Фермерни урган Олот тумани ҳокими жавобгарликдан қутулиб қоладими?
Вилоят ҳокими шахсан аралашиб, томонларни яраштириб қўйди: жабрланувчи ва зўравон қучоқлашиб суратларга тушишди. Шу билан иш “ёпди-ёпди”ми?
Бир неча кун олдин сайтимизда Бухоро вилояти, Олот туманида «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматов йиғилишда, 200 дан ортиқ фермер ва маҳаллий раҳбарлар кўз ўнгида туман ҳокими Шерали Саломов томонидан дўппослангани ва ушбу воқеа бўйича «Xabar.uz» нашри суриштирувини эълон қилган эдик.
Олот тумани ҳокими “умум манфаати учун” фермерни дўппослади
Қисқача тафсилот қуйидагича: комбайн ва тракторлар харид қилиш учун “эл қатори” пул беришни хоҳламаганидан дарҳазаб ҳоким фермерни қаттиқ ҳақорат қилган ва бир неча марта урган. Ерини тортиб олиш билан таҳдид қилиб, унга тоза тўлов қоғозларига қўл ва имзо қўйдириб олган ва кейинчалик, «Шуҳрат» фермер хўжалигининг банкдаги 25 млн сўм маблағини тегишли ҳисобларга ўтказдирган.
Фермер Ориф Дурматовга қоқ ярим тунда ҳокимлик биносидан чиқишга рухсат беришган. Уни ўғли дастлаб вилоят касалхонасига элтган, у ердан тез ёрдам машинасида РТТЁИМнинг вилоят филиалига олиб борилиб, “Бош-энса соҳаси ва ўнг кўз атрофида юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси билан ётқизилган.
Олот тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаев бу ҳолат бўйича прокуратура иш қўзғаганини айтган эди.
Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. 15 январь куни кечқурун Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz ва Xabar.uz нашрлари орқали вилоят раҳбари Ўктам Барноев ушбу ҳолат юзасидан Олот тумани фаоллари билан учрашганини маълум қилди.
“Кескин танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими Шерали Саломовнинг тумандаги «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовга нисбатан қилган хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралади. Раҳбар шахснинг бундай қилиғи олиб борилаётган «халқни рози қилиш» сиёсатига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Шунингдек, бундай ҳолат вилоятдаги ҳар қандай раҳбарлар томонидан такрорланса, уларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди”, дейилган хабарда.
Вилоят ҳокими Ўктам Барноев “туман фаолларининг таклиф ва тавсияларига кўра, бўлган воқеадан Шерали Саломов афсусда эканлиги ва фермердан узр сўраганлигини инобатга олиб, иккала томонни яраштириб қўйгани” айтилган.
Вазият бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Агар прокуратура иш қўзғатгани рост бўлса, томонларнинг яраштирилиши уни тугатиш учун қонуний асос бўла оладими? Ахир қанча гувоҳлар, шифокорнинг расмий ташхиси бор. Қолаверса, ҳоким ўз қилмишидан тонгани ҳам йўқ, "бу ишни шахсий манфаатим учун қилмадим" деб рўй-рост айтиб турибди. Жабрланувчи даъвосидан кечган тақдирда ҳам, ЖПКга кўра, оммавий ахборот воситаларининг материаллари асосида жиноят ишини қўзғатиш ва давом эттириш мумкин. Яъни, бу ўринда қонун йўли билан Давлат даъвогарлик мақомида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини уриб-ҳақоратлаган Сирдарё вилояти, Сайҳунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев прокуратура қўзғатган иш асосида суд орқали МЖтКнинг 183-моддаси бўйича жаримага тортилган ва лавозимидан озод қилинган эди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш