуруҳларнинг администраторларига нисбатан ҳам вилоят ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш